Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 49 / Биз яшайдиган уй

Қурувчилар ҳовлиларни ноқонуний эгаллаб олишни давом эттирмоқда

 

Охирги пайтларда Учтепа туманининг 11-мавзеси кўп қаватли уйларнинг ёнидаги яшил ҳудудларни эгаллаб олиш истагида бўлган қурувчиларни ўзига жалб қилмоқда. Турар жой мавзесига уйлар зич жойлашганлигига қарамай бир уни, бир буни: кўп қаватли бино, болалар боғчаси, машиналар тўхташ жойи, хусусий клиника ва бошқа объектларни тиқиштирмоқчи бўлишяпти. Уй аҳли ҳовлиларини қўлдан келганча ҳимоялаб, дарахтларни кесиш ва бўш жойлар ҳисобига қурилиш қилинишига қаршилик кўрсатишмоқда. Низолашишлар авжига чиққанида қурувчилар секин йўқ бўлиб қоладилар. Қаршилик кўрсатишлар бироз тинчигач, қурувчилар яна ўз қарорларини амалга ошириш истагида келаверишади.  

 

Мораторий-чи, нима бўлади?

Кўз остига олинган объектлардан бири 15-уй рўпарасидаги яшил ҳудудга эга бўлган болалар майдончаси эди. Қурувчи бу жойни бир неча йиллар олдин кўзлаб қўйган экан, у дарахтларни кесиб, майдончани бузиб ва уй аҳлининг қаршиликларига қарамай, хусусий болалар боғчаси қуришни мақсад қилган. Фуқаролар уйларининг деразаси тагида тижорат объекти бўлишига қаршилик билдиришяпти. Яқинда бу ерга қандайдир одамлар келиб, ҳудудни чегаралаб ўраб олдилар, болалар майдончасини ўзгартирмоқчи бўлиб, яшил ўсимликларни қўпоришни бошладилар.

Ушбу участкада 70 га яқин дов-дарахтлар бор, улар ноёб турлар ҳисобланади. Яшил ҳудуд аввалбошдан турар жой мавзесини қуришда дам олиш ва уй аҳли учун микроиқлимни яратиш жойи сифатида назарда тутилган эди. Лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, дарахтларнинг бир қисми йўқ қилинишига тўғри келади. Шу орада Президентнинг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (30.12.2021 йилдаги ПФ-46-сон) билан Ўзбекистонда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган.

Янги объект эскириб қолган коммунал тармоқларга қўшимча юклама ҳосил қилади, улар шундоқ ҳам базўр ишламоқда. 2023 йилнинг февраль ойида Президент томонидан қурилишга рухсатномалар олишда мавжуд инфратузилмага юкламанинг аниқ ҳисоб-китоби келтирилмаслиги танқид остига олинган эди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Тошкентнинг бош режаси тасдиқлангунга қадар янги объектларни қуришга мораторий эълон қилинади.

Пойтахтнинг бош режаси ҳанузгача йўқ. Шаҳарсозлик кодексининг 54-моддасига мувофиқ «аҳоли пунктлари ҳудудида объектларни бош режасиз ва бошқа зарур шаҳарсозлик ҳужжатларисиз лойиҳалаштириш ҳамда қуриш тақиқланади».

Моҳиятига кўра, бу айни мораторий ҳисобланади. Тошкентнинг бош режаси бўлмаса, қурилиш ҳам бўлмайди. Турар жой мавзеларида бундай лойиҳаларни амалга оширмоқчи бўлаётган тадбиркорлар ва бунга йўл очиб бераётган амалдорларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб ҳисоблаш учун яна нималар талаб этилади? Тадбиркорларнинг ҳовлиларимизни эгаллаб олиш ва бўш қолган ернинг ҳар бир қаричига қурилиш қилиш истаги ортиб бормоқда, қонунлар писанд қилинмаяпти. Бу Президент юритаётган сиёсатга қарши ҳаракат қилишга ўхшайди, ижтимоий тангликни келтириб чиқариши мумкин.

 

Нормал яшаш муҳити ниҳоясига етадими

Уй аҳли бу сафар ҳам ҳудудни эгаллаб олишларига қаршилик кўрсата олдилар. «Бироқ бу қанча давом этади? – деб аччиқланишмоқда улар. – Ким ҳовлимизни пайҳон қилгани келади? Лойиҳадан бизни хабардор қилишмайди. Кўпинча тадбиркорлар ҳатто исм-шарифларини, компанияларининг номини айтишдан бош тортадилар. Лекин, агар ўз ҳаракатларини қонуний деб ҳисобласалар, нима учун шундай қилишади? Улар лойиҳа ҳужжатларини тақдим этмасдан, бизлардан ёзма розилик олмасдан туриб уйга туташ ҳудудда хўжайинлик қилишни бошлайдилар».

Агар иш қурилишгача етиб борадиган бўлса, икки йил олдин 15-уй ёнида давлат дастури доирасида қурилган болалар майдончасини қайтадан қуришга тўғри келади. Бундай ҳолатда бюджетдан сарфланган маблағлар зое кетадику. Деразаси тагида болалар боғчаси уй аҳли учун бош оғриғи бўлмайдими – кун бўйи шовқин-сурон, хотиржамлик йўқолади. Шаҳарсозлик кодекси ва бошқа НҲҲларда кафолатланган яшаш учун қулай муҳитни унутишга тўғри келади. Мавзе ичида автотранспорт қатнови сони ортади (болаларни машинада олиб келишади ва олиб кетишади). Машиналар тўхташ жойи бўлмаса, бу фуқаролар учун муаммо туғдириши мумкин. Бундан ташқари, яқинда давлат бюджети ҳисобидан таъмирланган йўлкаларнинг бузиб ташланишига нима дейсиз.

 

Мустаҳкам ҳимоядаги болалар боғчаси

Уйда яшовчилар ўз манфаатларини ҳимоя қилишда яна бир ҳужжатга таянадилар: ШНК 2.07.01-03 «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш». 21.1-бандида белгиланишича, мавжуд мавзеларнинг кўп хонадонли бинолари оралиғида, махсус бино ва иншоотлардан (спорт майдонлари, болалар ўйин майдончалари, кийим-кечак қуритиш майдончалари, автомобилларнинг вақтинчалик тўхташ жойлари) ташқари, ҳар қандай бошқа мақсадли объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

2020 йилда уй аҳли Президентнинг Виртуал қабулхонасига қурувчининг устидан шикоят билан мурожаат қилдилар. Натижада Учтепа тумани ҳокимининг қарори билан қурилиш «жамоатчилик норозилиги сабабли» тўхтатилди, оғзаки суҳбатда эса дарахтлар кесилиши юзасидан мораторий эканлигини айтишди. Ўша пайтдан буён ҳеч қандай ўзгариш йўқ: мораторий амалга оширилмоқда, жамоатчилик норозилиги эса янада кучайиб бормоқда. Орадан уч йил ўтгач хусусий болалар боғчаси мавзуси яна долзарб бўлиб қолди.

 

Қурувчи иккинчи уринишни бошлаб юборди. Учинчиси ҳам мўлжалда турибди

Бошқа қурувчи 15-уйдан икки қадамча нарида иккинчи уринишни бошлаб юборди. Гаражлар ўрнида хусусий болалар боғчаси қуришни мақсад қилган. Кўп сонли дарахтлар кесилиш хавфи остида қолган. Гаражларнинг эгалари ўз ҳуқуқлари учун курашишмоқда, мол-мулкларини ҳимоя қилиш учун прокуратурага, ҳокимиятга, судга, ИИБга ва бошқа идораларга мурожаат қилишмоқда. Туманлараро маъмурий суд томонидан ҳудудни дастлабки ҳимоялаш чоралари белгиланган, бироқ бу ҳам ёрдам бермаяпти: қурувчининг вакиллари фуқароларнинг шахсий мулкига зиён етказган ҳолда тўсиқларни, гаражларни бузишяпти. Айни пайтда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳудудий бўлинмаси қурилишни тақиқлашни сўраб судга мурожаат қилди ва бу ҳолат кўп сонли дарахтларнинг кесилиб кетишига сабаб бўлиши айтилди.

Ажабланган уй аҳли «Қўрғонтепа» маҳалла қўмитасига йиғилишди. Туман ҳокими ўринбосари, маҳалла раиси ҳузурида бу сафар ҳам тадбиркорларнинг ноқонуний ҳаракатлари ва ижроия ҳокимиятининг ҳаракатсизлиги юзасидан ишончли далиллар келтирилди. «Ҳукумат халқнинг эмас, балки тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Бизларни ҳеч ким эшитмаяпти. Қонунлар ишламаяпти», – деб ажабланишди йиғилганлар. Улар тайинли жавоб ололмадилар. Қурувчилар йиғилишдан қочиб қолишди. Улардан бири шундай деди: «Барибир ўзим хоҳлаган нарсани қураман». Ўзаро суҳбатда маҳалла раиси 15-уйнинг ёнида қурилиш бўлмайди, деб таъкидлади. Бироқ ҳужжатли кафолатлар берилмади, бундай ҳолатларда қуруқ сўзларга ишониб тўхтаб қолмаслик керак.

11-мавзега бизнеснинг ҳужуми давом этмоқда. Яқинда бу ерда яна бир қурувчи пайдо бўлиб қолди, у 10, 11, 12, 13, 14-уйларнинг олдидаги болалар майдончасида хусусий клиника қурмоқчи бўляпти. Уйда яшовчилар қуйидаги сабаблар бўйича «қаршилар»нинг имзоларини тўпламоқдалар: бу кўп сонли дарахтларнинг кесилиб кетишига олиб келади, коммуникациялар юкламасини оширади, нормал яшаш муҳитини торайтиради. «Учинчи уриниш» ҳам мўлжал қилинмоқда. Яна қанчаси бор экан? Қачон ҳокимиятлар ҳеч нарсага қарамасдан, уй аҳлининг манфаатларини, НҲҲларда белгиланган тақиқларни инобатга олмасдан турар жой мавзеларидаги ерларни ажратиб беришни тўхтатадилар.

 

Қонунлар ишлаши керак

Ноқонуний қурилишга қарши яна қандай важлар келтирилиши мумкин? Яқинда уйга туташ ер участкалари кўп квартирали уйлардаги турар жойларнинг эгаларига доимий фойдаланишга берилади. Бу уй аҳли учун ер участкаларини қурувчилар эгаллаб олмоқчи бўлганларида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос бўлади. Бунгача эса – асос фақат билвосита. Ҳуқуқий нигилизм шароитида бу қандай ишлайди?

Яна бир жиҳат мавжуд, лекин бу келгусида бўлиши мумкин. Эксперт-экологларнинг фикрича, Чилонзордаги айрим ҳовлилар ноёб кўринишга эгадир. Уларнинг кўпчилигида қурувчилар йўқ қилишга муваффақ бўлмаган қимматбаҳо турдаги дарахтлардан иборат ажойиб яшил ҳудудлар сақланиб қолган. Моҳиятига кўра – мини-парклар. Ҳозирча бундай эмас, турар жойларда жамоат паркларини яратиш лойиҳаси дарахтларни кесилишдан асраб қолган бўларди. Албатта, яна эслатиб ўтамиз, агар қонун ишлайдиган бўлса. «Яшил жамоат парклари»ни яратиш имконияти назарда тутилган (27.09.2022 йилдаги 529-сон ВМҚ). Юридик ва жисмоний шахслар яшил ҳудудлар мақоми берилиши ташаббуси билан чиқишлари мумкин, шу жумладан бундай ҳудудларда дарахтларни кесиш тақиқланади. Таклифлар ҳокимиятлар томонидан кўриб чиқилади, халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Тошкентда волонтёрлар «яшил жамоат парклари» ташаббусини илгари суришни бошлаб юборишди. Маҳаллий ҳокимият органлари бунда ёрдам беришлари мумкин. Уй аҳли қурувчиларнинг (шубҳали ва ўта шубҳали шахсларнинг) манфаатлари ҳақида эмас, балки уйда яшовчилар ҳақида қайғураётганликларини амалда ҳис қилишлари керак.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 281 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика