Вазият шуни кўрсатяптики, бу уй-жой соҳасида аллақачон аҳолининг турли хил баҳсларига сабаб бўлаётган навбатдаги янгилик бўлади. Ўзбекистонда тўрт ва беш қаватли уйларга лифт ўрнатиш дастури тайёрланмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутахассислари мамлакатда 14 637 та тўрт қаватли ва 7 541 та беш қаватли уй борлигини таъкидладилар. Жисмоний имкониятлари чекланган одамлар Вазирликка бундай уйларга лифт ўрнатиш таклифлари билан мурожаат қилмоқда. Шу муносабат билан уйларни кўтаргичлар билан жиҳозлаш дастурини ишлаб чиқиш бошланди.
Масалага мақсадга мувофиқлиги жиҳатидан ёндашсак, бу кутилмаган ҳолат. Уй-жой соҳасида бизда биринчи навбатдаги вазифалар етарли. Кўп уйларда том, ертўла, уйнинг олд қисми, йўлаклар таъмирланмаган, электрлаштириш тизими ачинарли ҳолатда. Бир қатор баланд қаватли уйлардаги лифтлар ҳам яхши ҳолатда эмас. Тўққиз қаватли ва ундан юқори уйларни замонавий лифтлар билан жиҳозлаш дастури давом этмоқда.
Вазирлик мутахассислари бошқа мамлакатларда тўрт ва беш қаватли уйларни лифтлар билан жиҳозлаш амалиёти кенг тарқалганини айтдилар. Мисол тариқасида улар ўрганаётган Австрия, Германия, Финляндия, Эстония ва бошқа мамлакатларнинг тажрибасини келтирдилар.
Аҳолида кўп саволлар туғилмоқда. Бу етарлича мураккаб ва қиммат лойиҳа – аҳолига навбатдаги янгилик учун қўшимча ҳақ тўлашга тўғри келмасмикин? Бу техник ва конструктив жиҳатдан қандай ҳал қилинади? Пудратчини ким танлайди? Асосан панелли уйлар ҳақида гап кетмоқда.
Реконструкция уларнинг зилзилабардошлиги, яшаш хавфсизлигининг пасайишига олиб келмасмикин? Сифат назорати ва бошқаларга нисбатан шубҳалар катта.
Қурилиш вазирлиги ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси вакиллари тўрт ва беш қаватли уйларга лифт ўрнатишдан олдин 9 ва 12 қаватли биноларда лифтлар билан боғлиқ муаммолар ҳал қилиниши кераклигини таъкидладилар.