ФУТБОЛ МУХЛИСЛАРИНИНГ ЎЗИНИ ТУТИШ ҚОИДАЛАРИ
Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруғи (АВ томонидан 22.02.2013 йилда 2430-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиш қоидалари тасдиқланди.
Чунончи, стадионда томошабинлар (мухлислар) чиптага асосан жойлашиш, сақлаш камералари, буфет, кафе ҳамда бошқа хизматлардан фойдаланиш, пластик сурнайлар, дастаси пластикдан бўлган ёки дастаси йўқ байроқчалар, фотоаппаратлар, мобил телефонларни олиб кириш ҳуқуқига эга.
Шунингдек мухлисларнинг гуруҳларига ичи ковак (телескопик) дастали байроқларни (ҳажми кўпи билан 1 х 2 м, узунлиги –
1,2 м гача) ва барабанларни олиб келишга рухсат этилади. Бундан ташқари, улар стадион маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходими билан келишган ҳолда катта футболка ва байроқларни бўш секторлар ва югуриш йўлакчаларига жойлаштиришлари, тўсиқларга баннер-транспарантларни илиб қўйишлари мумкин.
Томошабинларга (мухлисларга) маст ҳолда стадионга кириш, спиртли ичимликларни олиб келиш ва ичиш, тамаки маҳсулотларини ёки бошқа маст қилувчи воситаларни унинг ҳудудида истеъмол қилиш; бирор-бир адоватни қўзғашга қаратилган ва (ёки) тадбир иштирокчилари ва бошқа томошабинларни ҳақорат қиладиган белги ёхуд тимсол ва ёзувларни олиб юриш ёки намойиш этиш; қадр-қимматни камситувчи ҳайқириқлар ёки бошқа ҳаракатлар қилиш тақиқланади.
Агар меҳмон жамоа мухлисларининг жойи учрашувни қабул қилаётган жамоа мухлислари ёнида бўлса, стадион маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари талаби билан учрашувни қабул қилаётган жамоа мухлислари улар кўрсатган жойларга ўтиришлари керак.
Қоидаларга риоя этмаган шахслар стадионга қўйилмайди ёки чиптанинг ҳақи тўлаб берилмасдан ундан чиқариб юборилади.
Сардор ЖУМАШОВ,
эксперт-юристимиз.