Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи учун жарималарни қўллаш қоидалари ўзгарди (7.09.2024 йилдаги 551-сон ВМҚ).
– Ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш ва назорат қилиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, 45 кун (кичик тадбиркорлик субъектлари – 90 кун) ичида ташқи савдо шартномалари бўйича активлар репатриациясини таъминламаган ТИФ иштирокчилари жаримани тўлаш тўғрисидаги талабнома юборилган санадаги Марказий банк курси бўйича жарима тўлайдилар.
Хўжалик субъекти талабнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида муддати ўтган дебиторлик қарзини қоплаганлиги ёки жарима тўлаганлиги ҳақида солиқ органига ёзма ёки электрон тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда хабар бериши шарт. Акс ҳолда жарима суд тартибида ундирилади.
Ўзгартиришлар Низомнинг 28-бандига тегишли. Хусусан:
Низомнинг 28-банди 19-хатбошиси ўз кучини йўқотди. Энди субъект талабнома асосида жаримани ихтиёрий тўлаган кундан бошлаб 90 кун ичида ташқи савдо шартномалари бўйича валюта маблағларининг келиб тушишини ёки товарларнинг келиб тушишини ва уларни «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштиришни (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) таъминлаган бўлса, тўланган жарима суммаси қарз миқдорига мутаносиб равишда қайтарилиши тўғрисидаги норма йўқ.
Низомнинг 28-банди 24-хатбошиси янги таҳрирда қабул қилинди. Энди, агар хўжалик субъекти аризада кўрсатилган ташқи савдо шартномалари бўйича активлар суммасининг тўлиқ репатриациясини жарима қўллаш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганидан кейин 120 кун ичида (аввалги таҳрирда – 90 кун) таъминласа, унга тўланган жарима суммасининг 75 фоизи қайтарилади (аввалги таҳрирда жарима тўлиқ қайтарилган).
Бунда ҳисобланган жарима суммаси солиқ қарзи деб тан олинади.
Пулни йўқотмаслик учун валюта шартномалари (импорт, экспорт) бўйича дебиторлик қарзини инвентаризация қилиш ва белгиланган муддатларда активлар репатриациясини таъминлашни тавсия этаман.
Гулнора ЭРГАШЕВА,
солиқ маслаҳатчиси.