Norma.uz
СБХ / 2026 йил / № 30 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

Уй-жой харидорларига 24,4 миллиард сўмни қайтаришда ёрдам берилди

 

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (Қўмита) янги қурилган уй-жойларни сотиб олувчиларнинг ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилишда давом этмоқда. Фуқароларга қурилишдаги қоидабузарликлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ёрдам беради. Қўмитага 2025 йил ва 2026 йилнинг январь–февраль ойларида келиб тушган фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчиларга 24,4 млрд сўм миқдоридаги маблағ қайта ҳисоблаб берилди ва қайтарилди.

 

Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу даврда кўп қаватли уйларни қуришдаги муаммолар билан боғлиқ 2 057 дан ортиқ фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилган. Шундан 1 529 таси (74,3%) истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган.

Қўмитага 2025 йилда 1 минг 700 дан ортиқ шикоят келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш давомида жиддий камчиликлар аниқланган. Мурожаатларнинг 708 таси (33,8%) уй-жой қурилишида ишларнинг сифатсиз бажарилиши билан боғлиқ бўлган. 693 та ҳолатда (33,1%) кўп қаватли турар жой бинолари белгиланган муддатларда топширилмаган. 278 та ҳолатда (13,5%) харидорлардан кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилган. 27 та ҳолатда (1,3%) янги бинолар қурилиши билан боғлиқ бошқа қонунбузарликларга йўл қўйилган.

2026 йилнинг январь–февраль ойларида Қўмитага янги уй-жой фондидан квартиралар сотиб олиш бўйича 350 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Фуқаролар қонун бузилишининг шунга ўхшаш ҳолатларини кўрсатиб ўтишган.

Идора матбуот хизмати хабарида уй-жой қурилишида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига оид аниқ мисоллар келтирилган. Хусусан, Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Ф. Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйдан квартира олди-сотди шартномасини тузган. Харидор қурувчига жами 1,4 млрд сўмга яқин маблағ тўлаган. Бироқ квартира ўз вақтида топширилмаган, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган. Ҳолат Қўмита ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилгач, фуқарога қайта ҳисоб-китоб қилиниб, квартира учун тўланган маблағ тўлиқ қайтарилган.

Қўмита бу борадаги ишлар давом этаётганини эслатиб ўтади. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 й. ЎРҚ-221-I-сон) истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати ҳисобланади. У сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлигини белгилайди.

 

«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 71 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика