Ўтган йили квартирамга сув тошириб етказилган зарарни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси берган эдим. Суд бир неча ойдан бери чўзилиб келяпти, унинг қачон тугаши ҳам номаълум. Таниш юристимнинг айтишича, фуқаролик судида ишларни кўриб чиқиш муддатлари қонун билан чекланмаган. Шу сабабли улар ойлар, баъзан эса йиллар мобайнида кўрилади. Наҳотки шундай бўлса?
Ольга.
– Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК) 131-моддасининг иккинчи қисмига кўра алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлиш ёки соғлиққа бош-қача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ишлар ҳамда меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича қўзғатилган ишлар, башарти тарафлар бир туман ёки шаҳарда жойлашган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай, бошқа ҳолларда эса, 20 кундан кечиктирмай кўрилиши лозим. Қолган фуқаролик ишлари бир ойдан кечиктирмай кўрилиши лозим.
Агар аризачи томонидан битта аризада ёки суд томонидан битта иш юритувда бир қанча талаблар бирлаштирилган ҳамда судда кўришга тайёрлаш ва кўриш юзасидан турлича муддатлар белгиланган бўлса, фуқаролик иши судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирилмай кўрилиши лозим1.
Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ариза қабул қилинган кундан бошлаб 10 кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши лозим. Бу муддат алоҳида ҳолларда ўта мураккаб ишлар бўйича судьянинг асослантирилган ажримига биноан кечиктирилиб, 20 кунга етказилиши мумкин, ФПК 131-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ишлар бундан мустасно.
Шу тариқа, сизнинг даъвоингиз бўйича иш уни суд муҳокамасига тайёрлаш тугаган кундан бошлаб 1 ой мобайнида кўрилиши керак.
Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, квартирага сув тошириш туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги ишлар бўйича судлар суднинг қурилиш-техник, баъзан эса суд-товаршунослик экспертизасини ҳам ўтказишни тайинлайдилар. Бундай ҳолда улар иш юритувни тўхтатишга ҳақлилар.
Шунингдек тарафларнинг бири ҳар доим ҳам суд мажлисларига келишга имкон топмайдиган ҳоллар (масалан, касаллиги ёки бошқа шаҳарга хизмат сафарига кетганлиги туфайли) учраб туради. ФПКнинг 93-моддасига биноан эса суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимоси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қу-йидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:
1) тараф Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибида муддатли ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган бўлса ёки мазкур шахслар давлатнинг бирорта мажбуриятини бажариш учун жалб қилинган бўлса;
2) тараф даволаш муассасасида бўлса, шунингдек тарафлардан бирида судга келишга тўсқинлик қиладиган, тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланган касаллик мавжуд бўлса;
3) алимент ундириш, майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаблар бўйича ҳақиқатда бўлиш жойи номаълум бўлган ҳолларда жавобгар қидирилаётган бўлса;
4) тараф узоқ муддатли хизмат сафарида бўлса ёки бошқа узрли сабабга кўра йўқ бўлса;
5) суд томонидан экспертиза тайинланган бўлса.
Бундан ташқари, ФПКнинг 92-моддасида кўрсатилган ҳолларда суд иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:
1) агар ишда тараф бўлган фуқаро вафот этиб, низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса ёки ишда тараф бўлган юридик шахс қайта ташкил этилса;
2) фуқаро (тараф) муомала лаёқатини йўқотса;
3) жавобгар Қуролли Кучларнинг ҳаракатдаги қисмида бўлса ёки Қуролли Кучларнинг ҳаракатдаги қисмида бўлган даъвогар илтимос қилса;
4) фуқаровий, жиноий ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ҳал қилинмасдан олдин кўришнинг имкони бўлмаса.
Шуни билиш лозимки, бундай ҳолларда ишни кўриш муддати иш юритув тўхтатилган пайтдан эмас, балки бунинг учун асос бўлган ҳолатлар юзага келган пайтдан бошлаб тўхтатилади. Чунончи, агар жавобгар 10-санада касал бўлиб қолса, суд эса буни 20-санада билса, ишни кўриш жавобгар касал бўлган кундан бошлаб тўхтатилади.
Иш юритув ишдаги иштирокчиларнинг аризаси ёки суднинг ташаббусига кўра, уни тўхтатишни юзага келтирган ҳоллар йўқолгандан кейин тикланади.
Иш юритув тикланганда суд ишдаги иштирок этувчи шахсларни умумий асосларда чақиради.
Олий суд Пленумининг «Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ва уларни кўриш муддатлари тўғрисида»ги қарорида (24.09.1999 йилдаги 18-сон) кўрсатилишича, фуқаролик ишларини кўришнинг процессуал муддатларига оғишмай риоя этишлик одил судловни амалга оширишда қонунчиликни мустаҳкамлашга, суд иш юритуви иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган энг муҳим омиллардан биридир.
1Олий суд Пленумининг 19.12.2003 йилдаги «Фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари айрим нормаларининг Судлар томонидан қўлланилиши ҳақида» 19-сон қарори 10-банди.
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.