Агар ташкилотда иш жойларини аттестациялаш ҳужжатлари сақланмаган бўлса, зарарли меҳнат шароитларида ишлайдиган ходимларга берилган имтиёзли пенсияга доир ҳуқуқни қандай тасдиқлаш лозим бўлади?
С.Қодирова,
«Ўзнавигация» КБ бошлиғи.
– Умумий қоидага кўра ходимларнинг айрим тоифалари учун белгиланган имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун махсус стажни (Пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1, 2, 3-рўйхатлари, ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган) тасдиқлаш мақсадида тасдиқланган шакл бўйича фақат ташкилотнинг аниқлаштирувчи маълумотномалари тақдим этилиши керак (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 70-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом).
Ариза берувчи пенсия тайинлаш учун тақдим этган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигига шубҳа туғилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими уларни текшириш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Айни шунда ташкилот ёки корхона берган ҳар бир маълумотнома ҳужжат билан, мазкур ҳолда қатъий ҳисобот ҳужжатлари ҳисобланадиган ва ташкилотда 50 йил мобайнида сақланиши керак бўлган иш жойларини аттестациялаш материаллари билан тасдиқланиши керак (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори 2-банди, Меҳнат вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациялаш услубиятининг 1.9, 4.1–4.3-бандлари).
Текшириш тасдиқловчи ҳужжатларни берган ташкилотда ёки архивда амалга оширилади. Текшириш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади, у текширувчининг ва ташкилот ёки архив мансабдор шахсининг имзоси, шунингдек ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади. Далолатноманинг бир нусхаси ташкилот ёки архивда, иккинчи нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимида қолади. Далолатномада тасдиқловчи ҳужжатларнинг ким томонидан берилганлиги ва текшириш вақтида ҳужжатларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумот мажбурий тартибда кўрсатилади. Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқарган ҳолларда, текшириш тамом бўлиш муддатидан қатъи назар, пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади (Низомнинг 11-банди).
Амалиётда ҳақиқатан ҳам иш жойларини аттестациялаш материаллари сақланмаслиги мумкин, зеро иш жойларини мажбурий аттестациялаш талаби 1994 йилда жорий этилган, бунгача эса қонунчилик ушбу таомилни аниқ тартибга солишни назарда тутмаган. Шу сабабли, деб ҳисоблайди айрим экспертлар, аввал амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарарли ва меҳнат шароити оғир ишларда ишлаган шахслар учун имтиёзли пенсия билан таъминланиш тартиби сақлаб қолиниши керак («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида» Олий Советнинг 3.09.1993 йилдаги 939-XII-сон қарори 4-банди).
Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган пенсия тайинлаш тўғрисидаги қарорга рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан ҳал этилади (Низомнинг 82-банди).
Пенсия жамғармаси тегишли бўлимининг хатти-ҳаракати устидан пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб 3 ой ичида бериладиган шикоятда барча асослар, шу жумладан юқорида келтирилган, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини исботлайдиган асослар ҳам кўрсатилиши мумкин (Фуқаролик процессуал кодексининг 269-моддаси, 30.08.1995 йилдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги 108-I-сон Қонуннинг 4-моддаси, Олий суд Пленумининг 19.07.1996 йилдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида» 18-сон қарори).
Бундан ташқари, кўрсатилган рўйхатларни қўллаш билан боғлиқ барча ноаниқ вазиятлар бўйича фуқаро ёки ташкилот Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига ҳамда Молия вазирлигига мурожаат қилишга ҳақлидир, улар Ёши бўйича имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини татбиқ қилиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар беришга мажбурлар (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори 3-банди).
Римма СОЛОДОВНИКОВА,
эксперт-юристимиз.
Таҳририятдан. Газетамизга ўқувчиларимиздан уларнинг иш стажини тасдиқлайдиган маълумотнома ёки бошқа ҳужжатларни олиш мумкин бўлмаётганлиги тўғрисида борган сари кўплаб хатлар келмоқда. Ташкилотлар ва корхоналарда архивлар ночор ҳолатда сақланади, хўжалик юритувчи субъектлар, айниқса кичик бизнесда, тугатилган ёки банкрот бўлган тақдирда ҳужжатлар давлат архивларига берилмайди.
Мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари доимо такомиллаштириб борилаётганлигини таъкидлаш лозим. «Архив иши тўғрисида»ги Қонунда (15.06.2010 йилдаги ЎРҚ-252-сон) унга риоя этмаслик учун жавобгарлик назарда тутилган, бироқ у узоқ вақт сақланадиган ҳужжатлар билан қонун-қоидаларга мувофиқ ишламаганлик, уларни давлат архивларига ўз вақтида топширмаганлик учун иш берувчилар, архивлар мутахассисларига нисбатан маъмурий ёки жиноий санкцияларни белгилайдиган махсус меъёрлар билан мустаҳкамланмаган.
Фикримизча, архив ишини лозим даражада юритмаганлик учун тегишли маъмурий жазо, бошқа шахсларнинг манфаатларига салмоқли зарар етказилганда жиноий жазони жорий этиш ижтимоий адолат ва қонунийлик қоидаларини амалга оширишга имкон беради. Зеро нафақат ижтимоий таъминотга ҳуқуқ олиниши, балки бошқа юридик далилларни белгилаш ҳам айни архив билан боғлиқдир.