Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 51-52 / Бухгалтерга тавсиялар

Касаллик нафақасини қачон ва қандай тўлаш керак

 

Тавсиялар 2023 йил 30 апрелдан амал қилади ҳамда ушбу масала юзасидан меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинганидан сўнг қўшимча тарзда аниқлаштирилиши мумкин.

 

Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қайси муассасалар беришга ҳақли

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади (Низом 10-б., АВ рўйхат рақами 1136, 8.05.2002 й.). Уни, қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасалари беради (Йўриқнома 4-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва аҳоли саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилади (Йўриқнома 46-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Карантинга жойлаштирилган шахслар, шунингдек карантинга жойлаштирилган 14 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган шахслар меҳнатга лаёқатсизлик гувоҳномасини иш берувчига электрон шаклда юборишлари мумкин (Йўриқнома 47-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

 

Хусусий даволаш муассасалари меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини қуйидаги шартларда, агарда (Йўриқнома 5-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.):

● меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-ижтимоий экспертиза бўйича етарли малакага эга бўлган ходимлари бўлса;

● стационар шароитда фаолият юритганда беришлари мумкин. 

 

Қуйидаги шифокорлар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас (Йўриқнома 6-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.):

● тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;

● шифохоналарнинг қабул бўлимлари;

● суд-тиббий экспертиза муассасалари;

● пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаторийлари бундан мустасно;

● физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.

 

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қайси кунлар учун тўланади

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни ҳисоблашда ва тўлашда Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ рўйхат рақами 1136, 14.05.2002 й.) риоя қилинг.

Нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда, шунингдек синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунларни ҳам инобатга олган ҳолда, пайдо бўлса берилади (Йўриқнома 3-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.). Келгусида ишдан бўшатилиши тўғрисида огоҳлантириш даврида касал бўлиб қолган ходимга умумий асосда касаллик даврини тўланг.

 

ВАЗИЯТ. Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда касаллик таътилини тўлаш

Ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши тўғрисида ариза берди (МК 160-м.). Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни у касал бўлди ва ишга чиқмади ҳамда 5 кунлик касаллик таътилини расмийлаштирди.

Иш берувчи вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирганлигига қарамай ходимни МК 160-моддасига биноан ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга.

Иш берувчи касаллик таътилида кўрсатилган барча кунлар учун ходимга нафақа тўлаши шарт, чунки уни олиш ҳуқуқи охирги иш кунида пайдо бўлди.

 

ВАЗИЯТ. Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда касаллик таътилини тўлаш

Ходим касал бўлди ва штатнинг қисқартирилиши сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш даврида касаллик таътилини расмийлаштирди (МК 161-м. 2-б. 2-қ.).

Иш берувчи, ходимнинг касаллиги даврида меҳнат шартномасини ўзининг ташаббуси билан бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас (МК 163-м. 1-қ.). Ходимга нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун тўланади.

 

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ходимга қуйидаги ҳолларда берилади (Йўриқнома 9-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.):

● вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда (шикастланишда);

● санаторий-курортларда даволанганда;

● касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;

● карантинда;

● сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

● меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик кунлари йиллик (асосий ва қўшимча) таътил даврига тўғри келган ҳолларда, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўланади (Йўриқнома 14-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Агар сизда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўлса ҳам, ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини қуйидаги ҳолларда тўламанг (Йўриқнома 23-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.):

● ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда;

● гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида;

● жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда;

● суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари);

● ҳибсда бўлган даврда;

● суд-тиббиёт экспертизасидан ўтган даврида;

● меҳнат қобилияти тикланган кундан бошлаб 6 ойдан кейин мурожаат қилганда (ногиронликни белгилаш, ҳомиладорлик ва туғруқ таътилининг тугаши, боланинг туғилиши ёки вафот этган кундан бошлаб) (Йўриқнома 5-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Шунингдек, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда ҳам нафақа тўламанг (Йўриқнома 22-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.):

● иш ҳақи сақланмаган таътилга;

● болани парваришлаш бўйича таътилга;

● иш вақтинча тўхтатилган;

● ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаганлигига;

● ҳарбий ўқув ёки текширув йиғинига;

● ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътилга.

 

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни тўламаганлик учун ташкилотларнинг жавобгарлиги ва тўлов манбалари

Касаллик таътилларини қуйидагилар тўлайди (Йўриқнома 1-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.):

● бюджет ташкилотлари томонидан – меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;

● нобюджет ташкилотлари томонидан – шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу харажатлар давлат томонидан қопланмайди.

Нафақани ойига бир марта – ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланг (Йўриқнома 7-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўлаш мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жазо назарда тутилади – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима (МЖТК 49-3-м.). Худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида яна содир этилган бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланган.

 

Татьяна БЕЛОУСОВА, «Норма» эксперти.

Прочитано: 233 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика