Аҳоли турмушининг ободлиги кўп жиҳатдан коммунал хизматларнинг сифатига боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда коммунал соҳани янада ривожлантириш, электр энергияси, газ, сув ва бошқа хизматлар таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш, уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш тизимига бозор механизмларини жорий этиш бўйича юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Кўп уйли хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ихчамлаштирилиб, кўпроқ бир уйли хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, улар билан бир вақтда профессионал бошқарув компаниялари ташкил этилмоқда. Бу ширкат ва аҳолининг ўзаро яқин алоқасини таъминлаб, камчиликларни тезкорлик билан ҳал этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш имконини бераётир.
Лекин барча ширкат ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажараётир, дейиш қийин. Фуқароларнинг мурожаатини эътиборсиз қолдираётган, аҳолини қийнаётган муаммони билса-да, уни ўз ҳолига ташлаб қўяётган ширкатлар ҳам кам эмас.
Бундай ҳолатларда пойтахтимиз аҳолисининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмасида «055» диспетчерлик хизмати йўлга қўйилди. Ушбу телефон рақами орқали коммунал соҳаларда турли авариялар, фавқулодда ҳодисалар ва бошқа муаммолар учраганда аҳолига марказлашган ҳолда хизмат кўрсатилади.
Тизимга барча коммунал хизматлардан вакиллар жалб этилган. Муаммо пайдо бўлиши билан улар қаерга ва кимга хабар юборишни аниқ билгани учун фуқаролар мурожаатлари тезкорлик билан ҳал этилади. Ярим тунда фавқулодда ҳолат рўй берса, мисол учун, қувур ёрилиб, сув тошса, уй-жой мулкдорлари хизмати ходимлари ёки бошқа зарур мутахассисни тополмаслик мумкиндир, аммо тун-кун узлуксиз фаолият юритаётган «055» рақамига қўнғироқ қилинса, муаммо зудлик билан бартараф этилади.
2012 йили мазкур тизимга фуқаролардан тушган етти мингга яқин мурожаатнинг аксарияти зудлик билан ва ижобий ҳал этилган.
Мисол учун, Миробод туманининг Сарикўл кўчасида истиқомат қилувчи Зоя Хегай «055»га қўнғироқ қилиб, иссиқлик энергияси яхши берилмаётганини айтган. Мурожаат ҳақида мазкур туманнинг тегишли масъул ходимларига хабар берилгач, тезкор чоралар кўрилиб, муаммо бартараф этилди.
Шайхонтоҳур тумани «Ибн Сино» мавзесида авария ҳолати содир бўлиб, чироқ ўчиб қолганда, фуқароларнинг ўз вақтидаги мурожаатлари асосида муаммога тезда ечим топилган. Юнусободлик А.Иброҳимовнинг ҳам электр энергияси бўйича шикояти зудлик билан ҳал қилинган.
Бундан ташқари, фуқаролар «055» хизматига лифт ишламай қолиши, чиқиндиларнинг вақтида ташиб кетилмаётгани, томдан чакка ўтиши каби ҳолатлар бўйича ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Яккасаройлик М.Шиннинг томдан чакка ўтаётгани ҳақида, яккасаройлик Л.Ҳусанованинг лифт ишламай қолганига оид мурожаатлари шу тариқа ижобий якун топган.
Эътиборлиси, тушаётган ҳар бир мурожаатнинг қандай ҳал этилаётгани хизмат ходимлари томонидан ўрганиб борилади. Муаммо бартараф этилгандан сўнггина ўша мурожаат бўйича очилган назорат карточкаси ёпилади. Бунда хизмат кўрсатувчи эмас, балки истеъмолчининг фикри инобатга олинади.
Диспетчерлик пунктида нафақат аҳолидан шикоятлар қабул қилинади, балки ҳар бирининг натижаси бўйича ҳам тинимсиз иш олиб борилади. Мурожаат қилган фуқаронинг ўзига қўнғироқ қилиб, муаммо бартараф этилмаган бўлса, яна қайта мутасаддиларга тақдим этилади. Пойтахтимиз аҳолиси қарийб уч миллион нафарни ташкил этишини ҳисобга олсак, ушбу хизмат вакилларининг иш ҳажми ва масъулиятини тасаввур қилиш мумкин.
Бугунги кунда «055» хизмати истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, турли узилиш ва носозликларни бартараф этишда аҳолига кенг қулайлик яратмоқда. Бу эса халқимиз осойишталиги ва фаровонлигига хизмат қилмоқда.
ЎзА материали асосида тайёрланди.