Агар 12 йиллик иш стажим, саккиз нафар фарзандим ва институтда ўқиш даври бўлса, 54 ёшда пенсияга чиқишим мумкинми?
– Бундай вазиятда умумбелгиланган ёшни бир йилга – 54 ёшга камайтириб пенсия олиш ҳуқуқидан фойдалана олмайсиз. Бунинг учун «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 й. ЎРҚ-938-ХII-сон, 12-1-м., кейинги ўринларда – Қонун) 37-моддаси биринчи қисмининг «а»–«г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажига эга бўлиш лозим. У ушбу бандларда кўрсатилган даврлардан жамланади. Болани парваришлаш таътилларида бўлиш ва олий таълим муассасаларида кундузги ўқиш даврлари, шунингдек I гуруҳ ногиронини парваришлаш даври зарур 20 йиллик стажга кирмайди. Лекин улар умумий ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлгач, яъни аёллар учун 55 ёшда умумий иш стажига киритилади.
Хорижда ишлаган вақт стажга кирадими?
– Чет элдаги иш стажга киритилади, агар Ўзбекистон фуқароси чет элда меҳнат шартномаси асосида ишласа ва қуйидагиларни тўласа:
• 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун хорижда меҳнат шартномаси асосида ихтиёрий равишда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари учун – Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари;
• 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабргача бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўлов;
• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – ижтимоий солиқ.
Иш даври иш берувчи томонидан тақдим этилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ёки меҳнат шартномаси тўғрисидаги маълумотномалар ёхуд Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар, шахснинг паспортида (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) Ўзбекистон Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар, шу жумладан хорижга чиқиш биометрик паспортида тасдиқланади.
Шуни инобатга олиш лозимки, чет элга ишлаш учун кетаётган шахс доимий яшаш жойидаги солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилади ва унга ЖШШИР берилади.
Чет элда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахс ўзидаги мавжуд имконият ва пенсия таъминоти миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий солиқни қуйидаги тартибда тўлаши мумкин:
• ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
• бир марталик – Ўзбекистонга келган кундан бошлаб уч йил давомида. Бунда унинг кириш факти хорижга чиқиш паспорти ва (ёки) ЎзР ИИВнинг «Манзил» ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида аниқланади.
Ижтимоий солиқ миқдори тўлов кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.
Ижтимоий солиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, унинг тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана тўлов санаси ҳисобланади.
Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга ошириладиган давр кўрсатилиши шарт.
Агар давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган ҳисобланади.
Миллий валютадаги ижтимоий солиқ чет элда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг доимий яшаш жойи бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.
Тўлов хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) ПЖнинг махсус валюта ҳисобварақларига амалга оширилиши мумкин ва ЎзР МБ томонидан тўлов санасида белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисобланади (Низом 41-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Агар пенсионер яшаш жойини ўзгартирса, масалан, Тошкентдан Қаршига кўчиб ўтса (у пенсияни карточкада олади), у бу ҳақда ПФни хабардор қилиши керакми?
– Агар пенсионер яшаш жойини (Ўзбекистон доирасида бошқа туман (шаҳар)ни) ўзгартирса, пенсия йиғмажилдини ҳисобдан чиқариш тўғрисида ариза (ёки янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимидан сўровнома) тақдим этиши керак.
Пенсия йиғмажилди почта орқали юборилади ёки ПФ бўлимининг сўровига асосан пенсионернинг (ишончли вакилнинг) қўлига берилади. Бунда унга пенсия йиғмажилди билан бирга пенсия тўлови қайси давргача амалга оширилганлиги тўғрисидаги кузатув хати топширилади (592-сон Низом 190-б.).
Қандай ҳужжатлар иш стажини тасдиқлаш учун хизмат қилиши мумкин?
– Асосий ҳужжат – меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси).
2021 йил 1 июндан бошлаб 2005 йил 1 январгача бўлган даврлар учун иш стажи меҳнат дафтарчасидаги (электрон меҳнат дафтарчасидаги) мавжуд ёзувлар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан белгиланади.
Иш стажи «ЯММТ» ИДАКда мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланади.
Меҳнат дафтарчаси бўлмаганда, шунингдек унда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи бериш учун қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.
Бунда маълумотномада ишга қабул қилиш тўғрисидаги, иш (лавозим) бўйича ўзгаришлар тўғрисидаги ва асослари кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномасининг тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Маълумотнома ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек маълумотномани тайёрлаган ходим томонидан имзоланади ва маълумотномани берган ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади (592-сон Низом 56-б.).
Амаким – ногирон. У сафарда бўлган ва қайта тиббий кўрикка ўз вақтида бора олмаган. У яна қайта кўрикдан ўтгандан сўнг, мамлакатда бўлмаган вақти учун пенсия тўланадими?
– Агар ногиронлиги бўлган шахс узрсиз сабабга кўра белгиланган муддатда қайта кўрикдан ўтиш учун тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормаган бўлса, унга пенсия тўлаш тўхтатиб турилади. У яна ногиронлиги бўлган шахс деб тан олинган тақдирда эса тўхтатиб турилган кундан эътиборан, лекин кўпи билан бир ой олдин пенсияни тўлаш қайта тикланади.
Қайта кўрикдан ўтиш муддати узрли сабабга кўра ўтказиб юборилганда, агар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси уни ана шу даврда ногиронлиги бўлган шахс деб топса, пенсия тўлаш тўлов тўхтатиб турилган кундан эътиборан то қайта кўрикдан ўтиш кунигача, лекин кўпи билан уч йил учун амалга оширилади. Бунда, агар ногиронлиги бўлган шахс қайта кўрикдан ўтказиш чоғида ногиронликнинг бошқа гуруҳига (юқори ёки паст гуруҳга) ўтказилган бўлса, пенсия кўрсатиб ўтилган вақт учун аввалги гуруҳ бўйича тўланади.
Агар умумий касаллик оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахсга меҳнат қобилияти тикланганлиги сабабли пенсия тўлаш тўхтатилган ёки у қайта кўрикдан ўтиш учун узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги оқибатида тўхтатиб турилган бўлса, кейинчалик у яна ногиронлиги бўлган шахс деб тан олинган тақдирда, агар пенсия тўлаш тўхтатилганидан кейин беш йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, илгари тайинланган пенсияни тўлаш ногиронлик белгиланган кундан эътиборан янгитдан тикланади. Агар беш йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, пенсия умумий асосларда янгитдан тайинланади (Қонун 55-м.).
Касаллик варақаси мавжуд бўлганда касаллик даврлари стажга киритиладими?
– Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврлари иш жойидан бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади. Бунда ушбу давр (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) иш стажига киритилади (Низом 60-б.).
Ушбу даврни стажга киритиш шарти қуйидагилардан иборат:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
