Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 35 / Қонунчиликдаги янгиликлар

«Рақамли суд» қандай ишлайди

 

Ўзбекистонда 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида «Рақамли суд» концепцияси жорий этилмоқда (21.08.2025 йилдаги ПФ-140-сон). 

Бу кимларга дахл қилиши, қандай ишлаши ва автокамерал билан боғлиқ мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда қандай хатарларни ўз ичига олиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

 

Президентнинг 21 августдаги ПФ-140-сон Фармони билан «фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида» тажриба тариқасида «Рақамли суд» концепцияси жорий этилмоқда. Тажриба натижалари бўйича унинг кейинчалик 2026–2027 йилларда ҳамма жойда жорий этилиши тахмин қилинмоқда.

 

 

Ушбу тажриба нимани назарда тутади 

Асосий жиҳатлар қуйидагича:

• барча мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

• жараён иштирокчилари суд биноларига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамасида масофадан туриб иштирок этади;

• судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва харажатларнинг тахминий калькуляцияси шакллантирилади;

• тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

• суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади;

• ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

• суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади, суд мажлиси баённомалари СИ ёрдамида реал вақт режимида тайёрланади;

• 2025 йил 1 октябрга қадар маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга вазирлик ва идоралар томонидан маъмурий иш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни «E-ma'muriy ish» ахборот тизими орқали судларга тақдим этиб бориш тартиби жорий этилади.

 

 

Нима нотўғри бўлиши мумкин 

Шундай тизимлар кўп мамлакатларда жорий этилган – ва ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмаган:

1. Лойиҳа жуда мураккаб ва ёмон бошқариладиган бўлиб чиқиши мумкин (мисол – Нидерландларнинг суд тизимини рақамлаштириш лойиҳаси шу сабабларга кўра тўхтатилган).

2. Шахсий маълумотларнинг сиздирилиши, суд материалларининг ишончлилиги ва яхлитлигини йўқотиш бўйича потенциал хатарлар (мисол – 2024 йилнинг январь ойида Виктория штатининг (Австралия) рақамлаштирилган суд тизими киберҳужумдан жабр кўрган, натижасида суд мажлисларининг аудио– ва видеоёзувлари ўғирланган. Ва бундай ҳодисалар жаҳон амалиётида камдан-кам учрайдиган ҳол эмас).

3. Техник муаммолар (потенциал техник носозликлар, алоқанинг барқарор эмаслиги, видеоконференция билан боғлиқ муаммолар, ­иштирокчиларнинг ­ускуналарга кириши ва ҳ.к.). Бу ҳақда, хусусан, РФ манбалари хабар беради: «Амалиётда юристлар кўпинча судларнинг конференц-алоқа тизимлари билан таъминланмаслиги муаммосига дуч келади. Алоқа сифати баъзан қониқарсиз бўлади. Бир неча бор, ҳатто битта мажлис давомида ҳам гоҳ овоз, гоҳ тасвир, гоҳ ҳаммаси бирданига йўқолганлиги сабабли трансляцияни қайта тиклаш учун тўхташга тўғри келади. Иштирокчилар трансляциянинг қайта тикланишини кутишлари ва зарур бўлса, эълон қилинган позициялар бўйича такрорлашлари шарт».

Айниқса, Ўзбекистонда автокамерал назорат тизими жиддий созлашга муҳтожлиги ҳисобга олинганда, «рақамли суд» тадбиркорларга қўшимча муаммолар яратмаслиги керак.

Солиқ низоларини судгача ҳал этиш амалиёти шуни кўрсатадики, ушбу босқичда солиқ тўловчилар шикоятларининг аксарият қисми бўйича солиқ органларининг қарорлари кучида қолмоқда. Бу билвосита иқтисодий судларнинг бундай ишлар бўйича иш ҳажмини кўрсатади. Шу боис рақамлаштиришни ушбу соҳага жорий этиш вазиятни янада мураккаблаштирмаслиги жуда муҳим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.08.2025 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 119 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика