Norma.uz
СБХ / 2024 йил / № 27 / Бухгалтерга тавсиялар

Корхоналарнинг маркировкаланган салқин ичимликлар билан ишлаш тартиби

 

2024 йил 1 мартдан ТИФ ТН коди 2009, 2201, 2202 бўлган қуйидаги салқин ичимликларни рақамли маркировкалашни жорий этиш бошланди (01.11.2022 й. 631-сон ВМҚ 2-б., Рўйхат 1-б., 01.11.2022 й. 631-сон ВМҚга 1-илова):

● ачитилмаган ва таркибида спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси бундан мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликлар;

Бу улгуржи ва чакана савдо корхоналари ишида нимани ўзгартиради, янги вазифаларни қандай бажариш керак. Шу масалаларни мазкур тавсияда кўриб
чиқамиз.

Рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун СК 227-1-моддаси ва МЖТКнинг 166-моддасида назарда тутилган жарима солинади.

 

Салқин ичимликларни рақамли маркировкалаш тўғрисидаги маълумотларни ЭҲФ ва чекларда акс эттириш қачон мажбурий бўлади?

Рақамли маркировкалаш товарларнинг ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчидан охирги истеъмолчигача бўлган ҳаракатини кузатиш имкониятини таъминлайди. Бунинг учун ҳар бир қадоққа ноёб (такрорланмас) код ёзилади. Код божхона юк декларациясида, ҳисобварақ-фактураларда ва онлайн-НКТ тизимида мажбурий акс эттирилиши керак. Натижада, «Asl Belgisi» тизими маълумотларига кўра, товарларнинг ҳаракатини кузатиш мумкин.

Ҳисобварақ-фактураларда рақамли маркировкалаш кодларини акс эттириш 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб, онлайн-НКТ чекларида товарлар мажбурий рақамли маркировкаланиши кераклиги тўғрисидаги белгини қўйиш 2025 йил 1 мартдан бошлаб мажбурий бўлади (График 4-б., 01.11.2022 й. 631-сон ВМҚга 4-илова).

Ушбу саналар келиши билан рақамли маркировкалаш белгиларисиз ҳисобварақ-фактуралар ва чекларни расмийлаштириш имконсиз бўлиб қолади. Буни амалга оширишга ҳаракат қилганингизда, солиқ органларининг ахборот тизимлари хатоликни кўрсатади. Хозирча сиз ўз ташаббусингиз билан ихтиёрий равишда ҳужжатларга рақамли маркировкалаш ҳақида маълумот қўшишингиз мумкин.

 

 Ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТ чекларида рақамли маркировкалаш тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиш мажбурий бўлгандан сўнг, қуйидаги қоидаларга амал қилинг:

1) сотувчи ЭҲФ ни харидорга товар юклаб жўнатилган (топширилган) кундан бошлаб 3 иш куни ичида, лекин товар учинчи шахсларга бериб юборилиши кунидан кечиктирмасдан, тақдим этиши шарт (Қоидалар 66-б., 31.12.2020 й. 833-сон ВМҚга 1-илова);

2) харидор товарни у олинган кундан бошлаб 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда, аммо ушбу товарни учинчи шахсларга бериб юбориш кунидан кечиктирмасдан, қабул қилиши (тасдиқлаши), шарт (Қоидалар 67-б., 31.12.2020 й. 833-сон ВМҚга 1-илова);

3) товарни тадбиркорлик субъектига қайта сотиш учун реализация қилиш фақат электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган тақдирдагина мумкин.

 

ВАЗИЯТ. «Asl Belgisi» тизимида улгуржи сотувчи томонидан сотиб олинган маркировкаланган ичимликлар ишлаб чиқарувчига тегишли бўлиб қолмоқда. 

Улгуржи сотувчининг «Asl Belgisi» тизимидаги шахсий кабинетида кейинчалик сотиш учун у томонидан сотиб олинган ичимликлар партияси акс эттирилмаган.

Муаммо нимада ва бу муаммони қандай ҳал қилиш керак?

þ Ушбу маҳсулот учун ҳисобварақ-фактура тўғри расмийлаштирилганини текшириш керак. Унда рақамли маркировкалаш кодлари бўлиши керак ва ҳисобварақ-фактуранинг ўзи харидор ва сотувчи томонидан тасдиқланиши керак.

Бундай ҳолларда, тўлдирилган ҳужжатлардаги камчиликлар бартараф этилмагунча, товарларни учинчи шахсларга сотманг.

2024 йил 1 ноябрдан маркировкаланган салқин ичимликларни агрегация қилиш бошланади. Ушбу қулайликдан фойдаланинг.

Товарлар гуруҳ ёки транспорт (ташқи) қадоқларда сотилганда ҳисобварақ-фактураларда ва онлайн-НКТ чекларида қадоқнинг SSCC-кодини кўрсатиш кифоя ва ҳар бир ичимлик идишини алоҳида қаторга ёзманг. Бундай ҳолда, рақамли маркировкалаш пайтидан бошлаб ташқи қадоқ яхлитлигига эътибор бериш муҳимдир. Ташқи қадоқ маркировкаси қадоқ ичидаги ҳар бир бирлик ҳақида маълумотни ўз ичига олади.

Агар у бузилган бўлса, ҳисоб юритишда муаммоларни олдини олиш учун ҳар бир ичимлик идиши билан алоҳида қаторда ёзинг.

 

ВАЗИЯТ. Сотувчи харидорнинг илтимосига кўра, блокдаги ичимлик солинган шишаларни алмаштирди

Мижоз ҳар хил таъмга эга бир хил ичимликдан 6 та шиша сотиб олди.

Қулайлик учун сотувчи битта блокни очди ва ундаги 3 та шишани харидор сўраганидек, бошқа таъмга эга ичимлик билан алмаштирди. Товарни бераётганда, бунинг аҳамияти йўқ, деб ўйлаб, қадоқдаги рақамли маркировкани сканерлади, чунки ичимликнинг нархи таъмидан қатъи назар бир хил эди.

Қадоқдан чиқарилган шишаларни бошқа мижозга сотишда касса аппарати хатолик ҳақида хабар берди. «Asl Belgisi» тизими маълумотларидан эса, омборда битта таъмли ичимлик етишмаслиги, бошқа таъмга эга ичимликнинг ортиқчалиги борлиги маълум бўлди.

Нима учун шундай бўлди ва бундай вазиятлар юзага келмаслиги учун нима қилиш керак?

þ Агрегациялашган қадоқ коди ундаги ҳар бир кичик қадоқ ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Агар маҳсулотнинг қадоғи рақамли маркировкалаш кодлари қўлланилгандан сўнг очилган бўлса ва ундан маҳсулотлар олинган ёки алмаштирилган бўлса, у ҳолда агрегациялашган коддан фойдаланиш мумкин эмас. Бундай ҳолда, сотувчи ҳар бир шишадаги рақамли маркировкалаш кодини ўқиши керак.

 

Рақамли маркировкалаш маълумотларини ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларида мажбурий акс эттиришдан олдинги даврда нима қилиш керак

Улгуржи савдо корхоналари 2024 йил 1 ноябргача, чакана савдо корхоналари эса 2025 йил 1 мартгача фақат бозорни маркировкаланган салқин ичимликлар билан тўлдиришда иштирок этадилар (График 4-б., 01.11.2022 й.
631-сон ВМҚга 4-илова)
.

Ушбу даврда салқин ичимликлар ишлаб чиқарилган санага эътибор беринг. Агар улар 2024 йил 1 мартдан кейин чиқарилган бўлса, у ҳолда шишада (қадоқа, ўрамда) мажбурий тарзда DataMatrix бўлиши керак.

Агар бу шарт бажарилмаса, товарларни сотувга қабул қилманг.

Мажбурий маркировкалаш бошланишидан олдин ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улгуржи сотувчиларга 2024 йил 1 ноябргача, чакана сотувчиларга эса 2025 йил 1 мартгача реализация қилиш керак (График 4-б., 01.11.2022 й. 631-сон ВМҚга 4-илова). Ушбу муддатлардан кейин бундай маҳсулотларни реализация қилиш тақиқланади ва улар ҳисобдан чиқарилиши керак.

2D-сканерларга эга бўлинг, улар сизга сотилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни ҳисобварақ-фактурага ва онлайн-НКТ чекига киритишда ёрдам беради. Ускунани керакли тарзда созланг.

Ёрдам сўраб электрон ҳисобварақ-фактура оператори ва онлайн-НКТ техник хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилинг.

Фаолият юритаётган улгуржи савдо корхоналари 2024 йил 1 майгача ва чакана савдо корхоналари 2024 йил 1 сентябргача aslbelgisi.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари ва шахсий кабинетга эга бўлишлари лозим (График 1-б., 01.11.2022 й. 631-сон ВМҚга 4-илова).

Янги ташкил этилган савдо корхоналари ассортиментида маркировкаланган товарлар пайдо бўлгунга қадар «Asl Belgisi» тизимида рўйхатдан ўтишлари керак.

 

аslbelgisi.uz сайтида рўйхатдан ўтиш ва шахсий кабинетга эга бўлиш тартиби

«Asl Belgisi» миллий ахборот тизимининг оператори ҳисобланган «CRPT TURON» компанияси билан шартнома тузиш учун aslbelgisi.uz сайтида шахсий кабинет бўлиши шарт. 

Буни рўйхатдан ўтиш ва шахсий кабинетни яратиш кунида амалга ошириш мумкин.

Рақамли маркировкалаш кодлари ҳисобварақ-фактураларда ва онлайн-НКТ чекларида акс эттирилиши мажбурий бўлгандан сўнг, шахсий кабинетингизда сиз:

● ҳисобингизда турган маркировкаланган товарларнинг кирими ва қолдиқларини кўриш;

● сиз орқали ўтадиган барча мажбурий рақамли маркировкаланадиган товарларни кузатиш;

● бузилган ва сақлаш муддати ўтган тақдирда, товарларни ҳисобдан чиқариш имкониятига эга бўласиз.

Ҳар бир ходим юридик шахснинг номига берилган ЭРИдан фойдаланган ҳолда тизимга кириши ва унда ишлашини тавсия қиламиз. Бу ҳар доим тизимда у ёки бу ҳаракатни амалга оширган шахсни ишончли аниқлаш имконини беради. Юридик шахснинг ЭРИсини ходимлар номига давлат хизматлари марказида олиш мумкин. Юридик шахснинг ЭРИсини ўз номига олиши мумкин бўлган ходимлар сонига чекловлар йўқ.

aslbelgisi.uz даги шахсий кабинет функционали ҳисобварақ-фактура ва онлайн-НКТ чекларида рақамли маркировкалаш маълумотлари акс эттирилиши мажбурий бўлгандан кейингина тўлиқ ишлай бошлайди. Унгача маълумотлар тўлиқ бўлмайди.

 

aslbelgisi.uz сайтида рўйхатдан ўтиш ва шахсий кабинет очиш жараёнида сиз:

● ариза беришингиз;

● рўйхатдан ўтишингиз;

● шартномани имзолашингиз керак бўлади.

Ариза бериш учун:

1) aslbelgisi.uz сайтига киринг;

2) «Рўйхатдан ўтишга ўтиш» тугмасини босинг;

3) «Текшириш» тугмасини босинг. Дастур компью­терингизнинг операцион тизимини, браузерини ва криптографик дастурий таъминотини «Asl Belgisi» билан ишлаш талабларига жавоб беришини текширади. Агар номувофиқликлар аниқланса, керакли ДТни ўрнатиш бўйича маслаҳат оласиз;

4) «Ариза топшириш» тугмасини босинг ва раҳбар номига олинган юридик шахснинг ЭРИси паролини киритинг. Тизим аризангизни рўйхатдан ўтказиш рақа­мини беради. ЭРИнгиз ва юридик шахснинг солиқ мақоми ҳеч қандай савол туғдирмаса, тизим аризангизни тасдиқлайди.

Рўйхатдан ўтиш учун:

1) aslbelgisi.uz сайтига - шахсий кабинетингизга киринг;

2) ариза топширган ЭРИ ва унинг паролини танланг;

3) ташкилотингиз салқин ичимликлар бозорида қандай роль ўйнаши тўғрисидаги (ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, улгуржи сотувчи, чакана савдо корхонаси) саволга жавоб беринг;

4) «Сув ​​ва салқин ичимликлар» товар гуруҳини танланг;

5) корхона маълумотлари учун шаклни тўлдиринг. Маълумотларнинг бир қисми Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасидан автоматик равишда олинади, сиз фақат бўш қаторларни тўлдиришингиз керак;

6) «Фойдаланувчининг IDси» қаторига эътибор беринг, унда «Asl Belgisi» тизими томонидан сизга берилган идентификация рақами акс эттирилади. Керак бўлганда кўрсатишингиз учун уни эслаб қолинг;

7) «Asl Belgisi» тизимида корхонагиз номидан ишлайдиган ходимларни рўйхатдан ўтказинг. Эътибор беринг: фақат юридик шахс номига берилган ЭРИ уларда бўлган ходимларни рўйхатдан ўтказишингиз мумкин;

8) корхонангиз банк реквизитларини киритинг ва «Якунлаш» тугмасини босинг.

Шартномани имзолаш учун:

1) тайинланган ЭРИ ёрдамида aslbelgisi.uz сайтидаги шахсий кабинетингизга киринг;

2) «Сув ​​ва салқин ичимликлар» маҳсулот гуруҳини танланг;

3) шартнома лойиҳаси билан танишинг. Шартнома бўйича таклифларингиз бўлса, «CRPT TURON» МЧЖга мурожаат қилинг. Агар барчасига рози бўлсангиз, белги қўйинг ва ЭРИдан фойдаланган ҳолда шартномани имзоланг.

 

Маркировкаланган товар билан ишлашда «Asl Belgisi. Busines» мобиль иловасидан қандай фойдаланиш керак

Мобиль иловадан фақат «Asl Belgisi» маркировкалаш тизимида рўйхатдан ўтганлар фойдаланиши мумкин. Бунинг учун уни Google Playдан юклаб олиш ва смартфонга ўрнатиш керак.

Смартфонга ўрнатилган мобиль илова ёрдамида истеъмол қадоқидаги Data Matrix ни ёки товарнинг транспорт ўрамидаги SSCC-кодни сканерлаш орқали «Asl Belgisi» тизими маълумотлари бўйича ҳозирда маҳсулот кимга тегишли эканлигини тушуниш мумкин.

Турли тушунмовчиликларга йўл қўймаслик учун тизимда товарлар эгаси сиз бўлсангизгина товарни реализация қилишингиз мумкин. Акс ҳолда, сиз нафақат ўзингиз учун, балки контрагентлар-харидорларингиз учун ҳам муаммо яратишингиз мумкин.

Агар тизимда маҳсулот эгаси бошқа эканлиги аниқланса, бундай маҳсулотни сотишдан олдин сиз шу ҳолатнинг сабабини топиб, уни бартараф қилишингиз керак. Бир нечта сабаблар бўлиши мумкин:

● сиз ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришни охирига етказмагансиз, хусусан, сиз уни тасдиқламагансиз ва товар ҳамон сотувчи ҳисобида турибди;

● ҳисобварақ-фактуралар ёки онлайн-НКТ чекларида товарларнинг бир қадоғидаги рақамли маркировкалаш кодлари кўрсатилган, аммо у ёки бу сабабларга кўра сизда товарларнинг бошқа қадоғи мавжуд;

● ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган товарлар миқдори ҳақиқатда берилган товарлар миқдорига тўғри келмаслиги;

● ҳужжатларда битта товар акс эттирилган бўлиб, сотувчидан харидорга ўтказиш вақтида чалкашлик юзага келган, бунинг натижасида учинчи шахсга тегишли товар сизда бўлиб қолган;

● сотувчи товарни бериб юборган, лекин ҳисобварақ-фактура ёки чек тўғри расмийлаштирилмаган.

Иловада кўрасизки, сиз реализация қилмоқчи бўлган товар сотилган, ҳисобдан чиқарилган ёки сотувга қўйилмаган бўлиб турибди.

Товарни қабул қилиш ёки сотишда «Asl Belgisi» тизимида ким унинг эгаси сифатида кўрсатилганлигини текширишни ходимларингиз учун қоидага айлантиринг. Ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришдан олдин товарни қабул қилганда, унинг эгаси сизнинг сотувчингиз бўлиши керак ва товар сиз томонингиздан сотилган пайтда сиз эгаси бўлишингиз керак.

Бу ҳисоб юритиш ва солиқ органларининг ахборот тизимлари билан ишлаш учун масъул бўлган асосий бўлим ҳисобланган бухгалтерия бўлимига хатоларни тузатиш бўйича «ижодий» ишнинг олдини олишда ёрдам беради.

«Asl Belgisi. Business» мобил иловаси товар ҳақидаги барча маълумотларни, шу жумладан ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати, унинг ишлаб чиқарувчиси ва сотувчиси ҳақидаги маълумотларни олиш имконини беради.

 

Маркировкаланган ичимликлар билан ишлашда алоҳида ҳолатлар (қуйиб сотиш, қайтаришни расмийлаштириш, бузилган товарларни ҳисобдан чиқариш)

Маркировкаланган товарларни қуйиб сотиш, уларни ҳисобдан чиқариш ва қайтариш ҳақида саволлар кўп берилади. Ушбу масалалар ечимларини кўриб чиқамиз.

Маркировкаланган товарларни улар қуйиб сотил­ганда ёки таом тайёрлашда ишлатилганда ҳисоб­дан чиқаришнинг барча мумкин бўлган усуллари ҳозирча вазиятдан чиқиш йўлидир. Буни тартибга солувчи ҳужжат ҳали тасдиқланмаган. Бундай ҳужжат рақамли маркировкани акс эттириш мажбурий бўлишига қадар қабул қилиниши кутилмоқда.

Қайтариш айни пайтда бухгалтерлар товарларни қайтаришни қандай расмийлаштираётган бўлсалар, шундай тарзда амалга оширилади. Фақат ҳисобварақ-фактураларда ва онлайн-НКТ чекларида маркировкани акс эттириш мажбурий бўлгандан сўнг, қайтарилаётган товарларнинг Data Matrixини ўқиш (яъни маркировка кодларини кўрсатиш) керак бўлади.

Маркировкаланган товарларни ҳисобдан чиқариш таомили товарни ким ҳисобдан чиқараётганига (ишлаб чиқарувчи, улгуржи ёки чакана сотувчи) ва контрагентлар ўртасидаги келишувга боғлиқ.

aslbelgisi.uz даги шахсий кабинетда турли хил ҳисобдан чиқариш ҳолатлари учун функционал назарда тутилган:

● ишлаб чиқариш вақтида ҳисобдан чиқариш (бракка чиқариш);

● товар муомалага киритилгандан кейин уни ҳисобдан чиқариш (муомаладан олиб қўйилганлиги тўғрисида хабар бериш). Бунинг сабаблари турли хил бўлиши мумкин: брак, яроқлик муддатининг ўтиши, кўргазмавий намуналари ва ҳ.к.

Aslbelgisi.uz сайтида ҳисобдан чиқаришни расмийлаш­тиришда ҳисобдан чиқаришни асословчи ҳужжатнинг рақами ва санасини кўрсатиш керак.

 

Шафия ҚОСИМОВА, «CRPT TURON» МЧЖ «Сув ва яхна ичимликлар» товар гуруҳи менежери,

Олег ГАЕВОЙ, «Норма» эксперти.

Прочитано: 112 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика