ЎзРТХБ ЭЛЕКТРОН САВДОЛАРГА АЛОҲИДА МАЙДОНЧА ТАҚДИМ ЭТАДИ
Президентнинг «Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида»ги қарори (5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон) билан 2013 йилнинг 1 майидан бошлаб устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари учун айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) бир шартнома бўйича эквиваленти 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида харид қилиш тартиби жорий этилди. Бундай товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати махсус тузилган Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.
Бундай тартиб жорий этилган субъектлар товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчини аниқлаш санасидан камида 15 календарь кунидан аввал бўлажак харидлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек шартнома (контракт)лар тузилган кундан бошлаб уч кун ичида буюртмаларни жойлаштириш натижалари тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг махсус ахборот порталида ва «Биржа» газетасида жойлаштиради. ЎзРТХБ махсус ахборот порталида ушбу ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлайди.
Қарор билан ушбу субъектларнинг электрон харидлари бўйича махсус ҳукумат комиссиясини ташкил этиш вазифаси топширилди.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ЎзРТХБ билан биргаликда 2013 йилнинг 1 майигача:
«он-лайн» режимида электрон корпоратив харидларни амалга ошириш учун алоҳида савдо майдончаси тўла-тўкис фаолият юритишини таъминлаши;
манфаатдор субъектлар эътиборига, ташкил этилган савдо майдончасидаги электрон савдоларда иштирок этиш қоидаларини, жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали, маълумот учун етказиши шарт.
Президентнинг 7.02.2011 йилдаги ПҚ-1475-сон қарорига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, ЎзРТХБнинг давлат харидлари бўйича биржа савдоси қатнашчиларидан ундириладиган комиссион йиғим миқдори ҳар икки тарафдан битим суммасининг 0,05 фоизидан ошмаслиги лозим, етказиб берувчиларнинг закалат миқдори эса Давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Товар-хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (31.05.2004 йилдаги 251-сон) киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» ОАЖнинг Кузатув кенгашига мустақил равишда биржанинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш ва ходимлар сонини белгилаш ҳуқуқи берилди.
ДИРЕКЦИЯНИНГ ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИГА АНИҚЛИК КИРИТИЛДИ
Президентнинг 8.04.2013 йилдаги ПҚ-1949-сон қарори билан Президентнинг «Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (1.12.2009 йилдаги ПҚ-1236-сон) қўшимча киритилди.
Хусусан, ТИАИСВ ҳузуридаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекциясининг асосий вазифаларига ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркаларини ҳамда уларнинг доирасида – мамлакатимизда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари ярмаркаларини ўтказишни ташкиллаштириш вазифаси қўшилди.
***
Вазирлар Маҳкамасининг 8.04.2013 йилдаги
100-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди.
Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги низомда (ВМнинг 21.11.2000 йилдаги 456-сон қарори билан тасдиқланган) етказиб берувчилар (ижрочилар, пудратчилар) билан контрактлар тендер (танлов) ўтказмасдан тузилиши мумкин бўлган ҳолатлар рўйхатига яна бир банд – Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, шунингдек ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркалари доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материаллар, шу жумладан мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини харид қилиш қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 28.12.2009 йилдаги 335-сон қарори билан тасдиқланган) Дирекциянинг вазифалари рўйхатига Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркалари доирасида истеъмол қилишга мўлжалланган маҳсулотларни етказиб бериш юзасидан тузилган шартномаларни рўйхатдан ўтказиш вазифаси қўшилди.
ҲАМ НАҚД, ҲАМ НАҚД ПУЛСИЗ ШАКЛДА...
Вазирлар Маҳкамасининг 10.04.2013 йилдаги 102-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Авиаташиш хизматларини амалга оширишни тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (1.08.2011 йилдаги 224-сон) қўшимчалар киритилди. Қўшимчалар билан авиачипталар ҳақини чет эл валютасининг нақд ва нақд пулсиз шаклида тўлаш мумкин, дея аниқлик киритилди.
Шунингдек:
чет эл авиакомпанияларининг Ўзбекистон банкларида очилган ўз ваколатхоналари (доимий муассасалари)нинг чет эл валютасидаги ҳисобрақамларидан самолётларга авиация керосини қуйиш хизматлари кўрсатиш ва ерда хизмат кўрсатишга доир тузилган экспорт шартномаларига мувофиқ ўзаро ҳисоб-китоб қилишига;
Ўзбекистонга парвоз қилишга рухсатномалари бўлган чет эл авиакомпаниялари билан Ўзбекистон резидентлари ўртасида Ўзбекистон Республикасида мунтазам парвоз қилмайдиган чет эл авиакомпаниялари самолётларига авиация керосини қуйиш хизматлари кўрсатганлик ва ерда хизмат кўрсатганлик учун нақд чет эл валютасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб, кейинчалик Ўзбекистон резидентлари валюта тушумининг бир қисмини белгиланган тартибда мажбурий равишда сотишига рухсат берилди.
ДАВЛАТ РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИНИНГ МОЛ-МУЛКИ АНИҚ БЕЛГИЛАНДИ
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органларини жойлаштириш тўғрисида»ги қарори (11.04.2013 йилдаги 104-сон) билан Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари фаолиятини самарали ташкиллаштириш мақсадида улар жойлаштирилиши керак бўлган бинолар ва ин-шоотлар рўйхати тасдиқланди.
Қарор билан Давлат монополиядан чиқариш қўмитаси ёки Давлат мулки қўмитаси ҳудудий тузилмалари жойлашган 6 та мажмуани бошқа давлат органларига тезкор бошқарув учун бепул бериш ҳам назарда тутилган. Масалан, Хоразм вилояти бўйича Давлат мулки қўмитасининг Урганчдаги собиқ бошқармасида Хоразм тарихи ва маданияти музейи жойлашади.
ВАСИЙ – МАСЪУЛ ШАХС
Марказий банк бошқарувининг қарори (АВ томонидан 9.04.2013 йилда 570-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Банклар устидан васийлик қилиш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Чунончи, Тижорат банклари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти – банк бўйича хулоса тайёрловчи ва васийликни белгилаш масаласини Марказий банк бошқаруви кўриб чиқиши учун олиб чиқувчи орган Кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти этиб ўзгартирилди.
Банк васийи этиб тайинланадиган шахс Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари ҳамда микрокредит ташкилотлари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларга нисбатан малака талаблари қўйиш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 14.11.2006 йилда 1641-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган малака талабларига мувофиқ келиши керак. Илгари у Банкларни рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом (25.09.1998 йилда 22-сон билан тасдиқланган) билан банк бошқаруви раиси учун белгиланган мезонларга мувофиқ келиши керак эди.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ акциядор, қарз олувчи, кредитор ёки банкка дахлдор шахсдан ташқари, шунингдек Банклар ва уларга дахлдор шахслар билан ўтказиладиган операциялар тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 2.12.1998 йилда 556-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган таърифга кўра, эндиликда уларнинг яқин қариндошларини ҳам васий этиб тайинлаб бўлмайди.
КОНТРАКТНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ УЧУН 5 ТА АСОС
Марказий банк бошқаруви, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 9.04.2013 йилда 1514-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Импорт шартномаларини ҳисобга қўйиш ва улар тўловини хўжалик субъектларининг ўз валюта маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга, уни Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни либераллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (30.12.2012 йилдаги 379-сон) мувофиқлаштириш мақсадида, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга битта импортчи корхона битта хорижий ҳамкор билан тузган, импортчи корхонанинг ўз маблағлари ҳисобига ҳақи тўланган икки ва ундан ортиқ импорт контрактлари доирасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш имконини берувчи меъёр киритилди.
Ваколатли банкда импорт контрактларини ҳисобдан чиқариш учун асослар рўйхатига қуйидагича тузатиш киритилди:
1) импортчининг мурожаати асосида:
дебиторлик ва кредиторлик қарзи бўлмаганда;
фуқаролик қонунчилигига мувофиқ даъво қилиш муддати ўтган кредиторлик қарзи корхона даромадига ҳисобдан чиқарилганда;
контрактлар бўйича ишлар қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра бошқа ваколатли банкларга ўтказилганда;
2) банкда контракт ҳисобга қўйилган санадан бошлаб бир йил ўтганда, агар ушбу муддат давомида тўлов амалга оширилмаган ва товар (иш, хизмат) импорт қилинмаган бўлса;
3) импортчи корхона тугатилганда.
ГАЗГА ОИД МАХСУС УСТАМА ҲАҚИ УЧУН ТАРТИБ
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 12.04.2013 йилда 2451-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Махсус инвестиция устама ҳақини «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг махсус счётига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Махсус инвестиция устама ҳақи – миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тасдиқланадиган, табиий газ етказиб берувчи томонидан автомобиль газ тўлдиргич компрессор станцияларига сотиладиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига қўйиладиган устама.
Унинг суммаси Низомда белгиланган формулага кўра аниқланиб, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда табиий газ етказиб берувчининг солиқ солинадиган базасига киритилмайди; Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботда кўрсатилмайди; «Ўзбекнефтгаз» МХК ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар учун мақсадли тушум ҳисобланади ва солиққа тортилмайди; автомобиль газ тўлдиргич компрессор станциялари томонидан табиий газ етказиб берувчидан қабул қилинган табиий газ ҳажмлари учун тўланади.
Автомобиль газ тўлдиргич компрессор станциялари барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўрнатилган тартибда тўлайдилар. Бунда, ягона солиқ тўлови тушумдан транспорт воситалари учун сиқилган газни ишлатганлик учун олинадиган солиқни чегирган ҳолда тўланади. Улар махсус инвестиция устама ҳақи суммаларини табиий газ етказиб берувчининг махсус счётига ўтказиб берилишини етказиб бериш шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширади.
Шунингдек Низомда махсус инвестиция устама ҳақидан фойдаланиш тартиби белгиланган.
Тақдим этилган ҳужжатларга
қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.