Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 16 / Криминалист хотиралари

Карнайчидан бир пуф кетди

Ёши улуғроқ кишилар яхши эслашади: ўтган асрнинг 90-йилларида кўпчилик тирикчилик умидида ҳар нарсага уриниб кўрди. Баъзилар шаҳарма-шаҳар, мамлакатма-мамлакат қатнаб, нарса олиб келиб сотди. Виждонини тамоман йўқотган шундай одамлар ҳам бўлдики, улар қабристонлардаги металл четанларни ҳам қўпориб олиб келиб, темир-терсакка топширдилар.

Аммо бунақа майда-чуйдаларни ўзига эп билмайдиган олғирлар ҳам топилиб қолди. Бутун-бутун темир йўл вагонлари ва цистерналарни темир-терсак учун топшириш мумкин бўлган бир паллада металл четанлар нима бўпти? Ўша йиллари темир-терсакка топшириш билан боғлиқ иш бўйича экспертиза ўтказишимизга тўғри келган эди. Ўшанда таназзулга юз тутаёзган йирик корхоналардан бирида бир гуруҳ олғирлар яқин-яқинларгача ишлатиб келинган вагонлар, темирйўл платформалари ва цистерналарни эски, хизмат муддатини ўтаб бўлган қилиб кўрсатишга уринганди. Агар режаси амалга ошса, улар бу вагон, платформа ва цистерналарни темир-терсакка топшириб, мўмайгина пул ишлаб оларди.

Вагонлар ва цистерналардан фойдаланиш муддати 50 йилнинг нари-берисида. Муддатини ўтаб бўлмаганларини эса, табиийки, темир-терсакка топшириб бўлмайди.

Ҳар бир вагонда, цистернада ва платформада тартиб рақами ва ишлаб чиқарилган санаси бўёқ билан кўрсатилган бўлади. Фирибгарлар ана шу ёзувларининг устидан бўёқ тортиб, жуда эски вагонларнинг чиқарилган санасини, ўша вагонларнинг тартиб рақамини қайд этиб қўйганлар. Бу ёзувларга қараганда, улар аллақачон ярим асрлик хизматини ўтаб бўлган бўлиб чиқади.

Тергов идорасига заводдаги ана шу фирибгарлик, кўзбўямачилик ҳақида ахборот тушгач, даставвал ҳужжатлар текшириб кўрилди. Ҳужжатларга қараганда, ҳаммаси рисоладагидек: тартиб рақамлари вагонда қайд этилган унинг ишлаб чиқарилган санасига мос. Бироқ терговчи ҳисобдан чиқарилиб темир-терсак учун топширишга тайёрлаб қўйилган вагонлар, цистерналар ва платформаларни кўздан кечиргач, криминалистик экспертиза тайинлаш учун асослар борлигига ишонч ҳосил қилди. Гап шундаки, улардаги тамғалар 50 йил бурун ёзилганга ўхшамас, анча янги кўринарди. Гумон қилинувчилар эски ёзувлар ўчиб кетгани учун уларни янгилашган дейишди. Хуллас, вагонлар, цистерналар ва платформаларнинг тартиб рақами ҳамда чиқарилган санаси ўзгартирилган-ўзгартирилмаганлигини, бўялган-бўялмаганлигини экспертлик йўли билан текшириб кўриш керак эди.

Ана шу масалаларни ҳал этиш учун трассологик экспертиза ва суд-кимё экспертизаси тайинланди. Тўрт аёл – икки нафар трассолог эксперт ва икки нафар суд кимёгарига 30 дан ортиқ объектни текширишга топширишди.

Ўшанда июль ойининг охирлари эди. Текшириладиган объектлар чеккароқдаги, ўт-ўланлар босган ялангликдаги шохобчада турарди. Бу ялангликда иккитагина кичик дарахтни айтмаса, соя жойнинг ўзи йўқ эди. Ана шундай шароитда 30 дан ортиқ вагон, цистерна ва платформани яхшилаб текшириш керак эди. Уларнинг ҳар бирида ёзувларни синчиклаб ўрганиш, ўлчаш, суратга туширилиб олгач, бўёғини кетказиб бошқа ёзув бор-йўқлигини текшириш зарур эди. Кимёгар экспертлар турли жойлардан бўёқ парчаларини кўчириб олишарди, баъзи жойларда металл чиққунча бўёқни қиртишлаб кўчиришга тўғри келар эди. Бу йўсин текширув асносида бир неча бор танаффус қилиб, қуриб қолаёзган дарахтлар соясида озгина бўлса ҳам ором олишарди. Қизиб ётган вагон ва цистерналардаги узлуксиз текширув асносида лоҳас бўлиш, ҳатто қуёш уриши ҳеч гап эмас эди.

Бу сермашаққат ишимиз бесамар бўлмади. Биз, трассологлар барча вагонлар, цистерналар ва платформалардаги тартиб рақами ва ишлаб чиқарилган сана ёзувлари ўзгартирилганлигини аниқладик ва фотосуратларга туширдик. Айни вақтда уларнинг дастлабки тартиб рақами ва санасини тиклашга ҳам муваффақ бўлдик. Кимёгарлар қайта бўялганлик фактини тасдиқладилар.

Бундан ташқари, рўйхатдан чиқариб темир-терсакка топшириш учун мўлжал қилинмаган бир нечта вагон ва цистерналарни намуна сифатида кўздан кечирдик. Рўйхатдан чиқарилиб, темир-терсакка топширишга тахт қилиб қўйилган вагонлар, цистерналар ва платформалардан бўёғи қиртишлаб олинган металл парчалари зангламаган, яхши сақланган эди. Айни бир вақтда гўё улардан 20-30 йил кейинроқ тайёрланган намуналарда биз текшириб кўрган вагонлардагига нисбатан металл парчаларини анча-мунча занг босган, ишлатиш асносида бўёқлари қисман едирилган, баъзи жойларида бўёқ қатлами қолмаган ҳам эди.

Хуллас, рўйхатдан чиқарилиб, темир-терсакка топширишга унча эски бўлмаган вагонлар, цистерналар ва платформалар тайёрлаб қўйилганлиги эксперт текшируви йўли билан аниқланди. Улар турли йилларда тайёрланган бўлса-да, ишлатилганига кўп бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси корхона амалда ишламаётган пайтда келган бўлса керак. Шундай нарса бекор ётибди дея баҳонада бир нарсалик бўлиш илинжидаги, нафси ҳакалак отган одамлар ҳаракатга туша қолган...

Экспертизамиз буларни темир-терсакка топшириб бўлмайди, улар фойдаланишга яроқли деб қатъий хулоса чиқариш имконини берди.

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги

ҳузуридаги Республика суд экспертизаси

марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2176 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика