Жорий йилнинг апрель ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қонун лойиҳаси рад этилди, унинг қабул қилиниши кўплаб уй-жой соҳаси ходимларининг фикрича, ККУда дебиторлик қарзларини камайтириш муаммосини минималлаштиришга имкон берар эди. Oliy Majlis Qonunchilik palatasi телеграм каналида хабар берилишича, мажлисда коммунал тўловларни суд орқали ундириш шартларини яратишга қаратилган қонун лойиҳаси концептуал равишда биринчи ўқишда кўриб чиқилган. У ККУ бошқарув органларини умумий мулкни сақлаш бўйича мажбурий тўловларга оид қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар билан судларга мурожаат қилганда давлат божини олдиндан тўлашдан озод қилишни таклиф қилган. Лекин депутатларнинг фикрича, таклиф этилган ўзгартиришлар халқнинг асосли эътирозларини келтириб чиқариши мумкин эди. Қонун лойиҳаси овозга қўйилди ва етарли овоз тўпланмаганлиги сабабли рад этилди.
Нима учун судларга истамай борадилар?
Бу уй-жой соҳаси ходимларида бир қатор саволларни туғдирди. Дебиторлик қарздорлигини суд тартибида ундириш – уни камайтиришнинг энг самарали йўли. Уй аҳлини уни ихтиёрий равишда тўлашга кўндириш ва суҳбатлар деярли натижа бермайди. Лекин шу билан бирга бошқарув органлари раҳбарлари камдан-кам ҳолларда судларга мурожаат қиладилар. Буни даъво аризаларини топширишда тўловларни тўламайдиганларнинг ҳар бири учун давлат божини тўлашлари шартлиги билан изоҳлайдилар. Унинг миқдори анча юқори.
Одатда, даъволар битта-иккита эмас, балки тўловларни тўламайдиганлар гуруҳи устидан берилади. У ҳолда бож анча катта сумма чиқади, бунга уй учун қандайдир ишларни бажариш ва унинг техник ҳолатини яхшилаш мумкин. Кўп ҳолларда ККУнинг умумий мулкини сақлаш бўйича бадаллар ва тўловлар бўйича қарздорлик билан боғлиқ даъволар бошқарув органи фойдасига ҳал қилинади ва суд божни қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради. Лекин у қачон қайтарилади? Суд қарорларини ижро этиш йилларга чўзилади.
Тўлашни истамайдилар, қўшнилар ҳисобидан яшайдилар
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ унинг тўловчилари ваколатли муассасаларга мурожаат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар ҳисобланади. Ширкатда ашаддий қарздорлар устидан даъво топширилганда бож уй учун бажариладиган ишларга тўловни ўз вақтида тўлаб борувчи интизомли аҳоли маблағлари ҳисобидан ундирилади. Улар учун бу анча суммага айланади. Уни олдиндан тўлашни бекор қилиш, кўпчиликнинг фикрича, ҳеч бўлмаганда бу йўқотишларни сақлаб қолиши ва уларни умумий эҳтиёжларига йўналтириш имконини бериши мумкин. Қарздорлар уй учун ишларни бажаришга тўсқинлик қиладилар. Лекин шу билан бирга БК ёки ХУЖШ виждонли қўшниларнинг бадаллари ва тўловлари ҳисобидан таъминланадиган барча неъматлардан фойдаланадилар.
БКда бож юридик шахснинг фойдасидан тўланади. У қачон қайтади – бу ҳам номаълум. Балки бир, икки, уч йилдан кейин – маблағлар қадрсизланганда қайтар. Бошқарув компаниялари учун бу ҳам ўз маблағларини йўқотишдир. Шунинг учун улар ҳам судга истамай борадилар.
Виждонли тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш
Бу муаммо анчадан бери муҳокама қилинмоқда, уни ечиш кутилмоқда, ҳеч бўлмаганда даъволарни топширишда давлат божини олдиндан тўлашни бекор қилиш даражасида. Кўпчилик, умуман олганда, бу кўп қаватли уй-жой фондининг ҳолатини яхшилашга таъсир қилиши мумкин деб ҳисоблайди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 30 апрель ҳолатига ККУда яшовчиларнинг дебиторлик қарздорлиги тахминан 207 млрд сўмни ташкил этди. У анча секинлик билан қисқармоқда.
«Норма»нинг мавзувий нашрларида биз бу масалаларни бир неча бор кўтардик. Қарздорликни ундириш янада натижали бўлиши учун бошқарув органлари йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиш зарурлигини асослаб бердик. Даъволарни топширишда божни олдиндан тўлашни бекор қилиш тўғрисидаги таклиф виждонли тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам қаратилган. Ахир масъулиятсиз қўшниларнинг бадаллар ёки тўловларни тўлашни истамаслиги туфайли улар режалаштирилган ишлар ва хизматларни олишда чекловларга дуч келадилар. Қонун чиқарувчилар томонидан ташаббусни қўллаб-қувватлаш БК ва ХУЖШларга судларга фаолроқ мурожаат қилиш имконини бериши мумкин.
Давлат божини бекор қилиш кимда эътироз туғдириши мумкин?
Депутатларнинг қарздорликни суд орқали ундиришни соддалаштириш «халқнинг қонуний эътирозларини келтириб чиқариши мумкин» деган асослари кўпчиликка тушунарсиз ва уни турлича талқин қилмоқдалар.
Қонун чиқарувчилар нимани назарда тутишган? «Тўловларни тўламайдиганлар туфайли азият чекаётган виждонли мулкдорларда эътироз бўлмайди, – дейдилар бошқарувчилар.
– Қонунларни бузаётган, бошқалар ҳисобидан бемалол яшаётган қарздорларнинг эътирозлари эса аҳамиятга эга эмас. Белгиланган қонунчиликка мувофиқ, улар бадаллар ёки тўловларни ўз вақтида тўлашлари шарт».
Бошқарув органлари даъволарни судларга божни тўлаш зарурлиги туфайли эмас, балки уларнинг кўпчилиги ўз мажбуриятларини бажармаётгани: уй учун зарур ишларни бажармаётгани ёки ишлар ва таъмирлаш сифати яхши эмаслиги туфайли топширмаётгани тўғрисида фикрлар ҳам бор. Бундай ҳолда мулкдорлар мажбуриятларни лозим даражада бажармаслик, моддий зарар ва маънавий зиён етказилганлиги тўғрисида қарши даъволар топширишлари мумкин. Шунда БКда тўловларни тўламайдиган мулкдорга талаблар қўйиш учун асослар бўлмайди.
Аслида масала анча чуқурроқ. Умуман олганда, қонунчилик ҳужжатининг ҳар қандай нормаси бошқа қонунларнинг тамойиллари ва нормаларига мос келиши керак. Хусусан, божни олдиндан тўлашни бекор қилиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган жиддий ҳолатлардан бири – тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларининг бузилишидир. Шунинг учун қонун чиқарувчи органнинг позицияси юридик жиҳатдан асосланган, лекин, шунга қарамай, суд қарорларини ижро этиш масаласи эътибор талаб қилади.