Тавсияларга иқтисодиёт ва молия вазирининг 14.06.2024 йилдаги 133-сон буйруғига асосан янги 5-сон БҲМС тасдиқланганлиги муносабати билан ўзгартиришлар киритилди.
5-сон БҲМС 2025 йил 1 январдан кучга кириши сабабли тавсиялар шу санадан бошлаб амал қилади.
Асосий воситалар алмашинувини қандай ҳужжатлаштириш керак
Асосий воситаларни (АВ) бошқа активга алмашганда қуйидагиларни расмийлаштиринг:
● айирбошлаш шартномаси (ФК 30-боби);
● электрон ҳисобварақ-фактура;
● АВни қабул-қилиш топшириш далолатномаси (АВ-1-сон шакли).
Алмашиш шартномасида қуйидагиларни белгиланг:
● ҳар бир томон қандай қимматликларни ўтказишини;
● алмашиш қийматини;
● қўшимча тўлов суммаси ва шартини (зарур ҳолларда);
● қимматликларни қабул қилиш-топшириш тартибини.
Алмашиш шартномасига олди-сотди қоидалари қўлланилади. Шартноманинг ҳар бир томони ҳам ўтказилаётган қимматликларнинг сотувчиси, ҳам олинаётган қимматликларнинг харидори ҳисобланади (ФК 497-м.).
Кўчмас мулк ва автотранспорт билан боғлиқ битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши керак, шундан сўнг ушбу активлар бўйича эгалик ҳуқуқи пайдо бўлади (ФК 185-м.).
Бошқа ҳолларда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, алмаштириладиган активларнинг эгалик ҳуқуқи уларни ҳар икки томонга топширгандан кейин юзага келади (ФК 500-м.).
Ўзбекистонда мамлакат ичида бартер шартномаларини тузиш тақиқланган (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон, 4-б.).
Бошқасига алмашишда олинган асосий воситанинг бошланғич қиймати қандай аниқланади
Алмашиш йўли билан олинган АВнинг бошланғич қиймати берилган АВнинг қолдиқ қийматига тенг. Қўшимча тўлов билан алмашилган тақдирда, олинган АВнинг дастлабки қиймати алмашиш пайтида берилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига кўпайтирилган (камайтирилган) берилган АВнинг қолдиқ қийматига тенг (5-cон БҲМС 21-б.).
МИСОЛ. Қўшимча тўлов билан бошқа асосий воситаларга алмашиш эвазига олинган АВнинг бошланғич қиймати қандай аниқланади
ҚҚС тўловчиси бўлмаган корхона бошқа ташкилотдан трансформаторни бошқа турдаги трансформаторга алмаштириб олди.
Алмашиш шартномаси бўйича у бошқа томонга 5 млн сўм қўшимча тўлов тўлади.
Берилган трансформаторнинг қолдиқ қиймати – 22 млн сўм.
Етказиб бериш ва ўрнатиш харажатлари 6 млн сўмни ташкил қилди.
Қабул қилинган трансформаторнинг бошланғич қиймати – 33 млн сўм (22 + 5 + 6).
Асосий воситаларни алмашишда ҚҚС қандай ҳисобга олинади
Мол-мулкни (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишни) бошқа товарлар (ишлар, хизматлар) эвазига алмашиш реализация деб тан олинади (СК 46-м.).
АВни алмаштиришда ҚҚС бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади (СК 248-м. 3-қ.).
Агар ҚҚС тўловчиси бўлсангиз ва ҚҚС тўловчисидан АВни олган бўлсангиз, олинган ҳисобварақ-фактурадаги солиқ суммасини объектнинг бошланғич қийматига киритманг.
Сиз ҚҚСни тўлиқ миқдорда барча шартларга риоя қилган ҳолда ҳисобга қабул қилишга ҳақлисиз (СК 266-м. 1-қ., 266-1-м.).
Агар ҚҚС тўловчиси бўлмасангиз, етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасидаги солиқ суммасини сотиб олинган АВнинг бошланғич қийматига киритинг.
МИСОЛ. Бошқа асосий воситаларга алмашиш эвазига олинган АВнинг бошланғич қиймати қандай аниқланади
ҚҚС тўловчиси бўлган корхона бошқа ташкилотдан трансформаторни бошқа турдаги трансформаторга алмаштириб олди.
Алмашиш шартномаси тарафлар томонидан қўшимча тўлов тўламаслик шарти билан тузилган.
Берилган трансформаторнинг қолдиқ қиймати – 22 млн сўм, ҚҚСсиз.
Етказиб бериш ва ўрнатиш харажатлари 6 млн сўмни ташкил этди.
Олинган трансформаторнинг бошланғич қиймати – 28 млн сўм (22 + 6).
ҚҚС суммаси – 2,64 млн сўмни (22 х 12%) ҳисобга қабул қилишга ҳақлисиз, агар АВдан ҚҚС солинадиган фаолият бўйича (шунингдек ноль даражали ставка бўйича) фойдаланилса (СК 266-м. 1-қ. 1-б.).
Амалга оширилаётган фаолият турига боғлиқ бўлмаган енгил автомобилларни, мотоциклларни, вертолётларни, моторли қайиқларни, самолётларни, шунингдек моторли воситаларнинг бошқа турларини олишда ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайди (СК 267-м. 2-қ.).
Бошқасига алмашиш эвазига олинган асосий воситаларни қандай ҳисобга олиш керак
Бошқасига алмашиш эвазига олинган асосий воситаларни бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттиринг:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
|
АВ объектининг бошланғич (тикланиш) қиймати ҳисобдан чиқарилди |
9210 |
0100 |
Жамғарилган эскириш ҳисобдан чиқарилди |
0200 |
9210 |
АВни қўшимча тўловсиз бошқасига алмашиш эвазига АВ объектлари келиб тушди (берилган объектнинг қолдиқ қиймати бўйича) |
0520 ёки 0100 |
9210 |
АВни қўшимча тўлов билан бошқасига алмашиш эвазига АВ объектлари келиб тушди |
0820 ёки 0100 |
9210 6990 |
Пул маблағларини олиш билан АВни бошқасига алмашиш эвазига АВ объектлари келиб тушди |
0820 ёки 0100 4890 |
9210 |
АВни алмашишдаги харажатлар акс эттирилди |
9210 |
1000; 6520; 6710 |
АВ объектини қайта баҳолаш қолдиғи ҳисобдан чиқарилди |
8510 |
9210 |
АВни алмашишдаги фойда акс эттирилди |
9210 |
9310 |
АВни алмашишдаги зарар акс эттирилди |
9430 |
9210 |