Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 10 / Аудитор хабарномаси

Аудитни якунлаётганда уни директорнинг хати билан тўлдиринг

Халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилаётган бизнинг аудиторлик фаолияти миллий стандартларимиз (АФМС) бугунги кунда уч гуруҳга бўлинган: умумий стандартлар, иш стандартлари ва ҳисобот стандартлари. Халқаро аудит стандартларини (ХАС) ҳам, миллий аудит стандартларини ҳам ишлаб чиқиш давом этяпти. Айни пайтда дунёда 35 ХАС, Ўзбекистонда эса 21 АФМС амал қилмоқда.

Бугун Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси томонидан 580-сон ХАС «Ёзма тақдимномалар» асосида ишлаб чиқилган 58-сон АФМС «Хўжалик юритувчи субъект раҳбариятининг ёзма тақдимномаси» лойиҳасига тўхталиб ўтмоқчимиз. Зеро унинг қўлланиши аудиторларимизга аудит ўтказилаётган корхона раҳбариятидан аудиторлик исботининг ноёб қўшимча турини олиш имкониятини беради.

 

Шуни таъкидлаш лозимки, раҳбариятнинг тақдимнома хати текширув жараёнида олиш лозим бўлган бошқа аудиторлик исботларининг ўрнини боса олмайди. Тақдимнома бирламчи ҳужжатлар, ҳисоб регистрлари, молиявий ҳисобот, директорлар кенгаши мажлисларининг баённомалари, буйруқлар, фармонлар, шунингдек тушунтиришлар, изоҳлашлар, ҳисоб-китоблар ва бошқа ҳужжатларнинг нусхаларига қўшимча ҳисобланади. Аудитор барча зарур режалаштирилган исботларни олиши шарт. Мисол учун, маҳсулот таннархининг тўғрилиги ва ишончлилигининг далиллари, активлар, молиявий натижалар баҳоларини у бевосита текширув жараёнида, корхона раҳбарияти уларнинг ўрнига тақдимнома хат таклиф этиши мумкинлигига қарамай, олиши керак. У аудитор раҳбариятнинг тақдимномаси ўрнига далилларнинг бошқа турларини олишни мўлжалласа-да, бироқ улардан фойдаланиш имконини беришмаган тақдирда ҳам далил сифатида баҳоланмайди. Ушбу ҳолат аудит миқёсини чеклаш деб талқин қилинади.

Шундай экан, мижоз раҳбариятининг тақдимнома хатининг ўзи нима, аудитор нима учун уни олиши керак?

580-сон ХАСга кўра тақдимнома хат стандарт шаклга эга эмас, у ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг ўзига хос жиҳатларига боғлиқ. Бироқ айни вақтда унда қуйидаги масалалар акс эттирилиши керак.

Хатда аввало мижоз амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ молиявий ҳисоботнинг ишончли тарзда тақдим этилиши учун ўзининг жавобгарлигини эътироф этишини акс эттириш зарур. Ушбу банд жуда муҳим, аҳамиятга эга, чунки кўп раҳбарлар молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги учун улар жавобгарлиги қайд этиладиган аудиторлик текшируви шартномасини имзоласалар-да, аудитдан кейин жавобгарлик тўлалигича аудиторнинг зиммасига юкланади деб ҳисоблайдилар.

Мижознинг раҳбарияти ўзида мавжуд бўлган, текширув давридаги барча бирламчи ҳисоб бухгалтерия ҳужжатлари, шартномалар, акциядорлар йиғилишлари ва директорлар кенгаши мажлисларининг баённомаларини тақдим этганлигининг эътирофи тақдимнома хатнинг кейинги бандида қайд этилиши керак. Ушбу банд ҳам жуда муҳим, чунки мамлакатимиздаги аудиторлик амалиётида, афсуски, мижоз аудиторга компанияда мавжуд бўлган барча ҳужжатларни, масалан, шартномаларни кўрсатмаган ҳоллар учраб туради. Бироқ уларни кейинчалик бошқа текширувчи органларга тақдим этади. Натижада молиявий натижаларни аниқлаш, солиқларни ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек аудиторлик хулосаси шаклини танлашда хатолар келиб чиқади.

Ушбу шартномалар текширув учун тақдим этилмаганлигини исботлаш учун аудитор барча текширилган ҳужжатлар рўйхатини тузиши лозим. Агар аудиторлик текшируви ва аудиторлик хулосаси берилганидан кейин аудиторлик текширувига тақдим этилмаган ҳужжатлар аниқланса, аудит миқёсини чеклаш чоғида йўл қўйилган молиявий ҳисоботдаги жиддий бузилишлар учун мижознинг раҳбарияти жавобгар бўлади.

Шу сабабли бундай вазиятнинг олдини олиш учун аудит охирида мижоз раҳбарияти тақдимнома хатни ёзиш чоғида текширув учун тақдим этилган барча ҳужжатлар рўйхатини таҳлил қилади. Ҳозирги вақтда мижозлар бунга етарлича эътибор бермаяптилар.

Қуйидаги маълумотлар молиявий ҳисоботнинг ишончлилигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин:

1) ўзаро боғланган тарафларнинг борлиги;

2) ўзаро боғланган тарафлар билан операциялар бўйича ҳисобварақлар сальдоси;

3) таъминот сифатида қўйилган активлар;

4) мулк ҳуқуқининг барча активларга ҳам мавжуд эмаслиги;

5) учинчи тарафга берилган кафолатлар;

6) амалдаги ва шартли мажбуриятлар;

7) ҳисобот санасида мавжуд бўлган эътирозлар ёки суд даъволари;

8) ҳисобот санасидан кейин, бироқ аудиторлик ҳисоботи тақдим этилган санага қадар юз берган воқеалар;

9)         энг кам таннарх ёки реализациянинг соф қиймати бўйича ТМЗ ҳисоби;

10)       мижоз баланс қийматини ёки молиявий ҳисоботда акс эттирилган активлар ва мажбуриятлар классификациясини жиддий тарзда ўзгартириши мумкин бўлган режалар ёки ниятларга эга ёки эга эмаслиги;

11)       мижоз бирор-бир маҳсулот ишлаб чиқаришни тугатишни режалаштирмаяптими, эскирган ТМЗларнинг кўпайиб кетиши ёки юзага келишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган бошқа режалар ёхуд ниятларга эга ёки эга эмаслиги;

12)       мижоз яқин келажакда ўз фаолиятини амалга оширишни режалаштиряптими.

Дастлабки тўққиз банд бўйича ахборотни аудитор корхонада мавжуд бўлган ҳужжатлардан олиши мумкин. Бироқ, агар унга гаров шартномалари ёки кафолат мажбуриятлари тақдим этилмаган бўлса, бу мижоз ҳар доим ҳам гаровга қўйилган мол-мулк ёки берилган кафолат мажбуриятларига эга эмаслигини билдиравермайди. Шу сабабли далил сифатида аудитор мижоздан ушбу масалалар бўйича ишларнинг амалдаги ҳолати очиб бериладиган тақдимнома хат олиши шарт.

10–12-бандларда кўрсатилган ахборотнинг бирдан-бир далили эса фақат мижознинг тақдимнома хати бўлиши мумкин. Зеро уни аудитор фақат субъект раҳбариятидан олиши мумкин.

Аудиторлик ташкилоти учун раҳбариятнинг тақдимнома хатини аудиторлик хулосаси тақдим этилгунига қадар хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари (директори, директорлар кенгаши раиси ёки мижоз компания бошқарувчиси) имзолайди.

Шу тариқа, 58-сон АФМС «Хўжалик юритувчи субъект раҳбариятининг ёзма тақдимномаси»нинг қабул қилиниши объектив аудиторлик хулосасини тузиш учун жуда зарур бўлган далилни текширишни якунлаш чоғида олиш учун асос бўлиб қолади. Бундан ташқари, у Ўзбекистонда аудиторлик фаолиятини ривожланган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда қабул қилинганидек бошқариш имконини беради.

Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси Кенгашининг раиси.

 

Таҳририятдан. Бугунги кунда 58-сон АФМС лойиҳаси Молия вазирлиги кўриб чиқиши учун киритиш босқичида турибди. Шундай бўлса-да, баъзи аудиторлик ташкилотлари ҳозирданоқ мижоздан хўжалик юритувчи субъект раҳбариятининг ёзма тақдимномасини олиш амалиётини қўллаяптилар. Фикримизча, уларнинг тажрибаси бошқа ҳамкасбларимиз учун ҳам фойдали бўлади. Уни жорий этиш учун биз тақдимнома хат намунасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

«АБС» МЧЖ ДИРЕКТОРИНИНГ ТАҚДИМНОМА ХАТИ

Аудитор_____________________га                                                                                                          Сана__________________

Мазкур тақдимнома хат сиз ўтказаётган АВС компаниясининг 20__йил 31 декабрида тугаган йил учун молиявий ҳисоботининг аудити муносабати билан, молиявий ҳисобот ишончли, молиявий ҳисоботнинг халқаро (миллий) стандартларига мувофиқ барча муҳим жиҳатлари (адолатли ва ишончли хулоса чиқаришга имкон берадиган) билан тақдим этилганлиги тўғрисида фикрни ифодалаш мақсадида юбориляпти.

Биз молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлашга нисбатан ______даги аудит бўйича битим (шартнома) шартларида баён этилган ўз мажбуриятларимизни бажардик. Хусусан, молиявий ҳисобот кўрсатилган стандартларга мувофиқ ишончли тақдим этилган (ёки адолатли ва ишончли хулоса чиқаришга имкон беради).

Биз ҳисоб-китобга, шу жумладан адолатли қиймат бўйича баҳо беришни, тайёрлаш чоғида фойдаланган салмоқли чекинишлар асослидир.

Ўзаро боғланган тарафлар билан муносабатлар ва операциялар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари талабларига мувофиқ лозим даражада ҳисобга олинган ва очиб берилган.

Молиявий ҳисобот санасидан кейин юз берган, улар учун молиявий ҳисоботнинг халқаро (ёки миллий) стандартлари тузатишлар киритиш ёки очиб беришни талаб қиладиган барча воқеаларга оид тегишли тузатишлар киритилди ёки очиб берилди.

Тузатилмаган хатоларнинг таъсири умуман молиявий ҳисобот учун алоҳида ҳам, жамликда ҳам жиддий эмас.

Тузатилмаган хатоларнинг рўйхати тақдимнома хатга илова қилинади.

Тақдим этилган ахборот

l Биз сизга қуйидагиларни тақдим этдик:

+ бизга маълум бўлган, молиявий ҳисоботни тайёрлаш учун ёзувлар, ҳужжатлар сингари аҳамиятли бўлган барча ахборотдан фойдалана олиш имконияти ва бошқа масалалар;

+ сиз биздан аудит мақсадида талаб қилган қўшимча ахборот;

+ сиз аудиторлик далили олишни зарур деб биладиган субъект доирасида шахсларга чекланмаган тарзда мурожаат қилиш.

l Барча операциялар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот маълумотларида акс эттирилган.

l Биз сизга фирибгарлик натижасида юзага келган молиявий ҳисоботнинг жиддий бузилиши хатарини баҳолашимиз натижаларини очиб бердик.

l Биз сизга ўзимизга маълум бўлган ва субъектга дахл қиладиган ҳамда:

+ субъект раҳбариятини;

+ ички назорат тизимида салмоқли позицияларни эгаллаган ходимларни;

+ фирибгарлик молиявий ҳисоботга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолда бошқа шахсларни жалб этадиган фирибгарлик ёки гумон қилинаётган фирибгарликка доир барча ахборотни очиб бердик.

l Биз аудиторга ходимлар, собиқ ходимлар, таҳлилчилар, бошқарувчи органлар ёки бошқа манбалар хабар қилган, субъектнинг молиявий ҳисоботига таъсир кўрсатадиган фирибгарлик ёки гумон қилинаётган фирибгарликда айбловлар тўғрисидаги барча ахборотни очиб бердик.

l Биз сизга молиявий ҳисоботни тайёрлаш чоғида таъсирини ўрганиш зарур бўлган қонун ҳужжатлари ва меъёрий ҳужжатларга риоя этмаслик ёки гумон қилинаётган риоя этмасликнинг маълум бўлган барча далилларини очиб бердик.

Биз сизга субъект билан ўзаро боғланган тарафлар ва бизга маълум бўлган боғланган тарафлар билан барча муносабатлар ҳамда операцияларни очиб бердик.

Директор___________

Прочитано: 2506 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика