Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 49 / Биз яшайдиган уй

Россияда ҳам шовқин юзасидан ўзгаришлар бўлади

 

РФ Давлат думасига пухта ишлаб чиқилган сокинлик ҳақидаги қонун лойиҳаси киритилди. Унда барча минтақалар учун сокинлик вақтига риоя қилиш ҳамда уларни бузганлик учун жарималар қўлланилиши юзасидан ягона қоидаларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Ҳозирча Россияда ҳар бир минтақанинг ўзида шовқин вақти қачонлиги, қандай жарималар белгиланиши, қоидалардан истиснолар алоҳида белгиланмоқда. Айрим нарсалар умумий белгиланмоқда, лекин минтақаларда мамлакатнинг у ёки бу вилоятидаги яшаш шарт-шароитларига қараб ушбу масала мустақил тартибга солинмоқда. 

 

Ҳозирча турли минтақаларда – турлича ёндашув

Москвада, масалан, ўзининг «осойишталик тўғрисида»ги қонуни бор. У «Москва шаҳрида осойишталик ва фуқароларнинг ҳаловатини сақлаш тўғрисида» деб номланади. Қонун 2002 йилдан буён амал қилади ва унда бинодаги (касалхона, уйлар, квартиралар, болалар боғчалари, меҳмонхоналар ва бошқаларда) осойишталик бузилишидан ҳимоялайдиган тунги вақт, фуқароларнинг кундузги дам олиш вақтини бузадиган хатти-ҳаракатлари, маъмурий жавобгарлик каби тушунчалар белгиланган.

Москвада турар жой биноларида соат 19.00 дан 9.00 гача ва 13.00 дан 15.00 гача таъмирлаш ишларини ўтказиш мумкин эмас. Бундан ташқари, якшанба ва байрам кунлари таъмирлаш ишларини бажариш тақиқланган. Бунда истиснолар мавжуд: кўп квартирали уй фойдаланишга топширилган кундан бошлаб 1,5 йил ичида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳолатлар. Авария ва бошқа фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳолатлари ҳам истисно қилинади. Шунингдек Москвада диний маросимлар талаб этадиган ҳолатларда шовқин қилиш мумкин. Икки ёшгача бўлган болаларнинг йиғлаши шовқин ҳисобланмайди.

Санкт-Петербургда ўзининг осойишталик ҳақидаги қонуни мавжуд эмас. Бироқ маъмурий регламентда таъмирлаш ишлари ва дам олиш вақтлари тўғрисидаги моддалар назарда тутилган. СанҚваНда рухсат этилган шовқин кўрсаткичлари берилган: кундузи шовқин 40 акустик децибелдан, тунда эса – 30 децибелдан ошмаслиги керак.

Умуман олганда, Россиянинг кўпгина минтақаларида соат 22.00 дан 08.00 гача, шунингдек 13.00 дан 15.00 гача бўлган оралиқда шовқин қилиш мумкин эмас. Дам олиш ва байрам кунлари 22.00 дан 12.00 гача дам олиш соатлари назарда тутилган. Янги йил кечасида соат 23.00 дан 04.00 гача бўлган вақтда шовқинга белгиланган тақиқ амал қилмайди.

 

Нималар шовқин ҳисобланади?

Таъмирлаш ишларини шовқин-сурон билан қилиш (лекин бусиз ҳам бўлмайди), баланд овозда қўшиқ тинглаш ёки мусиқа асбобларини чалиш – булар осойишталикни бузишнинг энг кенг тарқалган турлари. Қўшиқ айтиш, ҳуштак чалиш ҳамда одамлар ва ҳайвонларнинг бошқача баланд овозлари (масалан, итларнинг ҳуриши) – буларнинг барчаси осойишталик тўғрисидаги қонун доираси остига тушади. Уйда пиротехникани пақиллатиш мумкин эмас. Бунда нафақат баланд овоз чиқади, балки ёнғин хавфи ҳам бор.

Уй олдидаги қорларни қор йиғиш машинаси билан тозалаш мумкин. Кўп қаватли уй олдида жиноятчини қўлга олиш, спорт ва маданий тадбирларда, диний маросимларда фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш ишлари учун жарима солинмайди.

 

Ҳозирча жарималар ҳудудий ҳокимиятлар томонидан белгиланмоқда

Москвада осойишталикни бузувчиларга нисбатан қонун-қоидалар доирасида муносабатда бўлишади. Биринчи марта – огоҳлантириш, иккинчи марта – 2 000 рублгача жарима. Такрор содир этилган хатти-ҳаракат учун – 2 000 рублдан 3000 рублгача жарима.

Петербургда ҳаммаси ҳосил қилинадиган шовқин турига боғлиқ бўлади. Тунда мусиқа, баланд овозлар ва мебелни сурганлик учун жарима 500 рублдан 1 000 рублгача; пиротехника шовқини учун – 1 000 рублдан 5 000 рублгача; таъмирлаш, юк ортиш ва тушириш учун – 3 000 рублдан 5 000 рублгача миқдорни ташкил қилади. 5 000 рублни белгиланмаган вақтда қурилиш ишларини ўтказганлик учун ундириб олиниши мумкин.

 

Ягона қоидалар ўрнатилади

Янги қонун лойиҳасида жарима санкциялари ва осойишталик вақти билан боғлиқ ўзгартиришлар назарда тутилган. Кенгайтирилган қонун лойиҳасида ягона қоидалар жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Дам олиш кунлари шовқинни буткул тақиқланади, иш кунлари эса – соат 23.00 дан 7.00 гача тақиқ белгиланади. Қурилиш ишларини фақат иш кунлари соат 9.00 дан 19.00 гача 13.00 дан 15.00 гача танаффус билан бажаришга рухсат этилади.

Қоидабузарлар учун жарималар жисмоний шахслар учун 2 000 рублгача, юридик шахслар учун – 50 000 рублгача миқдорни ташкил қилади.

 

Осойишталик учун масъуллар

Қонун лойиҳасида ҳар бир уйда БК вакилини ёки масъул қўшнини уйда яшовчилар танлаши таклиф этилмоқда. У тартиб-интизомни, саранжомликни кузатиб туради, «осойишталик тўғрисидаги қонун» бузилганлиги ҳақида далолатномалар тузади ва уларни полицияга топширади. Лекин шовқин қилаётган қўшнини судга бериш учун кузатув камералари ёзувларини, бошқа қўшниларнинг кўрсатмаларини ҳамда шовқин даражаси ўлчамларини тақдим этиш керак.

Шовқин даражаси ошганлигини Росистеъмолназорат мутахассиси махсус аппаратура ёрдамида қайд этиши мумкин. Бироқ у кундузи келади, компания эса деразалар тагида тунда шовқин қилади ва буни қайд этишнинг имкони йўқ. Жарима ёзиб бериш ҳам осон бўлмайди – буни ички ишлар органлари амалга оширади ва минтақалар улар билан шартнома тузиши керак. Бундай шартномалар кўп эмас, органлар ҳам ҳар доим зудлик билан етиб кела олмайди.

 

Токчани қоқиш учун отгул олиш керак бўладими?

Бошқа масалалар ҳам юзага келмоқда. Хусусан, ишлайдиган одамлар қандай қилиб токча қоқиши ёки уйдаги майда ишларни бажариши мумкин, ахир улар соат тўққиздан олтигача ишлайди-ку? Фақат таътил олганларидами? Ахир қонун лойиҳасида шанба-якшанба кунлари, ҳатто иш вақтидан ташқари вақтда ҳам умуман шовқин қилиш тақиқланган. Демак, ҳар қандай фуқаро ҳам уйида бирор нима қилиш имкониятидан маҳрум бўладими? У токча қоқиш учун ҳам ёки отгул олиши ёхуд таътилга чиқишини кутишига тўғри келади. Экспертларнинг ҳисоблашича, агар минтақалар бемалол ўз қоидаларини қабул қилаётган бўлсалар, умуман олганда ягона федерал қонун қабул қилинишига зарурат йўқ.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 189 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика