Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 16 / Бизнинг лойиҳалар

Бевосита мулоқот

«Меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш амалиёти» семинарининг 4 апрелда бўлиб ўтган охирги машғулотини «Norma» газеталари бирлашган таҳририяти катта экспертлари Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ ва Римма СОЛОДОВНИКОВАЛАР олиб боришди.

«Norma» компанияси ўтказадиган ҳар бир семинар – ноёб. Зеро унинг мазмунини иштирокчиларнинг ўзлари шакллантириб, ташкилотчиларга жавоб олишни хоҳлайдиган саволларни олдиндан юборадилар. Шу ернинг ўзида улар ўз вазиятларини ҳамкасблари ва экспертлар билан муҳокама қилишлари мумкин.

Бу гал семинар иштирокчилари – кадр хизматлари мутахассислари бир қатор ғоятда долзарб масалаларга ойдинлик киритдилар.

Ўриндошлик бўйича қанча жойда ишлаш мумкин?

 

– Илгари ўриндошлик бўйича ишга қабул қилаётганда ўриндошнинг зиммасига юкланадиган мажбуриятларни бажариш имкониятидан келиб чиқиларди. Вазирлар Маҳкамасининг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори иш вақтини бош мезон деб белгилади. Қарор билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомга кўра ходим ўзининг асосий ишидан бўш вақтида ўриндошлик бўйича ишни, меҳнат шартномаси шартларида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаради. Меҳнат кодексининг (МК) 123-моддасида иш кунининг энг кўп муддати – суткада 12 соатдан ошмайди деб белгиланган. Ана шу вақт оралиғида ходим қанча ишни бажара олишини ўзингиз ҳисобланг. Масалан, 8 соат – асосий иш, 4 соат ўриндошлик бўйича ишга қолади. Бундан ташқари, ўриндошни ишга қабул қилганда ундан албатта асосий иш жойидан маълумотнома талаб қилинг.

Ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (кўрсатилган Низомнинг 7-банди). Меҳнатга ҳақ ишланган вақтга нисбатан мутаносиб тарзда, ишбай шаклда эса – амалда бажарилган иш учун тўланади.

Ўриндошлик бўйича ишлаш пенсия миқдори ва меҳнат стажига таъсир қиладими?

– Ўриндошлик бўйича иш асосий иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади. Шу сабабли у умумий меҳнат стажида акс этмайди, чунки унда иш вақтининг жами ҳисоби эмас, балки ходим ишлаган календарь давр ҳисобга олинади. Бироқ ўриндошлик ишидан олинган даромадлар пенсияни кўпайтириш тарзида унинг миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобида меҳнат фаолияти натижасида олинган барча даромадлар ҳисобга олинади, бунда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш талабига албатта риоя этилиши керак (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (бундан кейин – Давлат пенсияси тўғрисида низом), Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисида низом1).

Бироқ шундай бўлса-да, бундай даромадларнинг энг юқори чегараси аввалгидек ЭКИҲнинг 8 баравари доирасида қолади, ундан ўртача ойлик иш ҳақининг 55%и ҳисоб-китоб учун олинади (пенсиянинг базавий миқдори), бироқ у расмий тарзда белгиланган энг кам иш ҳақининг 100%идан кам бўлмаслиги керак. Тегишли стаждан ошадиган ҳар бир йил учун пенсиянинг таянч миқдори 1%га оширилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун2 26, 27, 31-моддалари; Президентнинг 17.09.2007 йилдаги ПФ-3921-сон Фармони 1-банди).

 

Болани парваришлаш таътилида бўлган ходим 2 йил ўтишини кутмасдан ишга чиқмоқчи. Шу муносабат билан у болага нафақа олиш ҳуқуқини йўқотади. Аёл зарурат бўлганда бир оз вақтдан кейин яна шундай таътилга чиқиши ва нафақа олиши мумкинми?

– Боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилида бўлган аёл исталган вақтда ишга чиқиши мумкин. Агар у тўлиқсиз иш кунида ва (ёки) тўлиқсиз иш ҳафтасида банд бўлса, унинг болани парваришлаш нафақаси олиш ҳуқуқи сақланади (МКнинг 234-моддаси). Агар у тўлиқ иш кунига чиқса, ҳақиқатан ҳам бундай имкониятни йўқотади. Бироқ исталган вақтда бола 2 ёшга тўлгунга қадар, башарти тўлиқсиз иш кунига чиқса ёки болани парваришлаш учун тўлақонли таътил олса, ўзининг нафақа олиш ҳуқуқини тиклаши мумкин.

Ходимни бошқа лавозимга ўтказиш қандай расмийлаштирилади? Агар у ўтишга рози бўлмаса, нима қилиш керак? Бошқа лавозимга ўтказилган ходим билан янги меҳнат шартномаси тузиш шартми?

–            МКнинг 92-моддасига кўра бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада тегишли иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин. Ходим бошқа лавозимга ўтишга рози бўлса, у билан янги меҳнат шартномаси тузиш шарт эмас. Қўшимча битим тузиб, унда янги лавозим, маош (агар у ўзгарса), меҳнат шартларини кўрсатиш етарли.

 

 

Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра ходимнинг ёзма розилиги билан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Унинг умумий миқдори ходимга тегишли сумманинг 50%ида ошиши мумкин эмас. Ҳозирги вақтда кўп ходимларга болаларни ўқитиш, товарлар хариди ёки ипотека кредитини сўндириш учун қарз берилади. Қарзларини тезроқ сўндириш учун кўпчилик ўз иш ҳақининг катта қисми ҳар ойда ушлаб қолинишидан манфаатдор. Баъзан айниқса ипотека кредитини сўндиришга ўтказилган суммани қоплашда бутун иш ҳақини ушлашни сўрашади. Ходимнинг аризасига кўра 50%дан ортиқ суммани ушлаб қолиш мумкинми?

–        МКнинг 164-моддасида мажбурий ушлаб қолиш ҳисобланган даромадларнинг 50%идан ошмаслигини белгилайди. Бироқ иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига асосан унинг иш ҳақи 100%ини ҳам ушлашга ҳақли, чунки ходимнинг ўзи ана шундай қарорга келган бўлади.

 

1Низомлар ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган.

23.09.1993 йилдаги 938-XII-сон.

 

Экспертларнинг семинардаги жавобларини мухбиримиз Ольга КИРЬЯКОВА ёзиб олди.

Прочитано: 2365 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика