Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 04 / Биз яшайдиган уй

Фуқароларнинг мурожаатларини улар шикоят қилаётган шахсларга юбориш тақиқланади

 

Кўп квартирали уйлар аҳолиси кўпинча уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши юзасидан давлат органларига мурожаат қилишади. Хусусан, ККУни бошқариш органларининг сифатсиз хизмат кўрсатиши, коммунал хизматларнинг сифатсиз тақдим этилиши, умумий мол-мулкдан ноқонуний фойдаланиш, давлат органларининг ККУни бошқариш ишларига аралашуви ва ҳоказолар ҳақида. Баъзан уларнинг мурожаатларига моҳиятига кўра эмас, белгиланган муддатларни бузган ҳолда ёки фуқаролар шикоят қилаётган ташкилотлардан жавоблар келади. «Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби қандай белгиланганини аниқлаштирмоқчи эдик, – дейишади ўқувчилар. – Давлат органи мурожаатни кўриб чиқишни рад этиши, аҳолининг аризасини уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузаётган тузилмаларга юбориши мумкинми? Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қандай, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунни (3.12.2014 йилдаги ЎРҚ-378-сон) бузганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган».

 

Давлат органи мурожаатни фуқаролар шикоят қилаётган шахсга юбориши мумкинми?

Жисмоний ва юридик шахслардан давлат органига келиб тушган мурожаатлар шу орган томонидан кўриб чиқилади. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмаса, бундай мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилади. Жисмоний ёки юридик шахсга бу ҳақда ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади (Қонун 18-м.).

 

Ўз мурожаатини қайтариб олиш мумкинми?

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Мурожаатни қайтариб олиш ҳақидаги ариза давлат органлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмайди (Қонун 18-м.).

 

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун қандай муддатлар белгиланган?

Ариза ёки шикоят давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганиш ёки текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса мурожаатни кўриб чиқиш муддати бир ойгача узайтирилади, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади. Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно. Бу ҳақда таклиф киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун ичида ёзма шаклда хабар қилинади (Қонун 19-м.).

 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилмай қолиши мумкинми?

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди. Мурожаат қилувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади (Қонун 6, 20-м.).

 

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунни бузганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликка зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини таъминламаслик, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқа шаклда танқид қилганлиги учун таъқиб этиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 дан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодекси 144-м.).

Прочитано: 72 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика