Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 45 / Хўжалик юритиш қоидалари

Киритилган қўшимча ҳиссани қайтариб олиш

 

Корхона қурилиш ташкилоти ва ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Ҳозирги кунда янги қурилиш объекти олинган бўлиб, қурилиш смета ҳужжатларини буюртмачи ташкилотдан олдик. Корхонамиз ягона таъсисчиси ва раҳбари томонидан янги қурилиш объектига зарур бўлган барча қурилиш материалларини корхона устав фондини шакллантириш мақсадида олиб кириш таклиф қилинмоқда. Устав фондини шакллантириш орқали киритилган қурилиш материалларининг барчаси қурилиш объектига смета ҳужжатларига асосан ишлатилади ва буюртмачига топширилган бажарилган иш ҳажмида кўрсатилади. Буюртмачи томонидан бажарилган қурилиш ишлари учун келиб тушган пул маблағи ҳисобидан солиқ ва бошқа мажбуриятлар тўланади. Қурилиш ишлари якунлангандан сўнг корхона ихтиёрида қоладиган пул маблағларини корхона таъсисчиси пул кўринишида олиб чиқиб кетмоқчи.

Корхона таъсисчиси томонидан устав фондини шакллантириш мақсадида кирим қилинган қурилиш материаллари ўрнига пул маблағларини олиб чиқиш жараёнида қандай солиқ мажбуриятлари юзага келади (ташкилотга ва таъсисчига)?

 

– Устав фонди, жамият иштирокчисининг қўшимча ҳиссаси эвазига оширилиши мумкин ва бунинг тартиби белгиланган (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон ЎРҚ 18-м.).

Ягона таъсисчининг қурилиш материали сифатида киритган улушини кейинчалик пул маблағлари кўринишида қайтариб олиши, ушбу хўжалик операциясини устав фондини оширишга эмас, балки реализацияга ўхшатмоқда. Агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органлари солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартиришга ҳақли (СК 14-м. 2-қ.). Бундай ҳолатда қурилиш материалларини реализация қилган жисмоний шахсинг даромади ЖШДСга тортилади (СК 365-м.).

Жамият, устав фондини камайтиришга ҳақли (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон ЎРҚ 19-м. 1-қ). Таъсисчи жамият УФни камайтириш орқали улушини ёки унинг бир қисмини пул кўринишида ҳам олиши мумкин.

Устав фонди камайганда ва таъсисчига киритилган улуши доирасидаги тўлов амалга оширилганда даромад ва харажатлар, шунингдек улар билан боғлиқ солиқлар ҳам юзага келмайди, шу жумладан жамиятда ҳам. Фақат, тугатиш чоғида юридик шахснинг иштирокчисига ушбу иштирокчининг шу юридик шахснинг устав фондидаги улуши миқдоридан кўп бўлган қисми бўйича пул ёки натура шаклидаги тўловлар дивиденд дея эътироф этилади (СК 41-м. 1-қ. 2-б.).

Таъсисчи улушини қайтариб олиш ўрнига фойдадан дивиденд олиши ҳам мумкин. Дивиденд миқдорини (фойда тақсимотини) таъсисчилар белгилайди ва таъсисчилар умумий йиғилишининг (ёки якка таъсисчининг) қарорида акс эттирилади (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон ЎРҚ 25-м., ­30-м. 1-қ).

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахсларнинг дивиденд тарзидаги даромадлари 5% ставкада ЖШДСга тортилади (СК ­381-м. 2-қ.). Дивиденд тўлаётган корхона солиқ агенти сифатида ушбу дивиденддан олинадиган ЖШДСни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиб бериши керак (СК 386-м. 1-қ).

 

buxgalter.uz.

Прочитано: 76 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика