USAIDнинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича лойиҳаси «Professiоnal Ravnaq» компанияси билан биргаликда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш: хом ашё, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни четдан олиб келиш масалалари» мавзусида давра суҳбатини ўтказди. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон бизнеси, давлат органлари ва халқаро ташкилотларининг элликдан ортиқ вакили иштирок этди. Улар Ўзбекистонда экспорт-импорт операциялари, толлинг операцияларини ҳуқуқий тартибга солиш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички рақобатбардошлигини ошириш, савдо алоқалари ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАР
ТИАИСВ юридик бошқармаси бошлиғи Алишер Каримовнинг тақдимоти Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги экспорт-импорт операцияларини ҳуқуқий тартибга солишга бағишланди. У давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат 31.10.1998 йилдаги Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома эканлигини таъкидлади. Шунингдек ташқи иқтисодий ҳамкорликни тартибга солувчи бир қатор Битимлар: МДҲ эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисида (15.04.1994 йилда); 1993 йилга савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида (4.01.1993 йилда); Эркин савдо тўғрисида (2.06.1997 йилда); даромадлар ва мол-мулкка икки ёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида (12.06.1996 йилда) ва бошқа битимлар имзоланди. 1997 йилдан бошлаб ЎзР билан ҚР ўртасида икки тарафлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия фаолият юритяпти, унинг сўнгги 12-мажлиси 2012 йил 29 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтди.
Мамлакатларимиз ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Эркин савдо тўғрисида битимга Эркин савдо режимидан йиғимлар тўғрисида баённома (20.03.2006 йилда) имзоланган.
Икки тарафлама савдо тўғрисида сўзларкан, А.Каримов Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари сирасига киришини таъкидлади. 2012 йил якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги товар обороти 2 751,8 млн долларни ташкил қилди, шу жумладан: экспорт – 1 677,2 млн доллар, импорт – 1 074,6 млн доллар.
Ўзбекистонда қозоқ капитали иштирокидаги 179 корхона, Қозоғистонда эса ЎзР резидентлари иштирокидаги 122 хўжалик юритувчи субъектлар фаолият юритяпти. ТИАИСВ ҳузурида Қозоғистоннинг 3 фирма ва компаниясининг ваколатхоналари аккредитация қилинган.
Маърузачи шунингдек товарлар экспортини рағбатлантириш ва мамлакатимизда ташқи савдо фаолиятини либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида сўзлаб берди.
БОЖХОНА МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Экспортни қўллаб-қувватлаш механизмларидан бири божхона имтиёзлари тизими, бож-тариф билан тартибга солиш бобида экспорт фаолиятининг у ёки бу жиҳатларига дахлдор бўлган масалаларни ҳал қилиш ҳисобланади. Улар ва божхона амалиётининг бошқа янгиликлари тўғрисида давра суҳбати иштирокчиларини ДБҚ божхона тарифларини тартибга солиш ва тўловлар ҳисобини юритиш бош бошқармасининг бош инспектори Сайёра Қаюмова хабардор қилди. Хусусан, бизда товарлар (ишлар, хизматлар) барча турларининг экспортидан божхона божлари, ҚҚС ва акциз солиғи ундирилмайди. Уларни ташиш, юклаш, юкдан тушириш ва қайта юклаш хизматларига ҳам ҚҚС солинмайди.
Президентнинг 24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон Фармони ва Президентнинг 25.08.2011 йилдаги ПҚ-1604-сон ва 29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон қарорлари билан товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви йиғимлари амалдагига қараганда ўртача 2 маротабага камайтирилди; 2013 йилнинг 1 апрелидан бошлаб импортчилар – тадбиркорлик субъектлари томонидан божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун экспорт юк божхона декларациясини мажбурий равишда тақдим этиш тартиби жорий этилди. Бугунги кунда ДБҚ Молия вазирлиги ва ТИАИСВ билан биргаликда Импортчилар олиб кирадиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисида низом лойиҳасини ишлаб чиқди, унда қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар фақат олиб кириладиган товарларнинг тасдиқланган қийматига берилиши назарда тутилган.
«Экспорт-импорт операцияларининг божхона расмийлаштируви» тақдимотининг бир қисми божхона амалиётига киритилган янгиликларнинг шарҳидан иборат бўлди.
2013 йил 20 мартда Адлия вазирлиги томонидан янги Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхати рўйхатдан ўтказилди (рўйхат рақами 2436). С.Қаюмова технологик жиҳозлар четдан олиб кирилганда импорт божхона божи ва ҚҚС бўйича имтиёзлар бериш тартибидаги ўзгартиришлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди.
Биринчидан, янги Рўйхатдан эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар чиқариб ташланди, чунки Вазирлар Маҳкамасининг 17.12.2012 йилдаги 843-ф-сон Фармойиши билан Хўжалик юритувчи субъектлар олиб кирадиган ва 2016 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод қилинадиган, ўрнатилган технологик жиҳозга эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар рўйхати тасдиқланган.
Иккинчидан, импорт божхона божи ва ҚҚС тўлаш бўйича имтиёзлар ТИФ ТН кодлари Рўйхатга киритилган янги технологик жиҳозларга берилади.
Учинчидан, эркин муомалага чиқариш божхона режимида расмийлаштирилаётганда олиб кириладиган жиҳознинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун ишлаб чиқарган заводнинг техник паспорти ёки унинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатни тақдим этиш етарлидир.
ТАҲЛИЛИЙ ЖИҲАТЛАР
«Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш» ННТ директори Юлий Юсуповнинг тақдимоти миллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички рақобатбардошлигини ошириш масалаларига бағишланди. 2002–2012 йилларда Ўзбекистондан товарлар ва хизматлар экспортининг ҳажмлари 4,4 баравар ўсди. Энг юқори ўсиш суръатларини мева-сабзавот маҳсулоти, табиий газ, қора металлар, туристик хизматлар, ўғитлар, енгил автомобиллар, электр машина ва ускуналари, тўқимачилик маҳсулоти намойиш этяпти.
Марказ директори тўқимачилик секторининг салоҳиятини таъкидлади. Қўшилган қийматнинг энг кўп ўсиши тайёр буюмларни тикиш ҳисобига тўғри келади, чунки трикотаж ва тикувчилик маҳсулотлари пахта толасидан кўп маротаба қиммат туради. Экспертнинг фикрича, пахта толаси ва ип калаванинг, яъни қўшилган қиймат улуши паст бўлган маҳсулотни экспорт қилишда жаҳонда етакчи бўлган (жаҳон бозорида сотувларнинг 10%идан кўпи унга тегишли) Ўзбекистон қимматроқ маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имкониятларидан етарлича фойдаланмаяпти. Қимматроқ маҳсулот билан ташқи бозорга чиқиш экспорт тушумларини жиддий тарзда кўпайтириши ва импортга қарамликни камайтириши мумкин. Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, нисбатан қисқа даврда тўқимачилик саноатини жиддий ривожлантиришга эришиш мумкин.
Ю.Юсупов импорт ва рақобатбардошликнинг алоқадорлиги масаласига эътибор қаратиб, хом ашё, бутловчи буюмлар, жиҳозларнинг эркин импорти мамлакатимиз маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлаш учун зарур шарт эканлигини қайд этди. У тадбиркорлар орасида ўтказилган сўровларнинг баъзи натижалари тўғрисида маълум қилди. Тадбиркорлар нотариф тўсиқлар сирасида: сўмни ЭАВга конвертациялаш; импорт контрактлари бўйича олдиндан тўлашга чекловлар; импорт бутловчи буюмларни, шу жумладан бутун дунёга маълум фирмаларнинг маҳсулотларини мажбурий сертификатлаштириш (ҳар бир янги туркум сертификатланади) ва бошқа масалаларни айтдилар.
Тақдимотни якунларкан, эксперт эътиборини экспортни изчил диверсификациялашнинг муҳимлигига қаратди, бу эришилган ютуқларни сақлаб қолиш имконини беради, бироқ шу билан бирга хом ашё товарлари ва маҳсулотларининг тор гуруҳини олиб чиқишга ҳаддан ташқари қарамликни бартараф этишга, барқарорликни ошириш ва ташқи савдо фаолиятининг очиқ-ошкоралигини оширишга имконият яратади. Муҳим афзалликларга эга бўлган мамлакатимиз учун айни шундай ёндашиш ғоятда самаралидир.
ТОЛЛИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ
Божхона брокерлари уюшмасининг маслаҳатчиси Холида Усмонова сўзини «толлинг» тушунчасини тушунтиришдан бошлади. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро муносабатлар тури толлинг деб аталиб, унда хом ашё эгаси уни қайта ишловчи корхонага бериб, тайёр маҳсулот натижаси тарзида олади ва қайта ишловчига қайта ишлаш бўйича сарф-харажатлари ва келишилган даромад фоизини тўлайди. Толлинг ТИФнинг, хусусан халқаро меҳнат тақсимоти жараёнида ҳамкорликнинг ғоятда самарали шаклидир. Толлинг чизмалари амалга оширилганда хом ашё бериш шартнома билан расмийлаштирилади, бунда унга ва тайёр маҳсулотга бўлган мулк ҳуқуқи хом ашё эгасида қолади. Қайта ишлаш чоғида қилинган сарф-харажатлар, шу жумладан қайта ишловчи фойдаланган ва сотиб олган материалларнинг қиймати унинг хизматлари нархига киритилади.
Х.Усмонова ушбу соҳадаги мамлакатимиз қонун ҳужжатлари тўғрисида маълум қилди, техник-иқтисодий асосларни расмийлаштириш, толлинг шартномасини тузиш, қайта ишлаш жараёнининг божхона расмийлаштируви, валюта тушумини мажбурий сотишни амалга ошириш тартибини батафсил тушунтирди.
У шунингдек иштирокчилар эътиборини қайта ишлаш божхона режимини қўллаётганда ҳисобга олиш лозим бўлган бир нечта муҳим жиҳатга қаратди.
Агар товарлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари биргина божхона органига тақдим этилса, товарларни қайта ишлаш тижорат тусига эга бўлмаса; ундан мақсад товарларни таъмирлаш бўлса; битта контракт бўйича қайта ишланаётган товарларнинг божхона қиймати ЭКИҲнинг 500 бараваридан ошмаса, техник-иқтисодий асосларни ТИАИСВ билан келишиш талаб қилинмайди.
Қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқим миқдори контракт билан белгиланади. Бунда божхона органлари божхона мақсадида унинг мажбурий миқдорини белгилашлари мумкин.
Толлингга чет эл товарлари билан бир қаторда норезидент – чет эллик юридик ёки жисмоний шахс – Ўзбекистон ҳудудида харид қилган мамлакатимиз товарлари ҳам жойлаштирилиши мумкин. Ушбу товарлар – қайта ишлаш хом ашёси, кейинчалик божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида декларацияланган ҳолда уларни республикадан олиб чиқмасдан экспорт режимида жойлаштирилади.
ЧЕТ ЭКСПОРТЧИСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ ҚАНДАЙ?
USAIDнинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича лойиҳаси мутахассиси Ойжон Бейсеева ўз тақдимотини Ўзбекистон ва Қозоғистондан товарлар экспорти учун шарт-шароитларни такомиллаштиришга бағишлади. У иштирокчиларга Қозоғистон Миллий иқтисодий палатаси мамлакатларимиз ўртасидаги савдони ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш бўйича қозоғистонлик экспортчилар орасида сўров ўтказганлиги тўғрисида сўзлаб берди. Улар сирасида Ўзбекистон орқали Афғонистонга транзит ўтадиган вагонларнинг божхонада тўлиқ кўрикдан ўтказилаётганлиги айтилди, ҳолбуки «Ғалаба» темир йўл божхона постида темир йўл вагонларини сканерлаш учун жиҳозлар мавжуд.
Шунингдек ҚР экспортчиларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказиш пунктларида киришнинг янги қоидалари ва чекловларини жорий этиш тўғрисида олдиндан ахборот берилмаслиги ташвишлантиради. Шу боис жорий йилнинг февралида Яллама (ЎзР) - Қўнисбоев (ҚР) ўтказиш пунктида экспорт юкни олиб ўтиш билан боғлиқ мушкулотлар юзага келган.
Сўровда қатнашганлар божхона қонунчилиги, божхона таомиллари ва уларнинг хусусиятлари, Ўзбекистон божхона постларида ўтказиш режими (кўрикдан ўтказиш, транзит декларацияларини расмийлаштириш, чегарада таомиллар муддатлари) тўғрисида очиқ ва ишончли ахборот манбаларининг етарли эмаслигига эътибор қаратдилар.
Транспорт муаммолари сирасида жойларда линия контейнерларини қайтармаслик ва ишлатиш ҳоллари, Андижон вилоятидаги Асака бекатида чет олувчилар ва жўнатувчилар учун товарларни жўнатиш/олиш имкониятининг йўқлиги ва бошқа тўсиқлар мавжудлиги айтилди. Шунингдек тўловлар ва ўзаро ҳисоб-китобларга тааллуқли муаммолар ҳам қайд этилди. Уларни ҳал этиш учун ҚР экспортчилари аккредитивлардан фойдаланишни таклиф қилишди.
О.Бейсеева Қозоғистон экспортчиларининг фикрини ифодалаб, товарлар экспорт-импорт чоғида бундай тўсиқларни бартараф этиш ва халқаро тўлов турларини кенгайтириш мамлакатларимиз ўртасидаги товар оборотини жиддий равишда ошириш имконини бериши мумкинлигини кўрсатди.
Дарвоқе, давра суҳбати тугаганидан кейин худди шундай сўров мамлакатимиз экспортчилари ўртасида ҳам ўтказилди. Уларга товарларни Қозоғистонга олиб кирганда, уларнинг божхона расмийлаштируви ва республикадаги тайинланган жойигача ташиш ёки унинг ҳудуди бўйлаб транзитда, ўзаро ҳисоб-китобларда ва (ёки) банк операцияларини ўтказишда ва ҳоказо ҳолларда қандай муаммоларга тўқнаш келганликларини кўрсатиш таклиф қилинди.
БОЖХОНА ИТТИФОҚИНИНГ БОЖХОНА КОДЕКСИ НУҚТАИ НАЗАРИДАН
«Атамекен» уюшмасининг (Миллий иқтисодий палата) Божхона иттифоқи ва РФ билан ягона иқтисодий макон масалалари департаменти директори Серик Мусаев Божхона иттифоқи – унинг ичида товарлар билан ўзаро савдода божхона божлари ва иқтисодий тусдаги чекловлар қўлланмайдиган ягона божхона ҳудуди доирасида божхона томонидан тартибга солиш тўғрисида гапириб берди. Тарафлар ягона бож тарифи ва учинчи мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон билан товарлар савдосини тартибга солишнинг бошқа ягона чораларини қўллайдилар.
Божхона иттифоқининг ягона божхона ҳудудида божхона маъмуриятчилигини ташкил этишнинг асосий қоидалари қуйидагилардир: ички божхона чегарасида божхона назорати ва расмийлаштирувининг мавжуд эмаслиги; божхона таомиллари (режимлари)нинг бир хилдалиги; ташқи савдо фаолияти субъектларининг божхона сарф-харажатларини минималлаштириш; уларни рўйхатдан ўтказиш ва текширишга ваколатли исталган божхона органига божхона декларациясини топшириш мумкинлиги.
Божхона иттифоқининг Божхона кодексидаги асосий янгиликлар тўғрисидаги ахборот қизиқарли бўлди. Булар – БИ иттифоқчиси бўлган давлатлардан келиб чиққан ёки БИнинг ягона божхона ҳудудида эркин муомалага чиқарилган товарларнинг божхона расмийлаштируви ва божхона назоратини бекор қилиш; махсус соддалаштиришлардан фойдаланиладиган «Божхона иттифоқининг ягона божхона ҳудуди», «божхона вакили», «ваколатли иқтисодий операторлар» институти, божхона тўловларини таъминлашнинг янги шакли – кафиллик шартномаси тушунчаларининг жорий этилиши; БИга иштирокчи мамлакатлардаги божхона иши соҳасида фаолиятни амалга оширадиган шахсларга доир ягона талаблар; БИнинг бутун ҳудудида транзитнинг ягона шартлари; божхонада декларациялаш учун ҳужжатлар сонини қисқартириш масалаларидир. Яна бир янгилик – божхона назорати чоғида товарлар ва уларга доир ҳужжатларни ушлаб қолиш тартибини белгилайдиган боб. Шунингдек божхона иши соҳасида фаолиятни лицензиялаш тўлиқ олиб ташланди.
Одатланилган атамалар ҳам ўзгарди. Божхона брокери энди божхона вакили, божхона режимлари – божхона таомиллари, таомиллар эса операциялар деб номланди, шу жумладан контейнерларни ўз ичига оладиган товарлар тоифаси эса оддийгина қилиб транспорт воситалари деб атала бошланди.
Улар олдиндан декларация қилинганда товарларни божхона органига тақдим этиш, божхона божларини тўлаш бўйича кечиктириш муддатлари, кечиктириш тақдим этиладиган ҳоллар рўйхати кўпайтирилди, вақтинча сақлаш муддати 4 ойга қадар узайтирилди.
Шу билан бир қаторда товарларни чиқариш муддатлари қисқартирилди (2 кун ўрнига 1 кун), товарларни чиқаришни узайтиришнинг энг юқори муддати (10 кунгача) ва унинг шартлари белгиланди.
Қозоғистонлик вакил махсус соддалаштиришлар назарда тутилган янги «ваколатли иқтисодий оператор» институти тўғрисида батафсил ҳикоя қилди.
Хулосада С.Мусаев Қозоғистоннинг божхона қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ўзининг мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Булар – божхона органларининг вазифасини қатъиян фискал ва ҳуқуқни муҳофаза қилишдан халқаро савдога ёрдам беришга ўзгартириш; божхона декларациясини топширишда ҳужжатлар сонини тўрттага қисқартириш (товарларга декларация, транспорт ҳужжатлари, ҳисобварақ-фактура (инвойс) ва ўров варағи); қарз божхона органларининг айби билан ҳосил бўлганда пеня ҳисобланмаслиги ва ТИФ иштирокчиларини маъмурий жавобгарликка жалб этмаслик. Шунингдек у ҚР божхона қонунчилигида «тадбиркорнинг айбсизлик презумпцияси» қоидасини, шунингдек ундаги барча бартараф этилмайдиган иккиланишлар, зиддиятлар ва тушунмовчиликлар ТИФ иштирокчиси фойдасига талқин қилинишини назарда тутадиган меъёрни мустаҳкамлаш зарур деб ҳисоблайди.
ФИКРЛАР ЯКДИЛЛИГИ
Учрашувда иштирок этган иккала мамлакат бизнеси вакиллари ўтказилган тадбирнинг муҳимлигини қайд этиб, давлат органлари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларига улар экспорт фаолиятини амалга ошираётганда тўқнаш келадиган бир қатор муаммоларни кўрсатдилар.
USAIDнинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича лойиҳасининг раҳбари Виктор Продедович якун чиқараркан, ушбу учрашув иккала мамлакат бизнесменларига янги билимлар олиш, уларни қизиқтираётган саволларга жавоб топиш ва амалий муносабатларни ўрнатиш имконини берди деб таъкидлади.
Давра суҳбати якунида тадбиркорлар Ўзбекистондан Қозоғистонга ва Қозоғистондан Ўзбекистонга маҳсулот етказиб бериш бўйича бир нечта келишув баённомаларини имзоладилар. Кейинги учрашувни Қозоғистонда шу йилнинг ёзида ўтказиш истаги билдирилди.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.
Муаллиф олган
фотосуратлар.