Навоий шаҳридаги «Навоийполиграфсервис» ИЧТКнинг асосий фаолияти реклама маҳсулотларини, яъни баннерга, оракалга ҳарф босиш, бўртма ҳарфлардан ёзувлар, ёритувчи реклама воситаларини тайёрлашдан иборат.
Шунингдек корхонамиз матбаа хизматини кўрсатиб, бухгалтерия бланкалари, китобларни чоп этиш, муқовалаш билан шуғулланиб келмоқда.
Ушбу кўрсатиладиган хизмат турларидан ташкилотимиз Президентнинг 2010 йил 26 февралдаги ПҚ-1292-сон қарори билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган «Ижод» фондига қайси фаолият тури бўйича маблағ тўланиши тўғрисида аниқлик киритиб беришингизни сўраймиз.
Корхонамиз ягона солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади. Ноширлик фаолияти билан умуман шуғулланмайди.
Ш.Вахидов, корхона директори.
– Президентнинг 2010 йил 26 февралдаги «Ўзбекис¬тон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1292-сон қарорининг 4-банди билан ноширлик ва матбаа корхоналарининг босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар «Ижод» фонди маблағларини шакллантиришнинг манбаларидан бири этиб белгиланган.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондига ноширлик ва матбаа корхоналари томонидан ажратмалар тўлаш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 2010 йил 4 сентябрда 2139-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ноширлик ва матбаа корхоналарига таъриф берилган, жумладан:
– ноширлик корхонаси деганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ва ноширлик фаолияти учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар тушунилиши;
– матбаа корхоналари деб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан гувоҳнома олган ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларида ҳисобга қўйилган юридик шахслар тушунилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 декабрдаги 454-сон қарори билан тасдиқланган Матбаа корхоналарини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низом 2-бандида матбаа фаолияти деб барча турдаги босма нашрларнинг босма шаклларини ясаш мақсадида улар матнини териш, босма шаклларини тайёрлаш (шу жумладан муҳр ва штампларни ясаш), макетини тайёрлаш, босиш, муқовалаш, тиражини тайёрлаш тушунилиши, бу фаолият юқорида санаб ўтилган жараёнларни (турларни) узвий биргаликда ёки алоҳида-алоҳида ўз ичига олиши белгилаб қўйилган.
Сизнинг хатингиздан келиб чиқишича, корхонангиз бухгалтерия ҳисоби бланкалари, китобларни чоп этиш, муқовалаш ишларини матбаа корхонаси сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда амалга оширмоқда. Шу сабабли корхонангиз ушбу босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумдан 1 фоиз миқдоридаги ажратмаларни «Ижод» фондига тўлаши керак бўлади. Бунда шунга эътибор бериш керакки, мазмунан реклама матнларини баннерга, оракалга босиш, бўртма ҳарфлардан ёзувлар, ёритувчи реклама воситаларини тайёрлаш ишлари ҳам босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа, матн териш, босма шакл¬ларни тайёрлаш, макетни тайёрлаш, босиш, муқовалаш, тиражни тайёрлаш жумласига киради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хатингизда келтирган барча фаолият турлари – бухгалтерия ҳисоби бланкалари, китобларни чоп этиш, муқовалаш, реклама матнларини баннерга, оракалга босиш, бўртма ҳарфлардан ёзувлар, ёритувчи реклама воситаларини тайёрлашдан тушган тушумдан 1 фоиз миқдоридаги ажратмаларни «Ижод» фондига тўлашингиз керак.
Жавобни экспертимиз
Умидбек САФАРОВ тайёрлади.