Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 2 / Мутахассислар шарҳи

Солиқ солиш шартлари соддалаштирилди

«Cолиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий  йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон) билан 2013 йил 1 январдан кучга кирган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг1 янгиланган 33-моддасида ҳамда «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг2 янгиланган 12-моддасида чет эл корхоналари учун олиб кириладиган мол-мулкка солиқ солишнинг ягона тартиби белгиланади. Бундан буён устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида 33% бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкдан импорт божи ундиришдан озод қилинадиган кўринишдаги имтиёзга эга бўладилар. Аввал қонун ҳужжатларида бу имтиёз барча чет эллик инвесторлар ва устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида 33% бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган эди.

Бироқ бошқа солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзларни қўллаш, корхона чет эл инвестициялари иштирокида ёки улар иштирокисиз тузилганлигига боғлиқ бўлмаганлиги сабабли, қабул қилинган чора-тадбир чет эл инвестициялари иштирокидаги ва улар иштирокида бўлмаган барча корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарларга солиқ солиш шартларини бирхиллаштиради.

Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастурининг 17-бандига ҳамда «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини  тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон) 3-бандига мувофиқ Солиқ кодекси (СК) моддаларига хусусан, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва мажбурий тўловларни тартибга соладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

СК 209-моддасига киритилган қўшимча билан мижозларнинг ҳисобрақамларига банклар томонидан электрон масофали хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар ҚҚСдан озод қилиниб, илгарироқ ҚҚСдан озод қилинган молиявий хизматларга тенглаштирилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда СК 209-моддаси турли талқин қилинишини бартараф этиш мақсадида ҚҚСдан озод қилинадиган молиявий хизматларга киритиладиган операциялар рўйхатини тасдиқловчи идоралараро ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Президентнинг ПФ-4453-сон ва ПФ-4455-сон фармонларини ижро этиш мақсадида Қонун билан ҳисоботларни тақдим этиш муддатларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. СК 223 ва 225-моддаларида барча солиқ тўловчилар учун ҳисобот даври бирхиллаштирилди. Жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади. Илгари микрофирмалар ва кичик корхоналар таркибига кирмайдиган солиқ тўловчилар ҳисоб-китобни ҳар ойда, йил якунлари бўйича – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этардилар. Йирик ҳамда кичик корхоналар учун ягона муддатнинг белгиланиши тақдим этиладиган ҳисоботларнинг сонини анча қисқартириш имкониятини беради, тўловчиларга ҚҚСни ҳисобга олиш тартибида анча қулайлик яратади.

Шу билан бирга, СК 225-моддаси иккинчи қисмига қуйидагиларни белгиловчи аниқлаштирувчи меъёр киритилди:

ҚҚС тўловчилар, бундан кредит ва суғурта ташкилотлари мустасно, қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби билан бир вақтда йил мобайнида реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрларини тақдим этади. Мазкур модда ҳисобварақ-фактура тўғрисидаги СК 222-моддасига мувофиқлаштирилди, унга кўра ҚҚС тўловчилар ўзлари олган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактураларнинг, шунингдек реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларнинг реестрини юритиши шарт.

Бунда ҚҚС тўлаш муддатлари сақлаб қолинади. Аввал улар ҳисоб-китоб тақдим этиладиган муддатлар билан боғлиқ эди. СК 226-моддасига киритилган тузатишда уларни сақлаб қолиш назарда тутилган. Яъни, худди аввалгидек, микрофирмалар ва кичик корхоналар ҚҚСни ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тўлайдилар, қолган солиқ тўловчилар – ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай ҚҚСни тўлайдилар.

Акциз солиғи бўйича ҳам, айнан СКнинг 238, 239-моддаларига ўзгартиришлар киритилди. Бундан буён солиқ тўловчиларнинг ҳамма тоифалари учун солиқ ҳисоб-китобини тақдим этиш муддати ва солиқ даври умумий – йил чораги ҳисобланади. Акциз солиғини ўн кунликларда тўлаш тартиби сақлаб қолинди.

СКнинг 314, 315, 318, 319-моддаларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича киритилган янгиликларга кўра ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатлари ўзгартирилди, бунда ажратмаларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинди. Илгари тўлов муддатлари ҳисоб-китоб тақдим этиш муддатлари билан боғлиқ эди. Тузатишлар билан ажратмалар тўлаш муддатларини сақлаб қолиш назарда тутилган.

СКнинг 312 ва 316-моддаларига киритилган қўшимчаларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Президентнинг ПФ-4455-сон Фармони билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастурининг 18-бандига мувофиқ умумбелгиланган солиқларни тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар, бундан акциз тўланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно, Пенсия жамғармасига ва Йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг тўловчилари жумласидан чиқарилади.

Суғурта ташкилотлари даромадларини шакллантиришнинг халқаро амалиётига мувофиқлаштириш мақсадида СКнинг 313 ва 317-моддаларига ўзгартиришлар киритилди, уларга биноан Пенсия ва Йўл жамғармаларига қуйидаги ажратмалар солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди:

ҳаётни суғурталаш соҳасига тааллуқли шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари);

қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммалари;

аввалги ҳисобот даврларида шакллантирилган суғуртавий техник захираларни камайтиришнинг (қайтаришнинг) қайта суғурта қилувчиларнинг суғурта захираларидаги улуши ўзгариши ҳисобга олинган ҳолдаги суммалари;

қайта суғурта қилишга ўтказилган таваккалчилик бўйича суғурта тўловлари улушининг ўрнини қайта суғурта қилувчилар томонидан қоплаш суммалари.

129.08.1997 йилдаги 470-I-сон.

230.04.1998 йилдаги 609-I-сон.

Дилфуза ШУКУРОВА,

Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг эгри солиқлар ва божхона тарифларини тартибга солиш

бўлими бошлиғи ўринбосари.

Прочитано: 2909 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика