Хўжалик шартномасида юристнинг визаси бўлиши шартми? У қўйилмагани учун қандай жазо чоралари назарда тутилган? Агар унда юристнинг визаси бўлмаса, шартнома ҳақиқий бўлмайдими?
Мансур.
– «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг1 21-моддасига биноан хўжалик шартномалари уларни имзолашга тайёрлаш жараёнида субъектнинг юридик хизмати ёки жалб этилган адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши керак. Шартномаларни уларнинг имзо (виза)ларисиз тузишга йўл қўйилмайди.
Энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 бараваридан ортиқ суммадаги хўжалик шартномалари хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг ёки жалб этилган адвокатларнинг ёзма хулосасидан кейингина тузилади.
Олий хўжалик суди Пленумининг 4.03.2002 йилдаги 103-сон қарорига2 кўра юқорида кўрсатилган талабларга риоя этилмаслиги битимнинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келмайди. Судлар низоларни моҳиятига кўра ҳал этаётганда мазкур талабга риоя этилмаслигига қонунни бузиш сифатида қарашлари керак.
Яъни хўжалик шартномасини виза ёки юридик хулосасиз тузиш «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунни бузиш ҳисобланади. Гарчи уларнинг йўқлиги учун жавобгарлик назарда тутилмаган бўлса-да, қонунни бузмаслик керак: шартномаларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириш керак.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига кўра у ёки бу органда рўйхатдан ўтказилиши керак бўлган муайян турдаги контрактлар мавжуд. Агар бундай контрактда юридик хулоса бўлмаса, уни рўйхатдан ўтказиш учун қабул қилмайдилар.
Масалан, экспорт контрактлари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (ТИАИСВ) рўйхатдан ўтказилиши керак3. ТИАИСВда экспорт контрактларини рўйхатдан ўтказиш ва импорт контрактларини экспертиза қилиш учун, бошқа ҳужжатлардан ташқари, контрактнинг суммаси ЭКИҲнинг 200 бараваридан ортиқ бўлса, контракт бўйича унинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан юридик хулоса тақдим этиш керак. Бундан ташқари, контрактни банкда рўйхатдан ўтказиш учун сиздан унга доир юридик хулосани ҳам сўрашади.
Умуман олганда, дунёдаги кўпгина мамлакатларда юрист ва адвокат касблари жуда зарур касблар ҳисобланади. Бирорта бизнесмен улар билан келишмасдан туриб контрактга имзо чекмайди. Буни шунчаки одат ёки эҳтиёткорлик чораси деб бўлмайди – давр талаби ана шундай.
129.08.1998 йилдаги 670-I-сон.
2Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида».
3Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси хўжалик субъектлари томонидан тузиладиган экспорт контрактлари (шартнома ва битимлар)ни рўйхатга олиш ва импорт контрактлари (шартнома ва битимлар)ни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 3.07.2006 йилда 1588-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.
Ҳа, маълумотингиз ҳуқуқшунос булмаганлиги сабабидан ва жорий қонунчиликка мувоффиқ юридик ҳулоса беришингиз ман этилади.