Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 6 / Кадрлар бўлими

6 йил дам олмасдан ишладингизми? – компенсация талаб қилинг

Мен корхонада 19 йил ишладим. Кейинги 6 йилда менга турли сабабларга кўра меҳнат таътили беришмади. Яқинда ўз хоҳишимга кўра бўшатишлари тўғрисида ариза ёздим. Менга фойдаланилмаган барча меҳнат таътилларим учун пул компенсацияси тўлашлари керакми? Бухгалтерияда менга фақат 3 йил учун ҳақ тўлашларини, чунки қолган йиллар бўйича даъво муддати тугаганлигини айтишди. Шу тўғрими?

Валера.

 

– Бухгалтериянгиз ноҳақ. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (Меҳнат кодексининг (МК) 151-моддаси). Шу сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчи сизга муддатни чекламасдан бутун иш вақти учун фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пул компенсацияси тўлаши шарт. Шу сабабли уни тўлашни талаб қилинг, ёзма равишда талаб қилганингиз маъқулроқ.

Бундан ташқари, иш ҳақини ундириш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, меҳнат низоларини кўрувчи орган ходимнинг пул ундиришга доир фойдаланилмаган таътил учун ходимга тегишли бўлган компенсацияни тўлаш тўғрисидаги талабларини тўлиқ қондиради (МКнинг 275-моддаси).

Нима учун бухгалтер даъво муддатини рўкач қил-

ган – буни тушуниш қийин. Зеро даъво муддати – шахс ўзининг поймол этилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддат. Ахир бухгалтерия даъволарни кўриб чиқмайдику.

Эътиборингизга қуйидагиларни маълум қиламиз. Даъво муддатининг умумий муддати 3 йилни ташкил қилади. Бироқ айрим турдаги талаблар учун даъво муддатининг махсус – қисқартирилган ёки янада узоқроқ муддатлари белгиланган.

Чунончи, МКнинг 270-моддасида судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

  • ишга тиклаш низолари бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой;
  • ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича – зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб 1 йил;
  • бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

Шу тариқа, суд ёки меҳнат низолари комиссиясига фойдаланилмаган йиллик таътиллар учун пул компенсацияси тўлаш тўғрисидаги низолар бўйича мурожаат қилиш муддати ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши керак бўлган кундан (сизнинг ҳолатингизда – барча фойдаланилмаган таътиллар учун пул компенсациясини тўлаш рад этилган кундан) бошлаб 3 ойни ташкил этади.

Айни вақтда Фуқаролик кодексининг 153-моддасида белгиланишича, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Ходимлар меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар (МКнинг 277-моддаси).

Ленара ХИКМАТОВА, юрист.

Прочитано: 2677 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика