Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган корхонамизда ўтказилаётган мажбурий аудиторлик текшируви жараёнида юзага келган баҳс-мунозараларни ижобий ҳал қилиб олиш мақсадида қуйидаги саволларимизга жавоб беришингизни илтимос қиламиз.
1. Мол-мулк солиғининг жорий тўловлари амалга оширилганлигидан келиб чиқиб, асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати 12 000 минг сўмни ташкил этади. Мол-мулк солиғининг ҳисоб-китоб суммаси йил учун – 420 минг сўм. Йил давомида 385 минг сўм ўтказилди. Ноябрда янги ускуна лизинг шартномаси бўйича олиниб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, ноябрнинг охирида ўтган йили харид қилинган ускунанинг ишга тушириш муддати якунланди. Ускунанинг қиймати 620 минг сўм, уни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар 170 минг сўмни ташкил этади.
Ушбу вазиятда мол-мулк солиғи қандай тартибда тўланади?
2. Ҳисобот чораги бўйича мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш учун мол-мулкнинг ўртача қолдиқ қиймати – 60 000 минг сўм, норматив муддатда ўрнатилмаган ускуна – 12 000 минг сўм. Ҳисобот чорагида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотишдан тушган соф тушум 160 000 минг сўмни, жумладан экспортга – 40 000 минг сўмни ташкил этди.
Экспортчи корхонанинг мол-мулк солиғини қандай ҳисоблаш керак?
Маҳмудбек Пошшалиев, корхона директори ўринбосари.
Тошкент вилояти.
– 1. Солиқ кодексининг 269-моддаси биринчи қисми 11-бандига кўра, лизинг шартномаси амал қиладиган муддатга лизингга олинган мол-мулк объекти мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган базани оширмайди.
Шуни қайд этиш жоизки, норматив муддатда ўрнатилмаган ускуналар учун мол-мулк солиғи икки баравар ставкада тўланади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 17-илова).
Мазкур ҳолатда солиқ солиш объекти бўлиб ўрнатилмаган ускунанинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисобланади.
Сизнинг ҳолатда декабрь учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи қуйидаги тартибда ҳисоб-китоб қилинади:
1) ўрнатилмаган ускунага мол-мулк солиғи ҳисоб-китоб қилинади (декабрь учун):
(620 + 170) / 12 х 3,5 х 2 / 100 = 4,608 минг сўм,
бу ерда:
620 минг сўм – ускунанинг контракт қиймати,
170 минг сўм – ускунани харид қилиш билан боғлиқ харажатлар,
3,5% – мол-мулк солиғининг умумбелгиланган ставкаси;
2) қолган мулк бўйича солиқ ҳисоб-китоб қилинади:
420 – 385 = 35 минг сўм,
бу ерда:
420 минг сўм – йил учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи суммаси,
385 минг сўм – йил давомида тўланган мол-мулк солиғи суммаси;
3) декабрь учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи суммаси аниқланади:
4,608 + 35 = 39,608 минг сўм.
Маълумки, мол-мулк солиғининг ҳисоблаб чиқарилган суммаси ҳисоб-китобни тақдим этиш учун белгиланган кундан кечиктирмасдан ўтказилади.
2013 йил 1 январдан солиқ даврида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловлар суммаси ҳисоб-китобга кўра бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига нисбатан 10 фоиздан ортиқ камайтирилган тақдирда, солиқ органи жорий тўловларни юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб, пеня ҳисоблаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқади.
2. Президентнинг 05.06.2000 йилдаги «Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-2613-сон Фармонига кўра, экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар учун мол-мулк солиғини тўлаш тартиби умумий сотиш ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган ва эркин алмаштириладиган валютага сотилган товарлар, ишлар, хизматлар экспортидаги (ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган жойдан қатъи назар) улушига боғлиқ ҳолда қуйидагича белгиланади:
экспорт улуши 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда бўлганида – белгиланган фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 30 фоизга камайтирилади;
экспорт улуши 30 ва ундан кўпроқ фоиз бўлганида – белгиланган фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Мазкур имтиёзлар эркин алмаштириладиган валютага хом ашё маҳсулотлари – пахта толаси, ип газлама калаваси, линт, нефть, нефть маҳсулотлари, газ конденсати, табиий газ, электр энергияси, қимматбаҳо, рангли ва қора металларни экспорт қилувчи савдо-воситачилик корхоналарига, шунингдек ишлаб чиқариш корхоналарига татбиқ қилинмайди.
Сиз кўрсатган ҳолатда ҳисобот даврида экспорт улуши 25 фоизни (40 000 / 160 000 х 100%) ташкил этади, бинобарин, корхона юқорида қайд этилган имтиёзни қўллаш ҳуқуқидан фойдаланиб солиқ суммасини 30 фоизга камайтиради.
Имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда корхона ҳисобот даври учун мол-мулк солиғини 1 470 минг сўм (60 000 х 2,45 / 100, бу ерда 2,45 (3,5 х 0,7) солиқнинг имтиёзли ставкаси) миқдорида тўлаши лозим.
Шуни қайд этиш лозимки, реализация бўйича оборотлар йил давомида ўсиб борувчи тартибда аниқланади, бунда имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда мол-мулк солиғи бўйича якуний ҳисоб-китобни фақат йил якунлангандан сўнг амалга ошириш мумкин.
Норматив муддатда ўрнатилмаган ускуна бўйича мол-мулк солиғи унинг қийматидан икки баравар ставкада имтиёзни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 17-илова).
Шундай қилиб, корхона йил учун 2310 минг сўм миқдорида мол-мулк солиғини тўлаши лозим:
1 470 + (12 000 х 7%) = 2 310, бу ерда:
1 470 минг сўм – имтиёзни ҳисобга олган ҳолда мол-мулк солиғи,
12 000 х 7% = 840 минг сўм – норматив муддатда ўрнатилмаган ускуна бўйича икки баравар ставкада ҳисобланган мол-мулк солиғи.
Юқорида қайд этилган имтиёзларни асослаш учун корхона мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини тақдим этаётганда экспорт улушига боғлиқ равишдаги мол-мулк солиғи ставкасининг корректировкасини тақдим этади.
Шунингдек, норматив (белгиланган) муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари ва ишга туширилмаган асбоб-ускуналар бўйича – тугалланмаган қурилишнинг ва ўрнатилмаган асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қиймати ҳисоб-китоби солиқ ҳисоб-китобига мажбурий равишда илова қилинади.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.