– Агар пенсионер доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган бўлса ва у фақат вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган бўлса, пенсия вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган муддат мобайнида тўланади. Шахсга пенсия яшаш гувоҳномаси ёки ID-картаси амал қиладиган муддат давомида тўланади.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлик, яшаш гувоҳномаси ёки ID-картасининг амал қилиш муддатининг тугаши билан вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш, яшаш гувоҳномаси ёки ID-картасининг кейинги санаси ўртасида узилиш мавжуд бўлган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсияни тўлаш вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш, яшаш гувоҳномаси ёки ID-картасининг янги санасидан бошлаб давом эттирилади. Бунда пенсияни тўлаш пенсия тўлаш тўхтатилган пайтдан бошлаб, бироқ 12 ойдан ошмаган муддат асосида давом эттирилади (592-сон Низом 153-б.).
Пенсионер қўшним қамоқда. Унинг пенсияси сақланиб қоладими?
– Йўқ. Тўлов озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилади. Бундан манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар мустасно (Қонун 62-м.).
Амаким ногиронлик пенсиясини олар эдилар. Ҳозир уни меҳнатга қобилиятли деб топишган. Унга пенсия тўлаш меҳнатга қобилиятли деб топилган санадан кейин дарҳол тўхтатиладими?
– Қайта кўрикдан ўтказилган шахс меҳнатга қобилиятли деб тан олинган тақдирда пенсия уни меҳнатга қобилиятли деб топилган ойнинг охиригача, лекин ногиронлик белгилаб қўйилган кунгача бўлган муддатга тўланади (Қонун 54-м.).
Пенсияни ҳисоблашда қандай муддат учун тўланган иш ҳақи олинади?
– Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади.
Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахс томонидан пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ариза ёки сўровномада ушбу банднинг биринчи хатбоши талабларидан келиб чиққан ҳолда у танлаган 5 йиллик давр кўрсатилади (592-сон Низом 78-б.).