Ўзбекистонда жамоат жойларида чекиш ва кўчаларда сигарета сотишни тақиқлайдиган қонун бор деб эшитдим. Қайси жойларда чекиш мумкин эмаслигини ва бунинг учун қандай жавобгарлик назарда тутилганлигини тушунтириб берсангиз.
Марина.
ТАҚИҚЛАНГАН!
2012 йил 7 апрелдан кучга кирган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун1 билан қуйидаги жойларда чекиш тақиқланган:
- жамоат транспортининг барча турларида;
- иш жойларида;
- соғлиқни сақлаш муассасаларида;
- таълим ва спорт-соғломлаштириш муассасаларида;
- ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда (шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида);
- бошқа жамоат жойларида, масалан, музейлар, театрлар ва ҳ.к., тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно.
Қонундан ташқари тамаки маҳсулотини истеъмол қилишни тақиқлаш баъзи махсус Қоидаларда назарда тутилган. Чунончи, Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларининг2 15-бандига кўра автобусда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш тақиқланади.
«Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК томонидан белгиланган маҳаллий ва узоққа қатнайдиган йўловчи вагонларида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига мувофиқ эса фақат вагоннинг ишламайдиган тамбури томонда чекишга рухсат берилади. Шаҳар атрофига қатнайдиган вагонларда чекиш умуман тақиқланган.
Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг3 60-банди билан тамаки маҳсулотларини:
- 20 ёшга тўлмаган шахсларга;
- мувофиқлик сертификатисиз;
- акциз маркалари билан маркаланмаган ҳолда ёки қалбаки акциз маркалари билан;
- ишлаб чиқарилган корхонани аниқлаш имконини берадиган даражада аниқ маркаланмаган ҳолда;
- уни тайёрлашга лицензияси бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланганда;
- уларни етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки божхона тартибга солиши, савдо белгилари ва фирма номларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни бузган ҳолда етказиб берган етказиб берувчилардан сотиб олинганда;
- таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр радиусда жойлашган савдо корхоналарида;
- доналаб, қутисиз (ўрамсиз);
- савдо автоматлари орқали;
жамоат транспорти бекатларида, шу жумладан метрополитен бекатларида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортларга, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда жойлашган савдо корхоналарида сотиш тақиқланади.
ҲАҚИМ БОР
Қонун ҳужжатларига мувофиқ тамаки маҳсулотини фақат юридик шахслар ишлаб чиқаришлари ва сотишлари мумкин. Уни сотиш жойларида тамаки маҳсулотлари 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилмаслиги ва уларнинг инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисида ёзув бўлиши керак.
Аҳолига тамаки маҳсулотларини фақат юридик шахс шаклидаги чакана савдо ташкилотлари назорат-касса аппаратлари ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш терминаллари билан жиҳозланган турғун савдо шохобчалари орқали сотишга ҳақлилар4.
Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги вақтинчалик низомга5 биноан республикада ишлаб чиқариладиган тамаки маҳсулотларини уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фақат улгуржи савдони амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга, шунингдек фискал хотирали назорат-касса машиналари билан жиҳозланган турғун савдо шохобчаларига (залларига) эга бўлган юридик шахсларга улгуржи сотишлари мумкин.
Худди шундай талаблар тамаки маҳсулотлари импорти ва уларнинг улгуржи савдони амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахслар томонидан улгуржи ва чакана сотилиши учун ҳам белгиланган. Импорт тамаки маҳсулотларини ҳам сотувчи ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган, ҳисоб ва рўйхатдан ўтказиш рақамлари, унинг амал қилиш муддати ва сертификат берган органни кўрсатган ҳолда ҳар бир номланишдаги маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати мавжудлиги тўғрисида маълумотларни ўз ичига олган товар-транспорт ҳужжатларига эга бўлиши керак. Сотувчи харидорнинг талаби билан уни тақдим этиши керак.
ЖАВОБГАРЛИК
Транспорт, ҳаво кемаларида белгиланмаган жойларда чекиш, тамаки маҳсулотини ноқонуний ишлаб чиқариш ёки оборот қилиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК) ёки Жиноят кодексида назарда тутилган (қилмиш турига боғлиқ ҳолда) жавобгарликка олиб келади. Чунончи, шаҳар атрофида, маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида, шаҳар ичида, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатнайдиган автобусларда, шунингдек таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида чекиш – ЭКИҲнинг 1/20 қисми миқдорида; ҳаво кемаларида чекиш – ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 122-моддаси).
Ёғоч кўприклар ва тахта тўшамали кўприкларда чекиш фуқароларга ЭКИҲнинг тўртдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса – 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 148-моддаси).
МЖТК ва Жиноят кодексининг 186-1-моддаларида тамаки маҳсулотини ноқонуний ишлаб чиқариш ёки оборот қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Гарчи Қонун билан иш жойлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида чекиш тақиқланган бўлса-да, бироқ мазкур қилмиш учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган. Шу сабабли корхоналарга локал ҳужжатларда иш жойида чекиш меҳнат интизомини бузиш ҳисобланиши, бунинг учун иш берувчи ходимга нисбатан интизомий жазо чораларини кўришга ҳақли эканлиги қайд этилган қоида белгилаш тавсия этилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга чекиш тақиқланган жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилганлик учун жавобгарликни назарда тутадиган моддани киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
P.S. Чекиш ҳозирда урф бўлмай қолди. Шуни билингки, тутун – аллергия қўзғайдиган омилларнинг асосий манбаи. У йўтал, кўздан ёш оқиши, астма хуружини келтириб чиқаради. Нафақат чекувчиларнинг ўзлари, балки унинг яқинлари ҳам касал бўлиш (шу жумладан ўпка ракига учраш) хавфига эгалар. Чекканда тамаки охиригача ёнмайди. Натижада киши тутун билан бирга углерод оксиди кўринишида кучли таъсир қилувчи заҳарни ютади. Бу эса склерознинг тез ривожланишига имкон яратади. Битта сигарета томирга киритганда кишини ўлдира оладиган никотин миқдорига эгадир.
Ўзининг ва атрофидагиларнинг соғлиғини қадрлайдиган ҳар бир киши кўчада ва аввало болаларга тамаки маҳсулотларнинг ноқонуний сотилишига қаршилик кўрсатиши керак.
Сўз ниҳоясида аёлларга маслаҳатим: улардан, албатта, сигарета тутуни эмас, балки атир ҳиди уфуриб туриши керак.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.