Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 51 / Биз яшайдиган уй

Давлат уй-жой фондидан ким уй-жой олиши мумкин?

 

2024 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларнинг муайян тоифасига аниқ мақсадли уй-жой коммунал фондидан уй-жой берилиши мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида (11.03.2024 йилдаги
124-сон ВМҚ)
назарда тутилган. Ҳужжат уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар тоифасини аниқлаштирди. Шу муносабат билан кўпчиликда бу механизм қандай ишлаши бўйича саволлар пайдо бўлмоқда.

 

Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш билан боғлиқ хизматлар қандай кўрсатилади?

– Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ давлат хизматлари фақат давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кўрсатилади.

 

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтожларга фуқароларнинг қайси тоифалари киритилган?

– Бу тоифага қуйидагилар киради:

• турар жой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойларда (бараклар, вақтинчалик уйлар, авария ҳолатидаги уйлар, ертўлаларда) яшовчи фуқаролар;

• ҳар бир оила аъзоси 16 кв.м дан кам (ногиронлиги бўлган ва кресло-аравачида ҳаракатланадиган шахслар учун – 23 кв.м дан кам) бўлган турар жой майдони билан таъминланган шахслар;

• ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар (мавсумий ва вақтинчалик ходимлар, шунингдек ўқишлар сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар бундан мустасно);

• қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан ортиқ оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;

• айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқаролар (рўйхат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган);

• уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар.

 

Мақсадли уй-жой коммунал фондидан қайси тоифадаги фуқароларга уй-жой берилади?

– Аниқ мақсадли уй-жой коммунал фондидан уй-жой (хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара ҳуқуқи асосида) бериладиган фуқаролар тоифасига қуйидагилар киради:

• 1941–1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналмилал жангчилар;

• шартнома бўйича ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар;

• айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқаролар;

• кўп болали оилалар;

• чин етим болаларни васийликка олган оилалар;

• уч нафар ва ундан зиёд меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар;

• ишламайдиган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

• кексайиб қолган ёлғиз пенсионерлар – ёлғиз яшайдиган кексалар, вояга етмаган болалар ёхуд қамоқда ва жазони ижро этиш муассасаларида, узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшайдиган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган пенсия ёшидаги шахслар (60 ёшга етган эркаклар, 55 ёшга етган аёллар);

• болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оилалар.

 

Фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга номзодлар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаати неча кунда кўриб чиқилади?

– Мурожаат махсус комиссия томонидан 10 кун ичида кўриб чиқилади. Натижага кўра фуқарони уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар рўйхатига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Мурожаатни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

 

Рўйхатга киритилган фуқароларга уй-жой қандай тартибда берилади?

– Рўйхатга киритилган шахсларга уй-жой тегишли ҳудудда фойдаланишга топширилаётган уй-жой майдонидан келиб чиққан ҳолда навбат тартибида берилади.

 

Қандай қилиб ордер олиш ва уй-жойни балансида сақловчи ташкилот билан ижара шартномасини тузиш мумкин?

– Уй-жой ажратиш тўғрисидаги қарорни туман (шаҳар) ҳокимияти қабул қилади. Қарор асосида ордер шакллантирилади ва давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали аризачига юборилади. Фуқаро ордерни олгандан сўнг 10 кун ичида турар жойни балансида сақловчи ташкилот билан ижара шартномасини тузади. Фуқаро ва унинг оила аъзолари ордер берилган кундан бошлаб 30 кун ичида турар жойга кўчиб кириши лозим.

Прочитано: 78 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика