Norma.uz
СБХ / 2024 йил / № 05 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Давлат мулкини ижарага бериш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони билан тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) томонидан давлат мулкини ижарага бериш, ижара шартномаларининг мониторинги ва тушумларни назорат қилиш бўйича «online-ijara.uz» ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат мулкини ижарага бериш қоидалари;

давлат мулкига ижара тўлови миқдорини белгилаш тартиби;

ижара шартномасини тузиш ва ижара тўловлари ҳисоб-китоби тартиби;

балансда сақловчининг ижара муносабатларидаги иштироки ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ижарага берилаётган давлат мулклари ҳисобини юритиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Давактив агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

«E-ijara» электрон тизимини «online-ijara.uz» ахборот тизими билан интеграция қилсин;

давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича тўловларни ундириш ва уларнинг тақсимотини «E-ijara» электрон тизими орқали амалга ошириш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин;

2024 йил 1 мартдан бошлаб давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти «E-ijara» электрон тизими орқали амалга оширилишини йўлга қўйсин.

4. Бюджетдан молиялаштириладиган давлат муассасалари ва уларнинг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари давлат мулки бўлган бинолар ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

5. Белгилансинки, бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган давлат кўчмас мулкини ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан Давактив агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви орқали бепул ўтказилади.

6. Давактив агентлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузганлик учун балансда сақловчиларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж.Ортиқов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 14 декабрь

660-сон.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарорига

1-ИЛОВА

ДАВЛАТ МУЛКИНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом давлат мулкини ижарага бериш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши:

чет элдаги давлат мулкини ижарага беришга;

ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни ижарага беришга;

касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (асбоб-ускуналари билан бирга) ҳамда бошқа бино ва иншоотларини ижарага беришга;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг алоҳида тартиб ўрнатилган ёпиқ ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотларини ижарага беришга;

театр-томоша корхоналарининг томоша кўрсатиш заллари ва майдонларини ижарага беришга;

давлат ташкилотларининг хизмат турар жойларини ижарага беришга;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, умумий фойдаланишдаги ерлар (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари) давлат ташкилоти, корхонаси ва муассасаси балансида бўлмаган ерлар ва захира ерларни ижарага беришга;

ерости бойликларини ижарага беришга;

интеллектуал мулк объектларини ижарага беришга;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ижарага беришнинг ўзгача тартиби белгиланган давлат мулкларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

балансда сақловчи – давлат мулкини ўз балансида ҳисобга олган давлат ташкилоти, шу жумладан, давлат муассасаси ва давлат унитар корхонаси;

давлат мулки – республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулки (муниципал мулк)дан иборат бўлган оммавий мулк шунингдек, давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари ҳамда хўжалик жамиятларига тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган давлат мулки;

ижарага берувчи – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг (кейинги ўринларда – Марказ) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;

ижарага олувчи – ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартларда давлат мулкини ижара шартномаси асосида фойдаланишга олувчи жисмоний ёки юридик шахс;

ижтимоий соҳа объектлари – давлат мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал ва олий таълим муассасалари, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва кинолаштириш объектлари (давлат муассасаларининг маъмурий бинолари бундан мустасно);

«E-auksion» электрон савдо платформаси (кейинги ўринларда – савдо платформаси) – электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион ва танловлар жараёнига кириш ҳамда уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими.

 

2-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ЮЗАСИДАН ТАШАББУС КЎРСАТИШ

3. Давлат мулкини ижарага бериш жараёни ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс (кейинги ўринларда – ташаббус кўрсатувчи) ташаббуси асосида бошланиши мумкин.

Бунда ташаббус кўрсатувчи бевосита Марказга ёки давлат мулки жойлашган ҳудуддаги ижарага берувчига:

давлат мулкининг тавсифи ва жойлашган жойини;

балансда сақловчини (бундай маълумотларга эга бўлган тақдирда) кўрсатган ҳолда таклифини ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади.

4. Марказга келиб тушган таклифлар шу куннинг ўзида кўриб чиқиш учун ижарага берувчига юборилади.

5. Ижарага берувчи таклиф асосида икки кун муддатда балансда сақловчига давлат мулкини ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўров юборади.

6. Қуйидаги ҳолларда балансда сақловчи томонидан давлат мулкини ижарага бериш рад этилади:

давлат мулкини ижарага бериш балансда сақловчининг ишлаб чиқариш ва/ёки молиявий кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келадиган бўлса, бунда тахмин қилинаётган салбий оқибатлар хавфи балансда сақловчи томонидан юқори турувчи ташкилоти ёки муассиси маъқуллаган ҳужжат билан асослантирилиши лозим;

давлат мулкидан ўзининг ёки аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш мақсадида фойдаланиш зарурати туғилган бўлса.

7. Ижарага беришни рад этишга ушбу Низомнинг 6-бандида келтирилган асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, балансда сақловчи сўров келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида ижарага берувчига давлат мулкини ижарага бериш учун қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда электрон ёки ёзма шаклда ариза тақдим этади:

давлат мулкининг номи, тавсифи, жойлашган манзили;

давлат кўчмас мулки объектининг умумий ва ижарага бериладиган майдони, қурилган йили (мавжуд бўлса);

давлат кўчмас мулки объектининг коммуникациялар (сув, газ, электр энергияси, канализация тармоғи) билан таъминланганлиги тўғрисида маълумот;

давлат кўчмас мулки объектининг ижарага бериладиган майдонини кўрсатган ҳолда кадастр ҳужжати нусхаси;

давлат мулкининг 4 та фотосурати;

давлат мулкидан фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);

давлат мулкини ижарага беришнинг бошқа шартлари (мавжуд бўлса).

8. Ижарага берувчи балансда сақловчининг давлат мулкини ижарага бериш ҳақидаги аризаси келиб тушгандан кейин икки кун муддатда давлат мулкини ижарага бериш учун савдо платформаси орқали онлайн-аукцион савдосига чиқаради.

9. Балансда сақловчининг аризасида ушбу Низомнинг ­7-бандидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, ижарага берувчи аризани икки кун муддатда маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун балансда сақловчига қайтаради.

10. Ташаббус кўрсатувчига таклифини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида бир ҳафта муддатда хабар юборилади.

11. Балансда сақловчи томонидан давлат мулкини ижарага бериш юзасидан ташаббус Марказга ёки ижарага берувчига ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган маълумотларни тақдим этган ҳолда ариза бериш орқали кўрсатилади.

12. Балансда сақловчи тасарруфидаги давлат мулкини хатловдан ўтказишга ва фойдаланилмасдан бўш турган ва/ёки мақсадсиз, самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки ҳақида ҳар чорак якуни билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача бўлган муддатда ижарага берувчига бу мулкнинг жойлашган жойи, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларни тақдим этиши шарт.

13. Балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилотлари ушбу маълумотлар Марказнинг тегишли ҳудудий бошқармасига белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этилиши устидан идоравий назоратни таъминлайди.

14. Бўш турган, самарасиз ва мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки ҳақида белгиланган муддатда маълумотлар тақдим этилмаслиги ёки ҳақиқий ҳолатни ифода этмайдиган маълумотлар тақдим этилганлиги айбдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.

15. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли бўлган, уч ойдан ортиқ муддат давомида фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага бериш учун савдо платформаси орқали онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади, ижтимоий соҳа объектлар бундан мустасно.

16. Жисмоний шахслар томонидан майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланган тартибда ижарага берувчига онлайн-буюртманома берилиши мумкин.

 

3-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ҚОИДАЛАРИ

17. Ижарага берувчи томонидан давлат мулки қуйидаги тартибларда ижарага берилади:

савдо платформасида ўтказилган электрон онлайн-аукцион савдолар орқали;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида давлат мулки жисмоний ва юридик шахсга ижарага берилиши белгиланганда (ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилган шартнома асосида);

қонунчиликда белгиланган бошқа тартиблар асосида.

18. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги ПФ-93-сон Фармонига асосан «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик шартномалари доирасидаги мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда, ҳокимликлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ёки тадбиркорлик субъектларидан мурожаат келиб тушган тақдирда, ҳудудларда бўш турган ва бир йилдан буён аукцион савдоларида сотилмасдан турган давлат мулки бўлган бино ва иншоотлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмасдан бўш турган биноларини ижарага бериш учун ижарага берувчи танловни ташкил қилади. Бунда талабгор ягона бўлганда тўғридан-тўғри шартнома асосида ижара шартномасини тузишга йўл қўйилади. Бундай шартномалар доирасида ижара ҳақи ижара ставкасининг минимал миқдори бўйича белгиланади.

Тадбиркорнинг «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилганлиги Марказ томонидан Савдо-саноат палатасининг маълумотлари базасидан электрон ахборот алмашинуви орқали аниқланади.

19. Ижарага берувчи томонидан давлат мулкини савдо платформасида ижарага бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июндаги 454-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ташкил этилади.

20. Ижарага олувчи томонидан ижтимоий соҳа объекти таркибидаги ер участкасида қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:

бинолар ва иншоотлар, жумладан, ер ости иншоотларини қуриш (енгил конструкцияли иншоотлар бундан мустасно);

кўнгилочар объектлар фаолиятини ташкил этиш (маданият объектларининг ер участкалари бундан мустасно);

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган фаолиятни юритиш.

21. Ижарага берувчи давлат мулкини ижарага беришда:

давлат мулкини ижарага бериш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди;

ижара шартномаси шартлари бажарилиши мониторингини амалга оширади;

юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга ижарага бериладиган давлат мулклари ҳақида зарур маълумотлар (ижарага бериладиган давлат мулкларининг параметрлари, коммуникациялар билан таъминланганлиги, фотосурати, давлат мулкидан фойдаланиш мақсади, ижара муддати ва ижарага бериш шартлари) беради ва зарур амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

ижарага бериладиган давлат мулклари тарғиботини амалга оширади.

22. Давлат мулки ижарасининг энг кўп муддати бир ижара шартномаси доирасида олти йил, нодавлат профессионал таълим ташкилотлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хусусий тиббиёт ташкилотлари учун эса ўн йил этиб белгиланади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Давлат мулки объектлари ижарага бериш учун аукционга чиқарилганда, ижарага бериш муддати уч йил этиб белгиланади. Бунда балансда сақловчи томонидан давлат мулки объектидан келгусида ўз эҳтиёжи учун фойдаланиш зарурати мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, объектдан самарали фойдаланиш бўйича тармоқ жадвали) тақдим этилган тақдирда, тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида ижарага берувчи ижарага бериш муддатини уч йилдан кам этиб белгилаши мумкин.

Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, ижара муддати яна уч йил муддатга узайтирилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу бандда назарда тутилган энг кўп муддатлар тугагач, давлат мулки умумий асосларда ижарага берилади.

23. Ижарага берувчи томонидан ижара шартномасининг муддати тугашидан бир ой олдин ижарага олувчига ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тақдирда, ижара шартномасининг муддати келгуси давр учун узайтирилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хати юборилади.

24. Агар ижара шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида қайтадан тузилган ҳисобланади.

Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, агар ижарага олувчи шартнома муддатини узайтирмаслик тўғрисида мурожаат қилмаган бўлса, ижара муддати навбатдаги муддатга узайтирилган ҳисобланади.

25. Ижарага олувчи ижара мулкини ижаранинг бутун муддати давомида ундан мақсадли фойдаланилиши, унинг яхлитлиги ва бут сақланишини ўз зиммасига олади.

26. Ижарага олувчи ижарага берилган давлат мулки (унинг бир қисми)ни ўзга шахсларга субижара (фойдаланиш)га бериши, гаровга қўйиши ёки бошқача тарзда (вақтинча) учинчи шахсга ўтказиши тақиқланади, бу каби ҳолатлар аниқланганда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

27. Ижарага берилган давлат мулки Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг ҳужжатлари, Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида хусусийлаштирилган тақдирда, ижара шартномаси давлат мулки хусусийлаштирилган кундан бекор қилинади.

28. Ижарага олувчи ижара шартномаси шартларини лозим даражада бажармаган тақдирда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

29. Ижара шартномасини бекор қилиш, ўзгартириш ва муддатини узайтириш томонларнинг келишувига асосан ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

30. Ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, ушбу ижара шартномаси бўйича ижарага берилган давлат мулки ўн кун ичида балансда сақловчининг розилиги талаб қилинмасдан ижарага берувчи томонидан ижарага бериш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

 

4-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИГА ИЖАРА ТЎЛОВИ МИҚДОРИНИ БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ

31. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:

Тс=Эс*Кз*(Кқ+Кҳ+Ко),

бунда:

Тс – давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

Эс – давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам ставкаси;

Кз – ҳудудий зоналар коэффициенти;

Кҳ – туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;

Ко – тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).

Қурилиш тури бўйича коэффициент (Кқ), туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти (Кҳ) ва тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (Ко)нинг йиғиндиси 1 бирликдан кам бўлган тақдирда, яхлитланган ҳолда 1 бирликка тенг ҳисобланади.

32. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг миқдори Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилиб тақдим этган, тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорлари билан тасдиқланган энг кам ставкалар асосида ушбу Низомнинг 33-бандида белгиланган тартибда аниқланган ижара тўловининг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

33. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови энг кам ставкаларининг ҳисоб-китоблари Марказ томонидан кейинги йил учун ҳар йили 1 ноябргача тайёрланади ҳамда келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўн иш куни мобайнида келишади ёки қайта ишлаш ва кейинчалик Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мулоҳазалари ва таклифлари олинган санадан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишишга киритиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига қайтаради.

Ҳар йили 15 декабргача давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларининг келишилган ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқлаш учун тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига юборилади.

34. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили 31 декабргача тасдиқланади.

35. Давлат мулкининг бошқа турлари учун ижара тўловининг энг кам миқдори:

агар ижарага топширилаётган мулкдан амалда фойдаланилган муддат ундан самарали фойдаланиш муддатидан ортиқ бўлмаса ёки ушбу муддатга тенг бўлса ёхуд амалда фойдаланилган муддатни аниқлаш мумкин бўлмаса – мол-мулк тикланиш қийматининг 30 фоизидан;

агар ижарага топширилаётган мулкдан амалда фойдаланилган муддат ундан самарали фойдаланиш муддатидан ортиқ бўлса – мол-мулк тикланиш қийматининг 20 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Самарали фойдаланиш муддати Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 306-моддасида кўрсатилган таснифлашдан келиб чиқиб белгиланади.

Балансда сақловчи ташкилотнинг раҳбари ва бош ҳисобчиси ижарага берилаётган давлат мулки тўғрисида тақдим этилган маълумотнинг ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.

36. Давлат мулки ижара шартномасида иситиш, совитиш, электр энергияси, (совуқ ва иссиқ) сув таъминоти воситалари, ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш (ҳисоблагич, дизель генератори, совитиш машинаси, жумладан, чиллер, фанкойл каби ускуналар, тортиш вентиляторлари, насослар, трансформатор ва тақсимлаш кичик станциялари, ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш тизимлари, кўтариш механизмлари (шу жумладан, лифтлар ва бошқалар) зинапоя панжаралари, зинапоялар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, шунингдек, балансда сақловчи ва ижарага олувчиларнинг ходимлари фойдаланадиган ва/ёки ўқувчилар ошхоналар ва буфетларда овқатланиши учун фойдаланадиган майдонлар ҳамда улардаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар, механик, электр, санитария-техник асбоб-ускуналар ва бошқа асбоб-ускуналар, қурилмалардан фойдаланиш учун ижара тўлови ҳисобланмайди, ижарага олинган объектда фаолият юритмайдиган (таълим олмайдиган) шахсларга хизмат кўрсатиш ҳоллари бундан мустасно.

37. Турли спорт, маданий, ўқув, тиббий ва бошқа ижтимоий тадбирлар (тўгараклар) ташкил этиш мақсадида айрим ижара объектлари (спорт заллари ва иншоотлари) балансда сақловчининг таклифига асосан кунлик иш вақти ҳисобидан келиб чиқиб, ижара тўловининг соатбай ставкаси ҳисобланган ҳолда ижарага берилиши мумкин.

38. Амал қилиш муддати навбатдаги йилга ўтадиган давлат кўчмас мулкини ижарага бериш шартномаси бўйича бўлажак йил даври учун ижара тўловининг миқдори қўшимча шартнома (келишув) билан келгуси йилга тасдиқланган ижара тўловининг энг кам миқдорларига мутаносиб тарзда ўзгартирилиб, қуйидаги тартибда ҳисобланади:

Тс2=(Эс2/Эс1)*(Ас/Им),

бунда:

Тс2 – келгуси йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг миқдори;

Эс1 – аввалги йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

Эс2 – келгуси йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

Ас – аукцион натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови;

Им – шартнома бўйича ижарага олинган майдон.

39. Давлат мулкининг бошқа турлари (асосий воситалар, кўчар мулклар, автотранспорт воситалари ва бошқалар) бўйича келгуси йил учун ижара тўлови миқдори мазкур Низомнинг 37-бандида келтирилган тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Бунда ҳисобланган ижара тўлови миқдори электрон онлайн-аукцион савдоси натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдоридан кам бўлган тақдирда, келгуси йил учун ижара тўлови миқдори электрон онлайн-аукцион савдоси натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорида белгиланади.

 

5-БОБ. ИЖАРА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ

40. Ижарага берувчи билан ижарага олувчи ўртасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган онлайн-аукцион натижаси бўйича расмийлаштирилган баённома асосида тузилган ижара шартномаси электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо билан) икки томонлама расмийлаштирилади. Бунда:

ижара шартномасида ижарага олувчининг аукцион савдоларида иштирок этиш учун киритган маълумотлари (юридик ёки жисмоний шахс номи, манзили, юридик манзили, СТИР рақами, ҳисобварақлари ва телефон рақамлари) автоматик тарзда кўрсатилади;

аукцион савдоларида қатнашиш учун киритилган маълумотларнинг аниқ ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ижарага олувчи зиммасига юкланади.

41. Ижара шартномаси онлайн-аукцион савдо натижаси бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин ўн иш кунидан кечиктирмай ижарага берувчи ва ижарага олувчи томонидан имзоланиши ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт.

42. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича ўтказилган танлов натижаси бўйича расмийлаштирилган баённомага асосан ижарага берувчи ва танлов ғолиби ёки ягона иштирокчи ўртасида объектни ижара ставкасининг минимал миқдорида ижарага бериш бўйича электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо билан) икки томонлама расмийлаштирилади.

43. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган давлат мулкининг жойлашган жойи, тури, таркиби;

ижара муддати;

ижара тўловининг миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари;

ижара тўлови миқдорини қайта кўриб чиқиш асоси ва тартиби;

ижарага берилаётган давлат мулкининг ҳолати ва уни ижарага олувчига топшириш муддати;

шартнома муддати тугаган ёки муддатидан аввал бекор қилинганда, ижарага олувчи ижарага олинган давлат мулкини балансда сақловчига соз, бут ва фойдаланишга яроқли ҳолатда тезкор қайтариш шартлари;

ижарага берилаётган давлат мулкини тиклаш ва таъмирлаш тартиби ва шартлари;

ижарага берувчига унинг сўрови асосида ижарага олувчи ва балансда сақловчи тақдим этадиган ахборотлар, уларнинг ҳаққонийлиги, тақдим этиш тартиби ва муддати;

ижара шартномаси шартлари, жумладан, ижара тўловларини тўлаш муддатларининг бузилиш оқибатлари;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқа жавобгарликлари;

давлат мулкининг ҳар қандай яхшиланиши балансда сақловчининг ёзма розилиги билан амалга оширилиши;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар.

Коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминоти учун ижарага олувчи билан балансда сақловчи ёки хизмат кўрсатувчи ўртасида алоҳида шартнома тузилади.

44. Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади.

45. Балансда сақловчининг ижара шартномасининг амал қилиш муддати даврида ижарага олувчига ижара объектидан фойдаланишига ва унда фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиши тақиқланади (форс-мажор ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).

46. Кўчмас мулк бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилганда, ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

Бунда давлат кўчмас мулкини ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ижарага берувчи ва давлат рўйхатидан ўтказишга ваколатли давлат ташкилоти ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви орқали ўтказилади.

47. Автомототранспорт воситалари савдо платформаси воситасида онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда, ижара шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди.

 

6-БОБ. БАЛАНСДА САҚЛОВЧИНИНГ ИЖАРА МУНОСАБАТЛАРИДАГИ ИШТИРОКИ ҲАМДА УНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

48. Давлат мулки савдо платформаси орқали ижарага берилганда, ижарага берувчи ижара шартномасида (ижара шартномаси тарафи бўлмасада) балансда сақловчининг қонуний манфаатларига зарар етмаслиги учун ўзи орқали амалга оширадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. Бунда ижарага берувчи ўзининг шартномавий ҳуқуқларидан балансда сақловчи фойдасига воз кечмайди ва мажбуриятларини бажаришни зиммасидан соқит қилмайди.

49. Балансда сақловчи ижарага берилган мулкка нисбатан ижарага берувчининг хабардорлигида ўзига берилган шартномавий ҳуқуқларини амалга оширади ҳамда мажбуриятларни бажаради.

50. Томонлар шартномада белгиланган мажбуриятларни бажарилмагани оқибатида шартноманинг бошқа томонларига етказган зарарларни ихтиёрийлик асосида қоплайди. Ўзаро келишувга эришилмаганда, зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд орқали қопланади.

51. Балансда сақловчи ижарага берилган давлат мулкини ижарага олувчига ижарага берувчи иштирокида шартнома имзолангандан сўнг кўпи билан беш иш куни ичида расмийлаштириб топширилишини ва ҳеч қандай тарзда тўсқинликсиз ундан фойдаланишини таъминлайди.

52. Давлат мулки ижарага олувчига муддатида топширилмаганлиги оқибатида ижарага олувчига етказилган зарар балансда сақловчи ҳисобидан қопланади.

53. Давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ёки шартномада кўрсатмасдан ижарага бериш ҳолати аниқланганда, ижарага берувчи ўн иш куни ичида ушбу давлат мулки қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага берилишини ташкил этади.

 

7-БОБ. ИЖАРА ТЎЛОВЛАРИНИНГ ҲИСОБ-КИТОБ ТАРТИБИ

54. Ижара тўлови бўйича ҳисоб-китоблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ижара тўлови;

ижара тўлови муддати бузилганлиги учун ҳисобланган пеня ва жарима.

55. Ижара тўлови ижарага олувчи томонидан ижара тўловининг охирги белгиланган миқдори ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда, ҳисобланган даврлар (ҳар чорак ёки ойда) бўйича тенг миқдордаги тўловлар билан ҳисобланади.

Ижара тўлови ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда навбатдаги давр (чорак ёки ой) учун 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.

56. Ижарага олувчининг ижарага берилган давлат мулкини балансда сақловчи (юқори турувчи ташкилоти хабардорлигида берган) ёзма розилиги асосида амалга оширган тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш сарф-харажатлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хулоса тақдим этган тақдирда, ижара тўлови маблағларидан балансда сақловчига тақсимланган маблағлар ҳисобидан камайтириш орқали қопланади, давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бундан мустасно.

57. Ижарага олувчининг ижарага берилган давлат мулкини тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш учун амалга оширилган сарф-харажатлари ижара муддати давомида тўлиқ қопланмаган тақдирда (ижара шартномасининг муддатидан олдин бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно), сарф-харажатларнинг қопланмаган қисми балансда сақловчи томонидан бошқа маблағлари ҳисобидан қопланади.

58. Давлат мулкини (унинг қисмини) белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ёки ижара шартномасига киритмасдан ижарага бериш, шартномада ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатиш аниқланганда, ижарага берувчи қонун бузилиши ҳолати аниқланган санадан бошлаб, уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловининг икки баравари миқдорида ҳисобланган суммани тўлаш талаби билан тасдиқловчи ҳужжатларни балансда сақловчига тақдим этади. Ҳисобланган сумманинг ўн иш куни ичида ихтиёрий тўланмаганлиги суд тартибида ундирилишига асос бўлади.

Бунда давлат мулкидан фойдаланганлик даври қуйидагича белгиланади:

давлат мулки белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан фойдаланишга берилганда, жорий йил 1 январь санасидан ҳолат аниқланган санага қадар;

ижарага берувчи иштирокида аввал тузилган ижара шартномаси муддати тугаганидан сўнг давлат мулки белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан фойдаланишга берилганда, аввалги ижара шартномаси муддати тугаган санадан ҳолат аниқланган санага қадар;

давлат мулки ижара шартномасига киритилмасдан ижарага берилганда, шунингдек, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони камайтириб кўрсатилганда, ижара шартномаси тузилган санадан ҳолат аниқланган санага қадар.

Бунда ҳисобланган давр учун тўлов ўша йилга белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдорига мутаносиб ҳисобланади.

59. Ижара тўлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси томонидан (кейинги ўринларда – Солиқ қўмитаси) «E-ijara» электрон дастури орқали ундирилади.

60. Давлат мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон Фармонига мувофиқ тақсимланади.

61. Шартномавий мажбуриятлар бузилгани учун ундирилган пеня ва жарималар ҳамда ижара шартномаси тузмасдан ва/ёки объектни ижара шартномасига киритмасдан ижарага бериш ҳолати бўйича ҳисобланган ва ундирилган маблағ ижарага берувчи ихтиёрида қолдирилади.

Ижарага берувчи ихтиёрида қолдирилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибларда Марказ ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини (жумладан, ходимларнинг иш ҳақи, мукофотлар, устамалар ва бошқа тўловларни) молиялаштиришга сарфланади.

62. Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарорига мувофиқ ижарага берилган давлат мулки бўйича ҳар ойда ундирилган ижара тўловлари ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади.

 

8-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИБ ОЛИШ

63. Ижара шартномасига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи орқали давлат мулкини (барча буюмлар ва тааллуқли бўлган техник ҳужжатлари билан бирга) шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчига белгиланган муддат ва тартибда топшириши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугаган ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда, балансда сақловчига беш кун ичида шартнома тузилган санадаги ҳолатда қайтариб топшириши шарт.

64. Ижарага берувчи давлат мулкини белгиланган муддатда қайтариб топширмагани оқибатида кўрилган моддий зарарни ижарага олувчидан суд тартибида ундиришга ҳақли.

65. Давлат мулкини топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчиларнинг ваколатли вакиллари иштирокида уч томонлама тузилган далолатнома асосида амалга оширилади.

Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);

ижара мулкининг техник ҳолати.

Топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш далолатномалари томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва муҳрлари (мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.

66. Ижарага олинган давлат мулкида камчиликлар аниқланган тақдирда (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), мулкни қабул қилиб олувчи томонлар бошқа томон давлат мулкини шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтиргунгача ёки етказилган зарарни қоплагунгача уни қабул қилиб олишни ва давлат мулкини топшириш – қабул қилиш далолатномасини имзолашни рад этишга ҳақлидир.

 

9-БОБ. ИЖАРАГА БЕРИЛАЁТГАН МУЛКЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТИНИ ЮРИТИШ ВА УНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

67. Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш ва маълумотлар базасини юритиш ижарага берувчи томонидан «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бунда, давлат мулкини ижарага бериш бўйича шартнома, шунингдек шартномага киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, қўшимчалар ва шартномани бекор қилиш фақатгина «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали амалга оширилади ва қоғоз шаклида расмийлаштириш тақиқланади (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

68. Ижарага берувчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан зиммасига олинган мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини назорат қилиб боради.

Ушбу мақсадларда ижарага берувчи қуйидагиларга ҳақли:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган ахборотларни сўраш ва олиш;

зарурат бўлганда, мулкнинг физик ҳолатини ижарага олувчининг хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;

ижарага олинган мулкдан фойдаланиш шартларини, ижарага олувчи томонидан учинчи шахслар ҳуқуқларига риоя қилинишини ўрганиш (сервитут, гаров ва шу кабилар);

ижарага олувчининг ижарага олинган давлат мулкини яхшилаш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш;

қонунчилик ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиш.

69. Ижарага берувчи ижарага берилган ва бериладиган давлат мулки тўғрисида ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Марказга маълумот тақдим этади.

70. Марказ ижарага берувчи ва Солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилган ижарага берилган ва бериладиган давлат мулки, ундирилган ижара тўловлари ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ҳар ойлик маълумотларни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар тақдим этади.

 

10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

71. Давлат мулкини ижарага беришнинг ушбу Низомда кўрсатилмаган шартлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

72. Ижарага берувчи ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашга масъул ҳисобланади.

73. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

74. Давлат мулкини ижарага беришда вужудга келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

75. Ижарага берилган давлат мулки бўйича ижара тўлови тўлиқ, ўз вақтида ва тўғри ҳисобланиши ҳамда тўланишини назорат қилиш ижарага берувчи томонидан, балансда сақловчи фаолиятида белгиланган тартибда текшириш ўтказишда – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарорига

2-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октабрдаги ­881-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда:

а) 2-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ижарага берувчи – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари.»;

б) 25-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«давлат мулки ҳисобланган объектни ижарага бериш – Ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган давлат мулкини ижарага бериш тартибини белгиловчи низомга мувофиқ;».

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги ­243-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан балансда сақловчига тушадиган маблағлар;».

 

ЎзР ВМнинг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарорига

3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН
ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛАЁТГАН БАЪЗИ ҚАРОРЛАРИ
РЎЙХАТИ

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 30 ноябрдаги 315-сон қарори.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2013 йил 9 сентябрдаги 244-сон қарорига 1-илованинг 66-банди.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарорининг 4-банди.

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2014 йил 20 майдаги 126-сон қарори.

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 21 июлдаги 200-сон қарорига 8-илованинг 3-банди.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 11 майдаги 270-сон қарорига 1-илованинг 35-банди.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида» 2017 йил 16 июндаги 382-сон қарори.

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 ноябрдаги ПФ-5242-сон Фармони, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 19 июндаги ПҚ-3068-сон ва «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорлари)» 2018 йил 7 мартдаги 186-сон қарорига 1-илованинг 1-банди.

10. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат активларини сотишда ва ижарага беришда электрон савдоларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 22 мартдаги 209-сон қарорининг 7-банди ва қарорга 2-илова.

11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 11 июндаги ПҚ-3782-сон қарори)» 2018 йил 20 октябрдаги 840-сон қарорига илованинг 1-банди.

12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида« 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига 13-илованинг 2-банди.

13. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимининг тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 14 июндаги 498-сон қарорига 1-илованинг 14-банди.

14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4199-сон қарорлари)» 2019 йил 30 сентябрдаги 822-сон қарорига илованинг 10-банди.

15. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 18 октябрдаги 881-сон қарори 25-бандининг иккинчи хатбошиси ва қарорга 2-илованинг 1-банди.

16. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670-сон қарори)» 2020 йил 24 августдаги 508-сон қарорига илованинг 1-банди.

17. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги 677-сон қарорига 3-илованинг ­3-банди.

18. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармони)» 2021 йил 23 июлдаги 450-сон қарорига илованинг 2-банди.

19. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорининг 5-банди ва қарорга ­2-илованинг 1-банди.

20. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 214-банди.

21. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолияти ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 22 апрелдаги 209-сон қарорига илованинг 5-банди.

22. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага бериш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2023 йил 10 мартдаги 100-сон қарорига 1-илованинг 1-банди.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.12.2023 йилдан кучга кирди.

 

Прочитано: 239 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика