Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 51-52 / Бухгалтерга тавсиялар

Ишлаб чиқариш корхонасида ҳисобни ташкил этиш тартиби

 

Ишлаб чиқариш – бу бухгалтерия ҳисобининг мураккаб соҳаси, чунки ишлаб чиқариш жараёнларида, қоида тариқасида, номенклатура бўйича ҳам, ҳажм бўйича ҳам катта миқдордаги ресурслар сарфланади. Ишлаб чиқариш харажатларини тўғри аниқлаш, уларни назорат қилиш, таннархни ҳисоблаш, ҳақиқий харажатларнинг режалаштирилганидан оғишларини ҳамда бухгалтерия ҳисобининг жуда кўп мураккаб ва муҳим жиҳатларини ҳисобга олиш керак.

Давлат томонидан маҳсулотларнинг айрим турларига қуйидаги махсус талаблар ўрнатилади:

● ваколатли органлар томонидан рухсатномалар бериш (Фаолият турлари, 14.07.2021 йилдаги ЎРҚ-701-сон Қонунга ­2-илова);

● мажбурий сертификатлаш (Рўйхат, 30.01.2021 йилдаги 43-сон ВМҚга 4-илова);

● хавфсизлик бўйича ягона талабларни белгилаш.

Ишлаб чиқариш корхонасида бухгалтерия ҳисоби қуйидагиларга мувофиқ ташкил этилади:

● «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун;

● 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»;

● 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»;

● 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»;

● Маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича харажатлар таркиби ва молиявий натижани шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;

● бошқа меъёрий ҳужжатлар.

Ишлаб чиқариш корхонасидаги муҳим ҳисоб объектлари:

● асосий воситалар;

● хом ашё ва материаллар, сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар, ёқилғи, таралар ва қадоқлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар, инвентарь ва уй-рўзғор буюмлари, тайёр маҳсулотлар кўринишидаги захиралар;

● ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулот;

● маҳсулот ишлаб чиқариш учун харажатлар;

● фаолиятнинг молиявий натижаси.

 

Ишлаб чиқариш турлари ва уларнинг ҳисобни ташкил этишга таъсири

Корхонада ҳисобни ташкил этиш ишлаб чиқариш технологияси ва ташкил этилишига, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг табиатига, бошқарув тузилмаси ва бошқа омилларга боғлиқ. Улар хўжалик операцияларини ҳужжатли расмийлаштириш, уларни тизимлаштириш, синтетик ва аналитик ҳисобни юритиш, тугалланмаган ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар ўртасида харажатларни тақсимлаш тартибига боғлиқ ва ҳоказо.

Ишлаб чиқариш турлари ва уларни ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятлари жадвалда келтирилган:

Белгиловчи омил


Ишлаб чиқариш турлари


Ҳисобнинг ўзига хос хусусиятлари


Технологик жараённинг хусусиятлари


Қазиб олиш – бу ер остидан табиий хом ашё олинадиган (қазиб олинадиган) ишлаб чиқаришдир


Олинадиган маҳсулот учун хом ашё ва асосий материаллар харажати мавжуд эмас. Ишлаб чиқариш давомий эмас, бир марта қайта тақсимланади (яъни, ишлаб чиқариш жараёнидаги босқич), ўзида ишлаб чиқаришнинг ярим тайёр маҳсулотлари – оралиқ маҳсулот мавжуд эмас. Нисбатан оддий маҳсулотлар ва кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Ҳисобот даврининг харажатлари, қоида тариқасида, ишлаб чиқарилган бир турдаги маҳсулот сонига тўлиқ киритилиб, унинг таннархини шакллантиради


Технологик жараённинг хусусиятлари


Қайта ишловчи тармоқлар саноат ва қишлоқ хўжалиги хом ашёсини тайёр маҳсулот ёки ярим тайёр маҳсулотларга айлантиради. Улардан нисбатан мураккаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва қоида тариқасида, тугалланмаган ишлаб чиқариш мавжуд бўлади.


Хом ашё ва материалларни кимёвий қайта ишлаш – бу тайёр маҳсулот хом ашёни алоҳида, технологик узлуксиз жараёнларда, босқичларда ёки қайта ишлаш босқичларида (масалан, пиво, консерва ишлаб чиқариш) кетма-кет қайта ишлаш орқали олинадиган ишлаб чиқаришлардир


Харажатлар нафақат бутун жараён учун, балки алоҳида технологик жараёнлар (босқичлар) учун ҳам, улар доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулот турлари бўйича ҳам ҳисобга олинади. Якуний тайёр маҳсулотнинг ҳам, ярим тайёр маҳсулотнинг ҳам – у ёки бу қайта жараёнлардаги маҳсулотларнинг ҳам таннархи аниқланади. Масалан, пиво тайёрлашда – пиво ва солоднинг


Хом ашё ва материалларга механик ишлов бериш – бу тайёр маҳсулотни илгари тайёрланган алоҳида деталларни, узелларни ва бошқа йиғиш бирикмаларини механик йиғиш йўли билан олинадиган ишлаб чиқаришдир. Масалан, технологик асбоб-ускуналар, тикиш буюмлари, пойабзал, турли хил жиҳозлар ва бошқаларни ишлаб чиқариш.


Мураккаб технологик жараён, ишлатиладиган компонентларнинг кенг доираси ва бошқа муҳим жиҳатлар ишлаб чиқариш ҳисобини барпо этишга, таннарх объектларини ва уни ҳисоблаш усулларини танлашга таъсир қилади


Ишлаб чиқаришни ташкил этиш


Узлуксиз ишлаб чиқариш – ускуналар ва иш жойлари технологик линиялар шаклида ўрнатилади. Бунда ҳар бир ишлаб чиқариш линияси деталларни қайта ишлаш ёки маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ операцияларнинг тўлиқ циклини амалга оширади. Шунинг учун ҳар бир узлуксиз ишлаб чиқариш линиясида ишлов бериш жараёни деталлар ёки тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан якунланади


Асосий харажатлар (материаллар сарфи, асбоб-ускуналар амортизацияси, энергия сарфи, меҳнат ҳақи сарфи ва бошқалар) узлуксиз ишлаб чиқаришнинг ўзига хос аниқ хусусиятларига қараб ҳар бир ишлаб чиқариш ва автоматик линия учун ҳисобга олиниши мумкин. Белгиланган тартибга солинган иш ритми бўлган узлуксиз конвейер ишлаб чиқариш линияларида ишлаб чиқариш жараёни барқарордир. Бу тайёр маҳсулот ва тугалланмаган ишлаб чиқариш ўртасида харажатларни тақсимлашни соддалаштиради – ҳисобот давридаги барча харажатларни ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотларга киритади


Узлуксиз бўлмаган ишлаб чиқариш буюмни ишлаб чиқариш жараёнида ярим тайёр маҳсулотнинг нотекис ҳаракатланиши билан тавсифланади. Технологик жараён операциялар давомийлиги турли хил бўлганлиги учун узилиб қолади ва ярим тайёр маҳсулотлар иш жойларида ва омборларда тўпланиб қолади. Буюмларни йиғиш фақат омборда тўлиқ деталлар тўплами мавжуд бўлганда бошланади. Бу ишлаб чиқариш циклининг давомийлигини сезиларли даражада оширишга олиб келади


Асбоблар, мосламалар ва жиҳозлар кўпинча буюмни ишлаб чиқариш тўхтатилганда, яъни улар жисмоний эскиришдан анча олдин ҳисобдан чиқарилади, бу эса маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади. Меҳнат предметларининг омбор ҳисоби мураккаб бўлади, чунки кейинги операцияларнинг амалга ошишини кутиш даврида уларни сақлаш учун оралиқ омборлар талаб этилади


Маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнидаги роли


Асосий ишлаб чиқаришда профилли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, яъни корхона ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ташкил этилган. Асосий ишлаб чиқариш маҳсулотлари бошқаларга сотиш учун мўлжалланган (масалан, нон пишириш саноатида – бу нонни пишириб сотиш, консерва саноатида – консервалар тайёрлаш, пиво саноатида – пиво тайёрлаш)


Ишлаб чиқаришни асосий ва ёрдамчи бўлимларга бўлиш алоҳида счётлар бўйича харажатларни ҳисобга олиш имконини беради – 2010 ва 2310. Корхоналарда хизмат кўрсатиш соҳалари ва хўжаликлар ҳам бўлиши мумкин. Улар ишлаб чиқаришнинг ушбу таснифига кирмайди, чунки улар асосий ишлаб чиқариш маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ эмаслар. Уларнинг харажатларини ҳисобга олиш 2710-счётда юритилади. Буларга, хусусан, корхона балансида бўлган соғлиқни сақлаш, болалар боғчалари, уй-жой коммунал хўжалиги, маданият ва спорт иншоотлари, ошхона ва буфетлар, илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш бўйича алоҳида бўлинмалар киради


Ёрдамчи ишлаб чиқариш асосий ишлаб чиқаришнинг нормал ишлашини таъминлайди. Ёрдамчи ишлаб чиқаришда асосий ишлаб чиқаришнинг эҳтиёжлари учун масалан, асбоблар, эҳтиёт қисмлар, таралар ишлаб чиқарилади, ҳар хил турдаги энергиялар ишлаб чиқарилади, ускуналар таъмирланади, транспорт хизматлари кўрсатилади ва ҳоказолар.


Бошқарувнинг тузилиши ва ташкил этилиши


Цех тузилмаси одатда йирик корхоналарда қўлланилади. Ишлаб чиқаришнинг асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқаришга бўлинишига кўра, цехлар ҳам асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариш цехларига бўлинади


Ишлаб чиқаришни цех тузилмаси орқали бошқаришда ишлаб чиқариш харажатларининг йиғма ҳисобига таъсир қилади. Агар корхонада таркибий цехлар мавжуд бўлса, ҳисобнинг ярим тайёр усулидан фойдаланиш мумкин. Масалан, пиво саноатида пиво ишлаб чиқаришда ярим тайёр маҳсулот ҳисобланган солоднинг таннархи калькуляциясини алоҳида тузишади


Кичик ва ўрта корхоналарда цехсиз тузилма қўлланилади. Ишлаб чиқаришнинг асосий ва ёрдамчи тармоқлари цехлар ўрнига ишлаб чиқариш участкалари ташкил этилади


Харажатларнинг йиғма ҳисоби ярим тайёр бўлмаган вариант асосида амалга оширилади, бунда ўзи ишлаб чиқарган ярим тайёр маҳсулотлар ҳаракати бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмайди


Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хусусияти


Якка тартибдаги ишлаб чиқаришга якка тартибдаги буюртмалар асосида ишловчи корхоналар киради. Улар истеъмолчиларнинг буюртмалари учун ҳар қандай маҳсулотнинг такрорланмайдиган нусхаларини ишлаб чиқарадилар. Масалан, пойабзал ёки кийим-кечакларни якка тартибда тикиш, харидорларнинг буюртмаси асосида айрим турдаги қандолат маҳсулотларини пишириш ва бошқалар.


Харажатларни ҳисобга олиш ҳар бир маҳсулот (буюртма) учун амалга оширилади. Бунда тайёргарлик ва якуний ишлар учун катта харажатлар


Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хусусияти


Серияли ишлаб чиқаришга ҳар бир турдаги маҳсулотларни партиялар ёки серияларда ишлаб чиқарадиган корхоналар киради


Ишлаб чиқаришни ҳисобга олиш улар бутланадиган ишлаб чиқарилган қисмларга ёки уларнинг партияларига нисбатан эмас, балки буюм сериясига нисбатан амалга оширилади. Тайёр маҳсулот таннархи, қоида тариқасида, босқичли усулда ҳисобланади


Оммавий ишлаб чиқаришда бир хил маҳсулотлар узоқ вақт давомида узлуксиз ишлаб чиқарилади. Бу нисбатан кичик ассортиментга эга бўлган ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сезиларли ҳажми, ускуналарнинг юқори ихтисослашуви ва ишлаб чиқаришнинг юқори ритми билан таснифланади


Қоида тариқасида, харажатларни ҳисобга олиш ва маҳсулот таннархини ҳисоблашнинг меъёрий усули ёки унинг асосий элементлари қўлланилади


Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хусусияти


Оддий ишлаб чиқариш битта босқич – технологик жараён босқичидан иборат. У бир турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришга мўлжалланган (масалан, солодни ишлаб чиқаришга)


Бундай ишлаб чиқаришда маҳсулот таннархининг ҳисоб-китобида қийинчиликлар юзага келмайди. Олдин барча маҳсулотларнинг таннархи аниқланади, кейин донасининг таннархи



Мураккаб ишлаб чиқариш бир қатор босқичлардан иборат бўлади. Ҳар биридан кейин ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади ва фақат охирги босқичда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади


Ҳар бир босқич учун маҳсулот таннархи ҳисоблаб чиқилади. У аввалги босқичлар бўйича маҳсулот таннархи ва охирги босқич бўйича харажатларни ташкил этади. Ишлаб чиқаришнинг охирги босқичидаги таннархи барча тайёр маҳсулотларнинг таннархи ҳисобланади


 

 

 

Маҳсулот ишлаб чиқариш учун харажатлар таснифи

Харажатларни ҳисобга олиш ва маҳсулот таннархини ҳисоблашни самарали ташкил этиш учун харажатларингизни гуруҳланг.

Корхона харажатларини гуруҳлаш (Низом 1-б., 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова).

Маҳсулотлар ишлаб чиқариш таннархи


Давр харажатлари


Молиявий фаолияти бўйича харажатлар


Фавқулодда зарарлар


Ишлаб чиқариш материаллари харажатлари (чегириладиган чиқиндилар қийматини ҳисобга олмаганда)


Сотиш бўйича харажатлар


Фоизлар шаклидаги харажатлар


Оддий фаолият доирасидан ташқарида содир бўлган воқеалар ёки операциялардан келиб чиқадиган «ноодатий» харажатлар (масалан, табиий офатлар)


Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари


Бошқариш харажатлари (маъмурий сарф-харажатлар)


Валюта курс фарқларидан зарарлар


Ишлаб чиқаришга боғлиқ бўлган ижтимоий суғурта ажратмалари


Бошқа операцион харажатлар


Қимматли қоғозларни чиқариш ва тарқатиш харажатлари


Ишлаб чиқариш мақсадларидаги асосий воситалар ва номоддий активларнинг амортизацияси



Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар



Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган бошқа харажатлар





 

Энг кўп тарқалган харажатлар гуруҳлари қуйидагилар ҳисобланади:

1) калькуляция моддалари бўйича. Ушбу гуруҳлаш асосида ишлаб чиқариш харажатларининг аналитик ҳисоби қурилади, алоҳида турдаги маҳсулотларнинг режали ва ҳақиқий таннархи тузилади. Ишлаб чиқариш корхоналарида харажатларнинг бундай гуруҳланиши асосий ҳисобланади. Аммо унинг мазмуни ҳар бир соҳанинг ўзига хос хусусиятларига қараб фарқ қилиши мумкин.

Умуман олганда калькуляция моддалари шундай кўринади:

● хом ашё, материаллар, сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар;

● ўзи ишлаб чиқарган ярим тайёр маҳсулотлар;

● қайтариладиган чиқиндилар (чегирилади);

● ёрдамчи материаллар;

● технологик мақсадлар учун ёқилғи ва энергиялар;

● ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

● ижтимоий суғуртага ажратмалар;

● яроқсиз маҳсулотлардан йўқотишлар;

● умумий ишлаб чиқариш харажатлари;

● ишлаб чиқаришнинг умумий таннархи;

● умумхўжалик харажатлари;

● сотиш билан боғлиқ тижорат харажатлари;

● якуний тўлиқ таннарх.

 

МИСОЛ. Маҳсулотнинг режалаштирилган таннархи билан сотиладиган нархини ҳисоблаш

1 000 дона маҳсулотнинг режалаштирилган таннархини ҳисоблаймиз ва 1 дона маҳсулотнинг сотиш нархини аниқлаймиз. Ишлаб чиқаришга режалаштирилган харажатлар қуйидагича:

1) хом ашё – 3 000 000 сўм;

2) ёқилғи ва электр энергияси – 500 000 сўм;

3) асосий ишчиларнинг меҳнат ҳақи – 4 000 000 сўм;

4) ижтимоий солиқ – 12%;

5) умумишлаб чиқариш харажатлари – асосий ишчиларнинг меҳнат ҳақидан 10%;

6) умумхўжалик харажатлари – асосий ишчиларнинг меҳнат ҳақидан 20%;

7) юкларни ташиш ва қадоқлаш материаллари харажатлари – ишлаб чиқариш таннархидан 5%;

8) рентабеллик – 15 фоиз.

Келинг, фоизларда белгиланган кўрсаткичларнинг қийматини аниқлаймиз (4, 5 ва 6-б.):

● асосий ишчиларнинг меҳнат ҳақидан ижтимоий солиқ 480 000 сўмни (4 000 000 х 12%) ташкил этади;

● умумишлаб чиқариш харажатлари 400 000 сўмга (4 000 000 х 10%) тенг;

● умумхўжалик харажатлари – 800 000 сўм (4 000 000 х 20%).

1 000 дона маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш таннархи 1–5-бандлар харажатлари йиғиндисидан иборат:

3 000 000 + 500 000 + 4 000 000 + 480 000 + 400 000 = 8 380 000 сўм.

Маҳсулотларни сотиш бўйича харажатлар 419 000 сўмни (8 380 000 х 5 фоиз) ташкил этади.

1 000 дона маҳсулотнинг тўлиқ таннархи умумхўжалик харажатлари ва тарқатиш харажатларининг ишлаб чиқариш таннархи суммасига тенг:

8 380 000 + 800 000 + 419 000 = 9 599 000 сўм.

1 дона маҳсулотнинг тўлиқ таннархи 9 599 сўмга (9 599 000 / 1 000) тенг.

1 дона маҳсулотнинг сотиш нархи рентабелликни ҳисобга олган ҳолда 11 038,85 сўмни (9 599 + 9 599 х 15%) ташкил этади.

Корхона устамаси (1 дона маҳсулот сотишдан олинган фойда) 1 439,85 сўмни (9 599 х 15%) ташкил этади. 

 

2) келиб чиқиш соҳасига қараб:

● таъминот ва тайёрлов;

● ишлаб чиқариш;

● тижорат ва сотиш;

● ташкилий ва бошқарув;

3) ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан:

● доимий;

● ўзгарувчан.

Доимий харажатларга ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзгариши билан қиймати ўзгармайдиган ва деярли ўзгармайдиган харажатлар киради. Масалан, цехни ижарага олиш харажатлари, маъмурий харажатлар. Булар умумий ишлаб чиқариш ва умумий хўжалик харажатлари.

Қиймати ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзгариши билан ўзгарадиган харажатлар ўзгарувчан харажатлар деб аталади. Буларга технологик мақсадлар учун хом ашё ва материаллар, ёқилғи ва энергия сарфи, ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи ва бошқалар киради;

4) технологик жараён харажатларнинг ролидан келиб чиқадиган:

● асосий (ишлаб чиқариш);

● юк хатлари (даврий).

Асосий (ишлаб чиқариш) харажатлар маҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни билан бевосита боғлиқ. Бу – ишлаб чиқариш харажатларига киритиладиган харажатлардир.

Юкхатлар (даврий) харажатлар, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва сақлаш, маҳсулотни сотиш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлардир. Улар умумхўжалик ва тижорат харажатларидан иборат;

5) ишлаб чиқариш таннархига киритиш усулига кўра:

● тўғридан-тўғри;

● билвосита.

Тўғридан-тўғри харажатлар – бу маълум турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш харажатлари. Улар бирламчи ҳужжатлар асосида амалга оширилганда ёки ҳисобланганда маълум бир маҳсулот турига киритилиши мумкин. Буларга хом ашё ва материаллар харажатлари, ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнат ҳақи харажатлари ва бошқалар киради.

Бир нечта турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ билвосита харажатлар (масалан, ишлаб чиқаришни бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари). Олдин улар тегишли йиғиш ва тарқатиш счётларида йиғилади, сўнгра махсус ҳисоб-китоблар ёрдамида аниқ буюмлар таннархига киритилади. Тарқатиш учун база ташкилот ва ишлаб чиқариш технологиясининг хусусиятларига мувофиқ танланади.

 

ИШЛАБ ЧИҚАРИШДА ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Барча хўжалик операцияларини бухгалтерия ҳисобида бирламчи ҳужжатлар асосида акс эттиринг. Корхонанинг нормал ишлаши учун бирламчи ҳужжатларнинг бухгалтерияга ўз вақтида келиши муҳимдир. Шунинг учун ҳужжатларни яратиш ва бошқа корхоналардан қабул қилиш, текшириш, қайта ишлаш, бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш, корхона бўлимлари ўртасида ўтказиш ёки бошқа корхоналарга жўнатиш ҳамда уларни архивга топширишгача бўлган барча жараён – яхши ташкил этилиши керак.

Корхонада ҳужжатларнинг кетма-кет ҳаракатлари жараёни ҳужжат айланиши деб аталади, уни ташкил этиш учун жадвал тузилади.

Ҳужжатларни яратиш, қабул қилиш, сақлаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби, шунингдек умуман ҳужжат айланишини ташкил этиш тартиби махсус Низом билан белгиланади (АВ рўйхат рақами 1297, 14.01.2004 й.).

Ҳужжат айланиши жадвалига риоя қилиш ва бирламчи ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги учун уларни тузган ва имзолаган шахслар жавобгардирлар (Низомнинг 3-сон иловаси, АВ рўйхат рақами 1297, 14.01.2004 й.). Бунда бош бухгалтернинг хўжалик операцияларни ҳужжатлаштириш ва ҳужжатларни бухгалтерия бўлимига топшириш бўйича талаблари корхонанинг барча ходимлари учун мажбурийдир (30.08.1996 йилдаги ЎРҚ-279-I-сон, 12-м.).

Бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини қоғозда ёки электрон шаклда тайёрлашингиз мумкин. Электрон ҳужжат айланишини амалга ошириш тартиби «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Корхонада қўлланиладиган бирламчи ҳужжат шакллари (агар меъёрий белгиланганлари бўлмаса), уларни расмийлаштириш тартибини корхонангиз йўналишига қараб ўзингиз ишлаб чиқинг. Бунда ушбу моддада келтирилган шаклларни асос қилиб олган ҳолда ишлаб чиқаришингизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олинг. Шаклларни ишлаб чиқишда қоғоз ва электрон бирламчи ҳужжатларда маълум мажбурий реквизитлар бўлиши кераклигини унутманг (30.08.1996 йилдаги ЎРҚ-279-I-сон, 6, 14-м., Низомнинг 6-б., АВ рўйхат рақами 1297, 14.01.2004 й.).

Ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш тартиби, шунингдек сиз фойдаланадиган бирламчи ҳужжатлар рўйхати, уларнинг шакллари, рўйхатдан ўтказиш тартиби, ижро этиш учун топшириш ва бошқаларни ўз ичига олади. Уни ҳисоб сиёсатида белгиланг.

 

Материалларни ишлаб чиқаришга ўтказиш учун бирламчи ҳужжатлар

Материалларни ҳисобга олиш карточкаси

Материалларни омбордан ишлаб чиқаришга ўтказишни материалларнинг ҳисобини олиш бўйича карточкада акс эттиринг. Уни бир йил учун очинг ва ҳар бир нав, тур ва ўлчам учун омбордаги материалларнинг ҳаракатини ҳам ҳисобга олинг. Карточкаларни махсус реестрда ёки китобда рўйхатдан ўтказинг ва уларни моддий жавобгар шахсларга (омбор мудири, омборчилар) тилхат асосида беринг.

Уларга кирим ордерлари (агар сиз уларни омбор бухгалтерия ҳисобида ишлатсангиз) ёки тўғридан-тўғри етказиб берувчиларнинг ҳисобварақ-фактуралари асосида материалларни олиш юзасидан ёзувлар киритинг. Агар кунига бир нечта бир хил операциялар бажарилса (бир нечта ҳужжатлар бўйича), карточкада материалларнинг умумий сонини акс эттирувчи битта ёзувни киритинг. Унда барча ҳужжатларнинг рақамларини кўрсатинг ёки реестрини тузинг. Ҳар куни карточка қолдиғини чиқариб боринг.

Карточка бир календарь йил учун очилганлиги сабабли кўп миқдорда ҳужжатлар айланганда унинг бир варағи ёзувлар учун етарли бўлмайди. Бундай ҳолда шу карточкага қўшимча равишда варақ очинг, уни рақамланг ва маҳкамланг. Календарь йилнинг охирида қуйидагиларни амалга оширинг:

● кейинги йилнинг 1 январига қолдиқни чиқаринг;

● қолдиқ янги карточкага ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйинг;

● карточкаларни тикинг ва корхона архивига топширинг.

Ҳисобни юритиш усули автоматлаштирилганда материалларнинг карточка ҳисобини юритмаслигингиз мумкин. Бундай ҳолда бирламчи ҳужжатлардан ҳар бир материал номи бўйича кирим ва чиқимлар тўғрисидаги маълумотларни тўғридан-тўғри омбор ҳисоби дастурига киритинг.

 

Лимит-олиш картаси

Лимит-забор картаси асосида материалларни омбордан ишлаб чиқаришга қўйиб юборинг. Материалнинг ҳар бир номи учун уни икки нусхада ёзиб қўйинг (битта номенклатура рақами). Ой бошланишидан олдин бир нусхасини корхонанинг материалларни қабул қиладиган бўлинмасига, иккинчисини эса омборга беринг. Қоида тариқасида карта бир ойга берилади, аммо материалларни чиқариш ҳажми кичик бўлса, уни чорак муддатга расмийлаштиринг.

Материалларни қабул қилишда моддий жавобгар шахс картанинг ўзидаги нусхасини тақдим этади. Омборчи иккала нусхада ҳам чиқарилган материалларнинг санаси ва сонини кўрсатади, ушбу турдаги материаллар учун лимит қолдиғини аниқлайди. Ишлаб чиқаришда фойдаланилмаган ва омборга қайтарилган материалларнинг ҳисоби ҳам лимит-олиш картасида юритилади.

Лимитни ўзгартиришга, материалларни лимитдан ошириб чиқаришга, айрим материалларни бошқаларга алмаштиришга фақат корхона раҳбари ёки бошқа ваколатли шахсларнинг рухсати билан йўл қўйилади.

Лимитдан фойдалангандан сўнг омбор лимит-олиш карталарни топширади. Ойнинг бошида лимитдан фойдаланишдан қатъий назар, олдинги ой учун барча карталар топширилиши керак. Агар карта чорак учун берилган бўлса, кейинги чорак бошида топширилади.

Ҳужжат айланишини соддалаштириш ва бирламчи ҳужжатлар сонини камайтириш учун сиз материалларнинг чиқарилишини материалларни ҳисобга олиш карталарида рўйхатдан ўтказишингиз ва уларда чиқариш чегарасини кўрсатишингиз мумкин. Материалларни чиқариш учун харажат ҳужжатларини расмийлаштирманг, материалларни бир нусхада ёзиладиган лимит карталар асосида беринг. Бундай материални чиқариш вариантида олувчи материални ҳисобга олиш картасига, омборчи лимит картасига имзо қўяди.

 

Юкхат (талабнома)

Корхона таркибий бўлинмалари ёки моддий жавобгар шахслар ўртасидаги материалларнинг ҳаракатини ҳисобга олиш учун талабнома – юкхатдан фойдаланинг. Уни материалларни чиқарадиган таркибий бўлинманинг омборчиси икки нусхада тузади. Битта нусха асосида материаллар етказиб берувчи томонидан ҳисобдан чиқарилади, иккинчиси асосида қабул қилувчи ҳисобга олади. Расмийлаштирилган талабномалар бухгалтерияга ҳужжат айланиши жадвалида белгиланган муддатларда топширилади.

Материалларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати бухгалтерия билан келишилган бўлиши керак. Уларнинг имзо намуналари материалларни чиқарадиган ҳар бир омборда бўлиши керак.

 

Материалларни бошқаларга чиқариш учун юкхат

Корхонанинг ўз ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлинмаларига, шунингдек учинчи томон корхоналарга (қўшимча равишда ҳисобварақ-фактурага) материалларни беришда бошқа томонга материалларни чиқариш учун юкхатларни расмийлаштиринг. Уни икки нусхада ёзинг: биттасини материалларни бериш учун асос сифатида омборга, иккинчисини олувчига беринг.

Талабнома ва юкхатга асосланиб материалларни ҳисобга олиш картасида материалларни бериш юзасидан ёзувларни амалга оширинг.

 

Тайёр маҳсулотларни чиқариш ва сақлаш бўйича бирламчи ҳужжатлар

Ишлаб чиқаришдан олинган маҳсулотларни қуйидаги ҳужжатлардан бири билан чиқаринг:

● қабул қилиш-топшириш юкхати;

● тайёр маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномаси;

● кирим ордери ва бошқалар.

Омборга қабул қилинган тайёр маҳсулотлар учун омбор ҳисоб картасини юритинг. Уни ишлаб чиқиш учун материалларнинг ҳисоб картасидан фойдаланинг. Агар маҳсулот номенклатураси катта бўлса, унинг ҳаракатини омбор ҳисобини юритиш китобида акс эттиринг.

Ой охирида моддий жавобгар шахс моддий бойликларнинг ҳаракати тўғрисида ҳисобот тузади ва бухгалтерия бўлимига тақдим этади, унга барча кирувчи ва чиқувчи бирламчи ҳужжатларни илова қилади.

Тайёр маҳсулотларнинг бухгалтерия ҳисоби, қоида тариқасида, миқдор ўлчовида моддий жавобгар шахс томонидан юритилади. Бухгалтерияда материал ҳисоботлар қайта ишланганида қиймати ва умумий суммаси кўрсатилади.

Моддий жавобгар шахсларнинг ҳисоботлари асосида моддий бойликларни ҳисобга олишнинг йиғма рўйхатини тузинг, унда корхона бўйича тайёр маҳсулотнинг ҳақиқий ҳаракати ҳисобга олинади.

 

Тайёр маҳсулотни сотиш (жўнатиш) бўйича бирламчи ҳужжатлар

Тайёр маҳсулотни сотишда харидорга тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар таркиби уни амалга ошириш усулига қараб фарқ қилади:

● чакана савдода нақд пул ёки пластик карточкалардан фойдаланганда харидорга ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган назорат касса машинаси ёки терминал чекини тақдим этинг.

● нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали сотилган тайёр маҳсулотларни жўнатишда, омбордан маҳсулотларни чиқариш учун юкхат расмийлаштиринг.

● агар маҳсулот автотранспорт воситасида олиб чиқиладиган бўлса, товар-транспорт юкхатларини расмийлаштиринг (ТТЮ) (Йўриқнома АВ рўйхат рақами 1382, 2.07.2004 й.).

● воситачига (комиссионерга, ишончли вакилга) сотиш учун топширилган маҳсулотларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштиринг.

Тайёр маҳсулотларни чиқариш учун ҳужжатлар асосида ҳисобварақ-фактура расмийлаштиринг, унинг расмийлаштириш тартиби (шу жумладан, воситачилик операциялари) билан тасдиқланган (Низом 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова).

 

Шарофитдин ҲАЙДАРОВ, иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази директори ўринбосари,

Татьяна БЕЛОУСОВА, «Норма» эксперти. 

Прочитано: 504 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика