Агар Ўзбекистонда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс бир вақтнинг ўзида бир нечта устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлса, қандай ҳолларда улар тайинланиши мумкин?
– Қонунчиликка мувофиқ пенсияга устамалар тайинланадиган пенсия туридан қатъи назар ҳисобланади. Бироқ, агар фуқаро бир вақтнинг ўзида бир нечта устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлса, у ҳолда барчасини бирданига эмас, балки фақат қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина тайинлаш мумкин (Низом 101–102-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Бундай ҳолат иккита.
Агар пенсионер 592-сон Низомнинг 101-банди «а» ёки «б» кичик банди бўйича устама олиш ҳуқуқига эга бўлса, унга қўшимча равишда ушбу банднинг «з»–«л» кичик бандларида назарда тутилган устамалардан фақат биттаси тайинланиши мумкин.
МИСОЛ. Фуқаро I гуруҳ ногирони бўлса («а» кичик банд бўйича устама), бир вақтнинг ўзида фахрий унвонга эга бўлиб, бунинг учун устама назарда тутилган («л» кичик банд). Бу ҳолатда унга: I гуруҳ ногирони сифатида устама ва фахрий унвон учун битта устама тайинланади.
Агар бунда у айни вақтда, масалан, хизмат кўрсатган санъат арбоби сифатида устама ҳақ олишга ҳам ҳақли бўлса, у ҳолда «з»–«л» гуруҳидаги устамалардан бир нечтасини эмас, фақат биттасини олиши мумкин.
Агар пенсионер 592-сон Низомнинг 101-банди «в»–«г» ёки «е» кичик банди бўйича устама олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг танловига кўра ушбу банднинг «е»–«л» кичик бандларида назарда тутилган устамалардан бири тайинланади.
МИСОЛ. Фуқаро уруш қатнашчиси ҳисобланади («е» кичик банди бўйича устама). Бир вақтнинг ўзида фахрий унвон учун устама олиш ҳуқуқига эга («л» кичик банди). Бу ҳолатда у уруш қатнашчиси сифатида «е»–«л» кичик бандларида назарда тутилган устамалардан бирини (масалан, фахрий унвон учун) олади.
Пенсияни ҳисоблашда мукофотларни ҳисобга олмаслик мумкинми?
– Агар уларни ҳисоблашда ижтимоий солиқ тўланмаган бўлса, мумкин. Чунки иш якунлари бўйича мукофотларнинг барча турлари, шунингдек мукофотлар ва шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан пилла етиштириш бўйича тўловлар ва жамоа хўжаликлари аъзоларига йил якунлари бўйича қўшимча тўловлар) қуйидагиларни тўлаш шарти билан улар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар.
Ходим ишдан бўшатилганидан кейин унга тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича мукофотлар ва йил якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси бекор қилинган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади (592-сон Низом 89-б.).
Пенсионер пенсияни ололмай вафот этди. Қариндошлардан бирортаси уни олиши мумкинми?
– Ҳа, чунки унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия суммалари боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 19–20-м., 03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ). Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек у вафот этган кунда у билан бирга яшаётган оила аъзолари, агар улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмасалар ҳам, ушбу суммаларни олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бу сумма пенсионер вафот этган ой учун кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ушбу ой учун тўлиқ тўланади.
Шуни ёдда тутиш керакки, нафақани тўлаш учун пенсионер вафот этганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай мурожаат қилиш керак (Қонун 63-м.).
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
