Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 2 / Сизнинг адвокатингиз

Топилган нарса эгасига қайтарилади, ёки топганинг ўзингники эмас

Деярли ҳар биримиз қачондир бирор нарсамизни йўқотганмиз, кейин қидириб топа олмаганмиз. Эҳтимол, қачондир кўчадан бирор нарса топиб олган ва... қайтариб бермаган кишилар ҳам оз бўлмаса керак.

Буюмларини йўқотган фуқароларнинг ўзлари айбдор дейиш мумкин, зеро улар йўқотган нарсаларини топиш учун ҳеч нарса қилишмайди.

Албатта, йўқолган нарсани (масалан, соябон, сумка, пул) топганингизда топилма тўғрисида хабар бериш ёки уни «чўнтакка солишни» ўзингиз ҳал қиласиз. Бироқ иккинчи қарорнинг ғайриахлоқийлигидан ташқари, мазкур қилмиш учун жавобгарлик чоралари белгиланганлигини билиш лозим.

Йўқолган буюмни топиб олган шахснинг ҳаракатларини назарда тутадиган меъёрлар Фуқаролик кодексининг (ФК) 192-моддасида назарда тутилган.

 

ТОПИБ ОЛУВЧИДАН ХАБАР ҚИЛИШИНИ СЎРАЙМИЗ

Топилма – кимдир йўқотиб қўйган ашёни топиб олиш.

Агар ашёни топиб олувчи уни ким йўқотганлиги ёки у кимга тегишли эканлигини ёхуд ким уни олишга ҳақлилигини билса, дарҳол уни хабардор қилиши ва унга, бошқа кишига ёки учинчи шахсга ўз топилмасини бериши шарт. Агар ашё хона ёки транспортда топиб олинса, уни ушбу жой ёки транспорт воситаси эгасининг вакилига топшириш керак, бунда мазкур вакил ҳуқуққа эга бўлади ва ашёни топиб олган шахснинг мажбуриятларини бажаради.

Агар сиз топиб олинган ашёни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳеч кимни билмасангиз ёки унинг жойлашган жойи сизга номаълум бўлса, топилма тўғрисида милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилишингиз шарт. Бунда сиз ашёни уйингизда сақлашингиз ёхуд сақлаш учун милиция, давлат органи, маҳалла қўмитаси ёки улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлисиз.

Кўпинча кишилар ашё (буюмлар)ни йўловчи транспортида унутиб қолдирадилар. Шу сабабли Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари1 IV бобида йўловчилар унутиб қолдирган буюмларни сақлашга топширишни расмийлаштириш тартибини назарда тутадиган 6-параграф мавжуд. Унга кўра йўловчиларнинг унутиб қолдирган буюмлари қатнов тугаши билан ҳайдовчи томонидан автовокзал (автостанция) смена навбатчисига ёки ташувчининг навбатчи диспетчерига, улар бўлмаганда эса – топилмалар идораси ходимига топширилиши шарт. Улар ўз навбатида топилган буюмларни олиб келган шахс иштирокида унутилган буюмларнинг рўйхати билан 2 нусхада далолатнома тузиши шарт.

Далолатнома тузилгандан кейин омборчидан икки нусхага ҳам тилхат олиниб, биттаси ташувчида қолдирилади, бошқаси эса омборхонага топшириш учун омборчига барча буюмлар билан биргаликда берилади. Автовокзал (автостанция) навбатчиси ёки навбатчи диспетчер йўловчининг автотранспорт воситасида унутиб қолдирган буюмларни қидиришга тегишли бўлган саволларига тушунтириш бериши шарт.

 

СИЗНИКИ ЭДИ – БИЗНИКИ БЎЛДИ

Башарти, топилма тўғрисида милицияга ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан 6 ой мобайнида йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса ҳамда ана шу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади. Башарти, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади (ФКнинг 193-моддаси).

 

СИЗНИ МУКОФОТ КУТАДИ

Ашёни топиб олган ҳамда уни олишга ҳақли бўлган шахсга қайтариб берган шахс ана шу шахсдан, ашё давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтган ҳолларда эса – тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан ашёни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни топиш учун кетган харажатларни ундириш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг 20%ига қадар миқдорида мукофот талаб қилишга ҳақлидир.

Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса – суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.

Башарти, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди (ФКнинг 194-моддаси).

Агар сиз буюмнинг эгаси топилишини хоҳласангиз, топилма тўғрисида эълон беришингиз мумкин. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ниятингиз яхшилигига ва, ҳатто мол-мулкини қайтариш учун мукофот олишни хоҳлаган тақдирингизда ҳам, бошқалар ҳисобига бойимоқчи эмаслигингизга ишонтиради.

Қисқаси, кимдир унутиб қолдирган соябон ёки паспортни топиб олсангиз, улар ўз эгасига қайтиши учун ҳаракат қилинг.

Батартиб кишилардан бири бир куни сизга ҳам ёрдам бериши эҳтимолдан холи эмас. Ёки сиз топилмани қайтариб берган киши билан шу баҳона дўст тутинишингиз мумкин.

 

1ВМнинг 4.11.2003 йилдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган.

 

Ленара ХИКМАТОВА,

юрист.

Прочитано: 4120 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика