Президент томонидан 30.09.2024 йилдаги «Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-151-сон Фармон имзоланди.
Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилмоқда.
2025 йилда 29,2 минг га ер майдонида янги интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилмоқда.
Захирадаги ер участкалари янги саноат интенсив боғлари ва узумзорларини барпо этиш учун Агентликка ёки у томонидан танланган тадбиркорлик субъектига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи билан ажратилади. Бунда, истисно тариқасида:
● инвестиция лойиҳасининг қиймати 10 млн АҚШ долларидан кам бўлишига;
● энг яхши таклифни танлаш бўйича танлов ўтказилмаслигига;
● олдиндан махсус ҳисобвараққа пул жойлаштирмасдан ҳамда ер участкаларининг аниқ рўйхатини ер ижараси шартномаларида белгилаш шарти билан ер участкаларини реализация қилишга рухсат берилади.
Агентликка ўзига ижара ҳуқуқи билан ажратилган ер участкаларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида тадбиркорлик субъектларига қайта ижарага бериш ҳуқуқи берилади.
Ер участкаси боғ ва токзорлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан 30 йил муддатгача ижарага берилади.
Янги боғларни барпо этишни Жамғарма кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари орқали молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилмоқда:
● биринчи босқичда – ерни экишга тайёрлаш учун имтиёзли кредитнинг 10 фоизгача миқдорида;
● иккинчи босқичда – кўчат сотиб олиш ва экиш харажатларига имтиёзли кредитнинг 40 фоизгача миқдорида;
● учинчи босқичда – суғориш тизимларини ўрнатиш харажатларига имтиёзли кредитнинг 30 фоизгача миқдорида;
● тўртинчи босқичда – боғ ҳосилга киргунга қадар 3 йил парваришлаш харажатларига имтиёзли кредитнинг 20 фоизгача миқдорида ажратилади.
Бунда:
● янги боғларни барпо этиш бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларида кўзда тутилган ер майдонига мутаносиб равишда, аммо 1 гектарга кўпи билан БҲМнинг 500 бараваридан ошмаган миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилади;
● ташаббускорларга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан банк маржаси 4 фоиз) миллий валютада 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредитлар ажратилади;
● мазкур шартлар мева ва узум маҳсулотларини замонавий саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаларига ҳам татбиқ этилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
● туман (шаҳар) комиссияси томонидан иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва кам ҳосилли боғ ва токзорлар деб хулоса берилган санадан бошлаб 12 ой давомида янги боғ ёки токзорлар барпо этилмаган тақдирда ушбу боғ ва токзорлар жойлашган майдонлар учун ер солиғи 3 бараварга оширилади;
● Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинган хорижий кредитлар ҳисобидан замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш ҳамда майдони 1 гектар ва ундан юқори бўлган янги боғлар барпо этиш лойиҳаларини, техник-иқтисодий асослари мавжуд бўлганда ҳамда Агентлик томонидан ижобий хулоса берилганда амалга оширишга рухсат этилади. Бунда ташаббускорлар янги боғларни барпо этишда ўз эҳтиёжлари учун хорижий давлатлардан рўйхатдаги пайвандтагли мевали кўчатлар ва пайвандтаглар, пайвандустлари, оналик материаллари ва техникаларни импорт қилишда ҚҚС ва божхона божларидан озод этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.10.2024 йилдан кучга кирди.
Собир НУРБЕРДИЕВ.