Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (Қўмита, Монополияга қарши қўмита) маълумотларига кўра, мурожаатларнинг катта қисмини фуқароларнинг чиқинди олиб чиқиб кетиш учун тўловни асоссиз ҳисоблаш тўғрисидаги шикоятлари ташкил этади. Мурожаатлар Қўмитага ҳам бевосита, ҳам ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушмоқда. Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси қаттиқ маиший чиқиндилар (ҚМЧ)ни тўплаш ва олиб чиқиб кетишда юзага келадиган турли муаммолар билан боғлиқ истеъмолчилар мурожаатлари мониторингини ўтказди.
Статистика маълумотларига кўра, Қашқадарё вилояти 15 та туман ва 821 та маҳалладан иборат бўлиб, аҳолиси 3 482,3 минг кишини ташкил этади. Текширув давомида ҳозирги вақтда ҚМЧни олиб чиқиб кетиш корхоналари 762 та маҳаллага (2 533,04 минг киши) хизмат кўрсатаётгани аниқланди. Хизматлар билан маҳаллаларнинг 92,8%и ёки вилоят аҳолисининг 72,7%и қамраб олинган.
Лекин аҳолини ишончли ва тўлиқ ҳисобга олиш йўқлиги, маҳалла қўмиталари билан оммавий оферта асосида чиқинди олиб чиқиб кетиш бўйича шартномалар тузилиши туфайли кўплаб хонадонлар (шу жумладан хизматдан фойдаланмайдиганлар, вақтинча уй ҳудудида яшамайдиганлар ёки сифатдан норози бўлганлар) хизматлар учун асоссиз ҳисобварақалар олмоқда. Аҳолининг норозилигини чиқиндини олиб чиқишнинг 10-15 кунга кечикиши ҳам келтириб чиқармоқда. Буларнинг барчаси Вазирлар Маҳкамасининг «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚ) зиддир.
Текширув давомида 2024 йилнинг биринчи чорагида истеъмолчиларга чиқинди олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳисобланган қарздорликлар, шу жумладан уларга хизматлар кўрсатилмаган даврлар ўрганилди.
Таҳлил шуни кўрсатдики, қарздорликлар таркибида умумий аҳоли сони 1 452 276 киши бўлган 351 153 та хонадонда кўрсатилмаган хизматлар учун 15 млрд 593 млн 340 минг 700 сўм суммаси аниқланди. Натижада 10 929 445 471 сўм суммада қарздорлик истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Монополияга қарши қўмита эслатади:
Тадбиркорлик субъектлари чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилишлари, ўзларига бириктирилган ҳудудларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ҳар йили аҳоли сонини ҳисобга олиш ва аниқлаштириш ишларини ўтказишлари лозим.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги тўплаш пунктларидан суткада бир марта ва якка тартибдаги турар жой секторидан уч кунда бир марта бўлиши керак.
Чиқинди контейнерлари пиёдалар, ногиронлар, болалар аравачалари ва велосипедлар ҳаракатига халақит бермайдиган қулай жойларда ўрнатилиши ҳамда тоза ва тартибли сақланиши, барча санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига мос келиши керак.