29.08.2024 йилдаги ЎРҚ-950-сон Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, давлат органларининг мулкий муносабатларга қонунга хилоф равишда аралашишини чеклаш, шунингдек қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясига мувофиқлаштиришга қаратилган.
Хусусан, Уй-жой кодексининг 11-моддасига «ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматли қопланиши таъминланади» деган ўзгартишлар киритилди.
Уй-жой кодексининг 11-моддасига шунингдек «турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади» деган тузатиш киритилмоқда. Илгари бунга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли рухсати мавжуд бўлганда йўл қўйилган. Бу чоралар конституциявий кафолатларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтириш мақсадида қабул қилинган.