Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларни аниқлаш ҳамда улар бўйича ахборот олиш тартибини такомиллаштириш орқали давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда – низом) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ариза бериш тартибида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш;
товарларнинг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш бўйича экспертизадан ўтказиш;
маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни расмийлаштириш;
товарларни маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш тизими ҳаққонийлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар реестрини юритиш тартиби.
2. Электрон кооперация портали ҳамда давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат асосида маҳсулотларни жойлаштириш ва савдоларда фақат ушбу сертификатга эга тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишини босқичма-босқич амалга ошириш муддатлари 2-иловага** мувофиқ белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Статистика агентлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти ҳамда тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:
маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг реестри, улар томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ва хом ашё, материаллар тўғрисидаги маълумотларни юритиш бўйича интеграциялашган дастурий таъминот ишлаб чиқилиши ва ишга туширилишини;
интеграциялашган дастурий таъминотни манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари, шу жумладан, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ҳамда электрон кооперация портали билан ўзаро интеграция қилинишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тармоқ уюшмалари билан биргаликда:
тадбиркорларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни олиш учун аризалари ва ишлаб чиқариш жараёнларини кўриб чиқиш жараёнларида тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш ва уларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини;
Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни амалиётда қўллаш натижасида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушадиган таклифлар асосида мазкур Низомни такомиллаштириб бориш тўғрисида таклифлар киритиб борилишини таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 833-сон қарорига 3-иловага** мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
6. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
А.АРИПОВ.
Тошкент ш.,
2024 йил 28 октябрь
712-сон.
ЎзР ВМнинг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарорига
1-ИЛОВА
МАҲАЛЛИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН ТОВАРЛАРНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ
1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида ариза бериш тартибида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи – маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга сертификат олиш учун ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи ва ихтиёрий равишда мурожаат этувчи тадбиркорлик субъекти;
ваколатли орган – «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти;
ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш – эксперт томонидан ариза берувчининг ишлаб чиқаришини мазкур Низомда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш;
маҳаллий ишлаб чиқарилган товарни сертификатлаштириш (кейинги ўринларда – сертификатлаштириш) – Ўзбекистон Республикасида товарларнинг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш мақсадида экспертиза ўтказиш жараёни;
маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда – сертификат) – товарларни маҳаллий корхона томонидан ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шу жумладан, электрон шаклдаги ҳужжат);
Маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар реестри – маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга маҳаллий корхоналар ва улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати;
товар – маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ҳар қандай мол-мулк;
товар тури – Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (кейинги ўринларда – ТИФ ТН) коди 10 хонали даражада бир хил бўлган товарлар;
эксперт – ваколатли органнинг зиммасига экспертиза ўтказиш, экспертиза далолатномаси ёки эксперт хулосаси ва сертификатни расмийлаштириш функцияси юкланган вакили;
Ягона электрон ахборот тизими (ЯЭАТ) – аризаларни юбориш, уларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларининг барча босқичларини қамраб олган ваколатли органнинг электрон ахборот тизими;
ўхшаш товарлар – функционал мақсади, қўлланилиши, сифати ва техник хусусиятлари бўйича таққосланадиган, ТИФ ТН дастлабки 4 та рақами бир хил бўлган товарлар.
3. Сертификат ваколатли орган томонидан товарнинг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлаш мақсадида расмийлаштирилади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.
4. Товарнинг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш мақсадида мазкур Низомга 1-иловага*** мувофиқ схема бўйича экспертиза ўтказилади ва сертификат берилади.
2-БОБ. ТОВАРЛАРНИ МАҲАЛЛИЙ КОРХОНАЛАР ТОМОНИДАН ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ ҚОИДАЛАРИ
5. Қуйидагилар тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳаллий товар деб эътироф этилади:
мамлакат ҳудудида ўстирилган ёки маълум ҳуқуқлар асосида йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;
мамлакат ҳудудида туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;
мамлакат ҳудудида етиштирилган ўсимлик маҳсулотлари ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;
мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;
айнан юқорида кўрсатилган маҳсулотлардан тайёрланган товарлар.
6. Мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган товарлар билан бирга қуйидаги талаблардан бирига жавоб берган товарлар маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган деб тан олинади:
а) ишлаб чиқаришда фойдаланилган импорт материаллари қийматининг фоизлардаги улуши товар таннархида 70 фоиздан ошмаганда (маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан кам бўлмаганда).
Бунда маҳаллийлаштириш даражаси қуйидаги формула билан ҳисобланади:
МД = (1-ИМ/МТ)*100%, бунда 0<ИМ<МТ;
МД – маҳаллийлаштириш даражаси;
МТ – маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи;
ИМ – импорт бўладиган хом ашё, материал ва бутловчи қисмларнинг хорижий валютадаги қиймати (божхона тўловларини ҳисобга олган ҳолда) сўмда ифодаланган;
б) товар ишлаб чиқаришда фойдаланилган импорт хом ашё ва материалларни технологик жараёнлар орқали қайта ишлаш натижасида уларнинг ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта кодининг исталган бири даражасида ўзгариши содир бўлганда. Бунда ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта коди товар коди билан бир хил бўлган импорт материалларнинг иштирок этишига уларнинг фоизлардаги қиймати товар таннархида 5 фоиздан ошмаган ҳолларда рухсат этилади.
7. Импорт қилинган хом ашёлар маҳаллий етказиб берувчилардан сотиб олинганда маҳаллий хом ашё сифатида кўрсатилмайди. Ишлаб чиқаришда фойдаланилган, келиб чиқиши номаълум бўлган хом ашё материаллар ва бутловчилар хорижий материаллар (импорт) деб ҳисобланади.
8. Маҳаллий товарларни аниқлашда қийматли кўрсаткичлар товар ишлаб чиқариш учун сарфланган материал ва хом ашёларнинг корхонага кирим қилинган ҳужжатлари асосида ҳисобланади.
9. Қуйидаги ҳолларда ушбу Низомнинг 6-бандда кўрсатилган талаблар бажарилишидан қатъи назар, товарлар маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган деб эътироф этилмайди:
сақлаш ёки транспортда ташиш вақтида товарларнинг сақланишини таъминлаш бўйича операциялар;
товарларни сотиш ва транспортда ташишга тайёрлаш бўйича операциялар (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил қилиш, саралаш, қайтадан ўраш);
махсус билим, кўникмалар ёки махсус дастгоҳ, асбоб-ускуналар талаб қилинмайдиган оддий йиғув операциялари;
товарларни (таркибий қисмларни) аралаштириб ҳосил қилинган маҳсулотга унга дастлабки таркибидан жиддий фарқланадиган хусусиятларни бермаслик;
юқорида кўрсатилган операцияларнинг иккитаси ёки ундан ортиғини бир вақтда амалга ошириш;
чорва молларини сўйиш.
10. Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлашда, уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган иссиқлик ва электр энергияси, машиналар ва асбоб-ускуналарнинг келиб чиқиши инобатга олинмайди.
3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ТОВАРЛАРНИНГ МАҲАЛЛИЙ КОРХОНАЛАР ТОМОНИДАН ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ БЎЙИЧА ЭКСПЕРТИЗА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
11. Товарнинг маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганлигини аниқлаш мақсадида ариза берувчи экспертиза ўтказиш ва сертификат олиш учун ишлаб чиқариш манзили бўйича жойлашган ваколатли органга ЯЭАТ орқали мазкур Низомга 2-иловага*** мувофиқ шаклда электрон ариза тақдим этади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашё ва материалларнинг (шу жумладан, қисмларнинг) Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ишлаб чиқариш жараёни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ сертификатланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки хом ашё ва материалларнинг ишлаб чиқарувчиси номидан ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари ҳақида маълумот ёхуд тегишли тармоқлар номидан ишлаб чиқариш мавжудлигини тасдиқловчи маълумот);
корхонанинг ўзининг ёки ижарага олинган ишлаб чиқариш майдонлари, асбоб-ускуналари ҳақидаги охирги ҳисобот даврига корхона баланс ҳисоботида акс эттирилган маълумотлар, шунингдек, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё ва бутловчи қисмларни сотиб олиш бўйича шартнома ва ҳисобварақ-фактуралар;
ишлаб чиқаришда мавжуд ходимлар тўғрисидаги маълумотлар;
ишлаб чиқаришда импорт қилинган хом ашё материаллар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, божхона юк декларациялари тўғрисидаги маълумотлар.
12. Мазкур Низомнинг 11-банди тўртинчи-олтинчи хатбошларида кўрсатилган ҳужжатларни идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали вазирлик ва идоралардан тўғридан-тўғри олиш имконияти мавжуд бўлганда, ушбу ҳужжатларни аризага илова қилган ҳолда ваколатли органга тақдим этиш талаб этилмайди.
Мазкур Низом талаблари асосида вазирлик ва идоралардан тегишли маълумотларни олиш учун «Ўзбекэкспертиза» акциядорлик жамияти «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформасига уланади.
13. Товарларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашё ва бутловчи қисмларнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳамда тасдиқланмаган ҳолларда, ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашё ва материаллар келиб чиқиши номаълум товар сифатида баҳоланади.
Бунда, хом ашё ва материалларга (жумладан, қисмларга) нисбатан фақатгина мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган операциялар бажарилганлиги аниқланган ҳолларда, мазкур хом ашё ва материаллар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган деб эътироф этилади.
14. Ваколатли орган томонидан мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилмаган ҳужжатларни сўраб олиш тақиқланади.
15. Мазкур Низомнинг 2-иловага мувофиқ электрон аризада маълумотлар тўлиқ ҳажмда кўрсатилмаган ҳамда 11-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ҳолларда, ариза кўриб чиқилмайди ва бир иш куни мобайнида камчиликларни батафсил кўрсатган ҳолда рад жавоби берилади. Кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг аризани қайта топшириш мумкин.
Қайта топширилган аризани аввал кўрсатилмаган камчиликлар билан қайтарилишига йўл қўйилмайди.
16. Ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ариза қабул қилинган санадан бошлаб беш иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарни аниқлаш бўйича экспертиза ўтказилади ва натижасига кўра эксперт хулосаси ёки экспертиза далолатномаси тузилади ҳамда сертификат расмийлаштирилади.
17. Ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш тақдим қилинган ҳужжатларни ва товарни ишлаб чиқариш жараёнини ўрганишдан бошланади.
Эксперт қуйидагилар билан танишиб чиқиши ва ўрганиши керак:
мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳужжатларни;
товарни ишлаб чиқариш учун объектив шароитларни (белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий буюмлар, патентга эга инновацион маҳсулотлар бўйича ҳамда барқарорлик рейтингида «ААА», «АА» ва «А» тоифаларига мансуб бўлган тадбиркорлар мурожаат қилган ҳоллар бундан мустасно).
18. Товарни ишлаб чиқариш учун объектив шароитлар бевосита жойига чиққан ҳолда, ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечириш ёки онлайн ёхуд тақдим қилинган видеоёзувлар орқали ўрганиш мумкин. Бунда ишлаб чиқариш жараёни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ сертификатланган, лицензияланадиган фаолият тури бўлган тақдирда, ушбу фаолият учун талаб қилинган лицензия мавжуд бўлган товарлар бўйича онлайн ёки видеоёзувлар орқали ўрганишга рухсат этилади.
19. Экспертиза натижасида товарнинг Ўзбекистон Республикаси маҳаллий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилганлиги аниқланса, мазкур Низомга 3-иловага*** мувофиқ шаклда экспертиза далолатномаси расмийлаштирилади.
20. Экспертиза далолатномаси техник хусусиятлари ва моделидан қатъи назар товар турига ҳар бир товарнинг маҳаллийлаштириш даражаси ва корхонанинг бир йиллик ишлаб чиқариш қуввати миқдори кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади.
Бунда бир технологик жараён ва ускуналарда бир нечта турдаги товарлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлганда, ушбу технологик жараён ва ускуналарнинг бир йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати миқдори кўрсатилади.
21. Экспертиза ўтказишда бир товар тури доирасида:
техник хусусиятлари ва маҳаллийлаштириш даражаси кўрсаткичлари бўйича фарқ қиладиган товарлар;
турли моделдаги ва маҳаллийлаштириш даражаси кўрсаткичлари бўйича фарқ қиладиган товарлар аниқланган ҳолларда, ҳар бирининг техник хусусиятлари, модели ва маҳаллийлаштириш даражаси кўрсатилган ҳолда алоҳида экспертиза далолатномаси расмийлаштирилади.
Бунда товарларни мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа белгилари (мисол учун ўлчами, ранги) бўйича таснифлашга ва шу асосда алоҳида экспертиза далолатномасини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
22. Экспертиза далолатномасида тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ва ўрганиш натижалари кўрсатилган бўлиши ҳамда товар ишлаб чиқарувчисини аниқлашнинг аниқ асоси келтирилиши лозим.
23. Экспертиза далолатномаси бир нусхада расмийлаштирилиб, ваколатли органда сақланади.
24. Экспертиза натижасида товарнинг Ўзбекистон Республикаси маҳаллий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилганлиги тасдиқланмаган ва юқоридаги мезонлар талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган ҳолларда, ариза берувчи томонидан тақдим этилган товар Ўзбекистон Республикаси маҳаллий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган товар сифатида таснифлана олмаслиги тўғрисида сабаблари кўрсатилган ҳолда, мазкур Низомга 4-иловага*** мувофиқ шаклда эксперт хулосаси берилади ва QR код кўрсатилган ҳолда ЯЭАТ орқали тадбиркорга тақдим этилади.
4-БОБ. СЕРТИФИКАТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
25. Сертификат экспертиза далолатномаси асосида мазкур Низомга 5-иловага*** мувофиқ шаклда товар турига расмийлаштирилади.
26. Ҳар бир сертификат уни идентификация қилиш мумкин бўлган одатий тартиб рақамига ва QR кодга эга бўлиши керак.
27. Сертификатнинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган кундан бошлаб 24 ойни ташкил этади.
28. Аввал берилган сертификатни қайта расмийлаштириш зарурати туғилганда, ариза берувчи мурожаати асосида аввал берилган сертификат амал қилиш муддати давомида унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, жумладан, ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши натижасида сертификатни қайта расмийлаштириш мумкин. Бунда аввал берилган сертификатнинг рақами ва санаси, амал қилиш муддати сақланиб қолган ҳолда қайта расмийлаштириш санаси кўрсатилади.
Сертификатнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, агар ариза берувчи сертификат олиш учун қайта мурожаат қилган ҳамда мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ ҳужжатларда ўзгариш бўлмаган тақдирда, кейинги сертификат соддалаштирилган тартибда аввал тақдим этилган ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда берилади.
5-БОБ. МАҲАЛЛИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН ТОВАРНИ СЕРТИФИКАТЛАШ УЧУН ТЎЛОВ
29. Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш юзасидан экспертиза ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ариза берувчи томонидан қопланади.
30. Маҳаллий ишлаб чиқарилган товар бўйича экспертиза ўтказиш, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат ёки эксперт хулосасини расмийлаштириш учун ариза берувчи томонидан ваколатли органга БҲМнинг уч баравари миқдорида (ҚҚСни ҳисобга олмаганда) тўлов тўланади.
Бир товар тури ёки ўхшаш товарлар доирасида биттадан ортиқ экспертиза далолатномаси ва сертификатлар расмийлаштирилган ҳолларда, кейинги экспертиза далолатномалари ва сертификатлар учун БҲМнинг 0,1 баравари миқдорида (ҚҚСни ҳисобга олмаганда) тўлов тўланади.
31. Аввал берилган сертификат 28-бандга асосан қайта расмийлаштирилган ҳамда ҳужжатлардаги камчиликлар тўлдирилиб, икки ҳафта ичида қайта топширилган ҳолларда, БҲМнинг бир баравари миқдорида (ҚҚСни ҳисобга олмаганда) тўлов тўланади.
6-БОБ. МАҲАЛЛИЙ МАҲСУЛОТЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ
32. Ваколатли орган берилган сертификатларнинг маълумотлар базасини ўз ичига олган электрон тизим яратади ва у асосида сертификатга эга бўлган маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар реестрини юритади. Маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар реестри маълумотлари электрон маълумотлар алмашинуви орқали манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига юборилади.
33. Ушбу Низомга асосан аниқланган маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар реестри маълумотлари давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида, Электрон кооперация порталида ҳамда Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
34. Эксперт ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш жараёнида мазкур ташкилотда амал қилувчи техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши шарт.
35. Қонунчиликка мувофиқ эксперт экспертизанинг холислиги, сифати ва ўз вақтида ўтказилишига ҳамда экспертиза далолатномаси, эксперт хулосаси ва сертификатнинг лозим даражада расмийлаштирилишига жавобгардир.
Эксперт ишлаб чиқаришни экспертиза қилиш жараёнида тижорат сири сақланишини таъминлаши шарт.
36. Товарни сертификатлаш учун тақдим этилган маълумотларнинг ишончлиги ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар учун ариза берувчи жавобгардир.
37. Сертификат расмийлаштирилгандан сўнг ариза берувчи томонидан берилган маълумотлар ишончсиз эканлиги аниқланган ҳолларда, ваколатли орган берилган сертификатларни бекор қилиши мумкин.
Шунингдек, фуқаролар, жамоатчилик вакиллари, давлат буюртмачилари, рақобатчи-етказиб берувчилар ва давлат органларида маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатда кўрсатилган миқдор ва маълумотлар бўйича шубҳа туғилган тақдирда, улар маълумотларнинг ишончлилигини текшириш юзасидан ваколатли органга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Мурожаат ваколатли орган, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, тегишли тармоқ ва ҳудудий бошқарув органи ходимлари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил қилган ҳолда, беш иш куни давомида ишлаб чиқариш жойига чиққан ҳолда ўрганилади.
Ўрганишлар натижасида:
амалда товарнинг маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан камлиги, била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки ишлаб чиқариши кўзда тутилган товарларни четдан олиб келиб, ўз маҳсулоти сифатида сотиш ҳолатлари аниқланганда, ваколатли органга маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни бекор қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар реестридан чиқариш юзасидан;
амалда товарнинг маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан кўп, лекин сертификатда кўрсатилган миқдордан пастлиги ёки ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқа параметрларнинг сертификатда кўрсатилган миқдордан пастлиги аниқланса ваколатли органга берилган маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни вақтинча тўхтатиб туриш юзасидан таклифлар киритилади.
38. Ариза берувчи экспертиза ўтказиш ва экспертга ишлаб чиқариш жараёни билан тўлиқ танишиши учун зарур шароитларни яратиб бериши шарт.
39. Маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги эксперт хулосасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари экспертиза далолатномаси билан бирга сертификатнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин уч йилдан кам бўлмаган муддат давомида архивда сақланади.
40. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
41. Сертификат олишда тадбиркорлик субъектлари ва ваколатли орган ўртасида маҳаллийлаштириш даражасини ҳисоблаш ёки етарли ишлаб чиқаришни белгилашда низоли масалалар суд тартибида ҳал қилинади.
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.11.2024 йилдан кучга кирди.
**Ушбу қарорга 2–3-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.
***Ушбу Низомга 1–5-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.