Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 12 / Биз яшайдиган уй

Ҳисоблагични ўчиринг ва муаммони ҳал этинг

Газетангиз газни ҳисоблаш асбобларини техник кўздан кечириш (текшириш) муаммолари ва у билан боғлиқ ҳолда газ таъминотчиларининг истеъмолчиларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида кўп маротаба ёзган эди («Норма маслаҳатчи», 15.11.2011 йилдаги 46 (331)-сон – «Газ ҳисоблагич аппаратлари текшириладиган фурсат келди», 16.10.2012 йилдаги 41 (378)-сон) – «3 миллион сўм тўлашингиз керак. Акс ҳолда газни узамиз» материали, шунингдек газ истеъмолини ҳисобга олиш асбобларини текширтириш тўғрисида газетанинг 15.11.2011 йилдаги 46 (331)-сонида батафсил берилган). Хусусан, сўз шартномаларнинг йўқлиги ёки уларда газ асбобини текширтиришнинг зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириш шартининг йўқлиги тўғрисида борган эди. Ушбу жиҳат ҳам аҳамиятга эга. Бироқ муаммонинг моҳияти, демак унинг ечими ҳам истеъмолчи билан газ таъминотчиси ўртасидаги намунавий шартномада ушбу масала етарлича аниқ тартибга солинмаганликда кўринади.

«Метрология тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ маиший газ ҳисоблагичлари учун текширтиришлар ўртасидаги муддат 4 йилда 1 мартани ташкил қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 28.03.2002 йилдаги 99-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра текшириб кўриш муддати ўтган приборлар носоз ҳисобланади ва фойдаланишга қўйилмайди (10-банд).

Шуни таъкидлаш лозимки, Қонун талаби сўзма-сўз шартноманинг «Истеъмолчининг мажбуриятлари» бўлимига киритилган. Бироқ газ таъминотчилари Низомнинг 10-бандидан келиб чиқадиган ўз мажбуриятларининг бирортасини унга киритмаганлар. Натижада газ ҳисоблагичларини текширтириш бўйича мажбуриятларнинг дисбаланси юзага келган. Айтишларича, янги шартномага истеъмолчини текширтириш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш банди киритилибди, бироқ бу етарли эмас.

Биз, қонунга итоат қилувчи фуқаролар (истеъмолчилар), қонунчилик талабларини бажаришга – газ ҳисоблагичларини 4 йилда 1 марта текширтиришга тайёрмиз. Бироқ ушбу талабни бажариш учун, Низомга кўра, текширтириш муддати ўтган (ёки носоз) газ асбоблари даставвал ўз вақтида демонтаж қилиниши, газ таъминотчиси – корхона мутахассислари томонидан фойдаланишга киритилмаслиги керак.

Шу сабабли шартномага қуйидаги мажбурият¬ни киритиш зарур: газ истеъмолчилари томонидан «Метрология тўғрисида»ги Қонун талаби ўз вақтида бажарилиши учун газ таъминотчиси носоз (текшириб кўриш муддати ўтган) газ ҳисоблагичларини ўз вақтида демонтаж қилиш (фойдаланишга қўймаслиги) шарт.

Бу – Қонун талабини бажаришда бирламчи мажбурият. Агар у шартномага киритилса, газ ҳисоблагичларини текширтириш бўйича барча муаммолар тўлалигича ҳал бўлади. Биз, истеъмолчилар, бу муаммолар Трансгаз ва Тошкентшаҳаргаз томонидан Низом 10-бандининг талаблари эътиборга олинмаганлигидан келиб чиққан деб ҳисоблаймиз.

Умид қиламизки, газетангиздаги кўп сонли истеъмолчилар номидан тайёрланган ушбу материалга ваколатли ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари эътибор берадилар ва газ истеъмолини ҳисоблайдиган асбобларни текширтириш тартиби ва у билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларимизни ҳисобга оладилар.

Д.СОИПОВ,

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги

«Шофайзибоғ» маҳалла қўмитасининг раиси.

 

ШАРТЛАРНИ ФАҚАТ БИР ТОМОН БЕЛГИЛАМАСИН

Фикримизча, газни ҳисоблаш асбобларини текширтиришларни тартибга солиш учун аввало Тошшаҳаргаз ва унинг филиаллари якка тартибдаги истеъмолчилар билан шартномалар тузиш бўйича бошлаган ишни охирига етказиш зарур. Гап фақат бундай шартнома ҳар бир квартира ва уй эгасининг қўлида бўлишидагина эмас, истеъмолчиларнинг жуда кўплиги туфайли бу мушкул иш. Муҳими, шартнома қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиб, тенг равишда таъминотчининг ҳам, истеъмолчининг ҳам манфаатларига жавоб берсин.

Газетхонлар бошлаб берган мунозара газ ҳисоблагичларини текширтиришни ўз вақтида ўтказиш бўйича меъёрий талабларни самарали бажаришни таъминлаш механизми бўйича муносабатларни тартибга солишни жиддий аниқлаштиришларнинг зарурлигини белгилади. Шу нуқтаи назардан қараганда табиий газ таъминотчиси билан фойдаланувчи ўртасидаги шартномада қуйидаги талабларни аниқ акс эттириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Биринчидан. Газ ҳисоблагични штатга кўра 4 йилда 1 марта текширтиришни ўтказишни1 нафақат ушбу энергоресурс истеъмолчиси, балки унинг таъминотчиси учун ҳам мажбуриятга айлантириш. Ушбу мажбуриятнинг ижроси таъминотчи томонидан газни ҳисоблаш асбобларидан фойдаланиш муддатлари мониторингини ўтказиш, ушбу муддатлар тугаши тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириш, ушбу асбобларни демонтаж қилиш (олиб ташлаш) ва мазкур жараённи тегишли далолатнома билан расмийлаштириш ҳамда текширтирилган ҳисоблагични ўрнатиш, зарур ҳолларда эса – уни алмаштириш йўли билан таъминланиши мумкин. Бундай механизм текширтириш бўйича мажбуриятни бир ёқлама тарзда истеъмолчига юклашни истисно этади. У фақат текширтиришга ҳақ тўлаши ва ваколатли шахсларнинг ҳисоблаш асбобини кўздан кечиришга имкон яратиши керак.

Иккинчидан. Истеъмол қилинадиган газни ҳисобга олиш ҳисоблагичи фойдаланувчининг мулки ҳисобланади. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига кўра, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Худди шундай талаб Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 172-моддасида, «Ўзбекистон   Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонун (31.10.1990 йилдаги 152-XII-сон) 1-моддасида белгиланган. Шу боис фойдаланувчи газни ҳисоблаш асбобларидаги қонунчилик талабларига, шу жумладан метрологик талабларга мувофиқ фойдаланиши шарт. Таъминотчи эса ўз навбатида истеъмолчининг мазкур мажбуриятини бажариши, яъни фойдаланишнинг 4 йиллик муддати тугаган пайтда газ ҳисоблагични фойдаланувчи билан олдиндан келишилган кунда уни метрологик назорат қилиш учун газ ҳисоблагични олиб қўйиши керак.

Учинчидан. Ушбу мажбуриятларни бажармаслик, ўз вақтида бажармаслик айбдор тарафнинг жавобгар бўлишига олиб келиши керак. Шарт¬номада эса масалани ҳал қилишда ҳар бир тараф мажбуриятлари аниқ белгиланиши лозим. Бунда уларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик учун муддати ўтган ҳар бир кун учун пеня тарзида жавобгарликни белгилаш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, асбобни текшириш муддати ўтганда газ истеъмоли учун молиявий жавобгарлик уни қасддан шикастлаш ёки ҳисоблагични ўз вақтида алмаштиришга тўсқинлик қилиш ҳолидагина мумкин.

Тўртинчидан. Газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш, уларни квартираларда ва якка тартибдаги уйларда ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг2 (бундан кейин – 99-сон Низом) 10-бандига мувофиқ текшириб кўриш муддати ўтган приборлар носоз ҳисобланади ва фойдаланишга қўйилмайди. Бундан ташқари, 99-сон Низом 42-бандининг биринчи хатбошисида белгиланишича, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари ва газни ҳисобга олиш приборларига техник хизмат кўрсатувчи бошқа ихтисослашган ташкилотлар 3 кун муддатда таъмирлашлари ёки, таъмирлаш мумкин бўлмаган тақдирда, носоз приборни Ўзбекистон Республикаси учун сертификатланган соз приборга алмаштириши шарт. Айни шу сабабли газ таъминотчиси 99-сон Низомни бажариш учун текшириш муддати ўтган газ ҳисоблагичларни ўз вақтида демонтаж қилиши ва улардан фойдаланишга йўл қўймаслиги шарт. Таъминотчининг бундай мажбурияти табиий газни чакана истеъмолчиларга етказиб беришлари тўғрисидаги шартномада ўз аксини топиши керак.

Ҳисоблаш асбобининг стандарт талабларига номувофиқлиги аниқланганда тўловни ҳисоблаб чиқариш масаласи мазкур масаланинг муҳим жиҳати ҳисобланади. 99-сон Низом 42-бандининг иккинчи хатбошисига кўра истеъмолчи газни ҳисобга олиш прибори носозлиги тўғрисидаги ариза билан газ етказиб берувчига мурожаат қилган вақтдан бошлаб унинг тўлиқ тикланишигача бўлган даврда газ қийматини олдинги йилдаги ўртача мавсумий газ истеъмолидан келиб чиқиб тўлайди. ФК 5-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ФК 2-моддасининг биринчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида3 назарда тутилган муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги). Шу туфайли газни ҳисоблаш асбоби носоз бўлганда, агар таъминотчи у қасддан қилинган ҳаракатлар (асбобни шикастлаш) натижасида юзага келганлигини исботламаса, фойдаланилган газ учун тўловларни ҳисоблаб чиқишда ФК

5-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ 99-Низом 42-бандининг иккинчи хатбошиси қўлланиши керак. Шу муносабат билан шартномага шундай қоидани киритиш мақсадга мувофиқ бўладики, унга кўра мутахассислар томонидан газни ҳисоблаш асбоби носоз деб топилган пайтдан бошлаб уни тўлиқ тиклаш ва ўрнатишга қадар газ истеъмоли учун тўлов аввалги йил учун истеъмол қилинган газнинг ўртача суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Шу муносабат билан барча томонидан мазкур қоидалар бир хилда қўлланиши учун амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиши керак.

 

1Ушбу регламент «Ўзстандарт» агентлиги тасдиқлайдиган, мажбурий давлат текширувидан ўтказиладиган ўлчов воситалари гуруҳларининг номенклатура рўйхатида назарда тутилган (28.12.1993 йилдаги «Метрология тўғрисида»ги 1004-XII-сон Қонуннинг 17-моддаси).

2ВМнинг 28.03.2002 йилдаги 99-сон қарори билан тасдиқланган.

3Фуқаролик қонун ҳужжатлари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади (ФК 2-моддасининг биринчи қисми).

Шахсий номулкий муносабатлар ва мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий муносабатлар, агар қонунларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки бу муносабатларнинг моҳиятидан ўзгача ҳол англашилмаса, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади (ФК 2-моддасининг тўртинчи қисми).

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларга жавоб берадиган оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш муносабатларига нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари бу муносабатлар махсус қонунлар билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади (ФК 2-моддасининг бешинчи қисми).

ТАҲРИРИЯТДАН. Худди шундай ўзгартиришларни нафақат газ, балки бошқа энергоресурслар – электр, иссиқ ва совуқ сув истеъмолини белгилайдиган қонун ҳужжатларига ҳам киритиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифати учун таъминотчининг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

Таҳририят фаол фуқаролик позицияси учун Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги «Шофайзибоғ» фуқаролар йиғинига (раиси Д.З.Соипов) чин дилдан миннатдорчилик билдиради ва газетхонлар ҳамда таҳририятнинг бир ерга жамланган фикри кўпчиликнинг эътиборини тортади ва иш манфаатларига хизмат қилади деб умид билдиради.

 

Сайёра ҲАКИМОВА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2718 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика