Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 49 / Биз яшайдиган уй

Тинчлик ўрнатиладими?

 

Ўзбекистонда «шовқинсиз давр» ва «тунги вақт»ни белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу Президентнинг «Атроф-муҳитни, аҳоли саломатлигини зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидлар таъсиридан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳасида назарда тутилган.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, лойиҳада «тунги вақт»ни – соат 23.00 дан соат 6.00 га қадар бўлган вақт, «шовқинсиз давр»ни – иш кунларида соат 23.00 дан соат 7.00 га қадар ҳамда дам олиш ва байрам кунларида соат 21.00 дан соат 8.00 га қадар бўлган вақт этиб белгиланган.  

 

Нималар таклиф этилмоқда?

Агар ҳужжат лойиҳаси қабул қилинса, 2024 йил 1 январдан бошлаб тунги вақт ва шовқинсиз давр мобайнида қуйидагилар тақиқланади:

• турар жойларда ва аҳоли пунктларида ташқи ва ички манбалардан рухсат этилган шовқин даражасидан ортиқ шовқинларни ҳосил қилиш;

• рухсат этилган шовқин даражасига мувофиқ, лекин аҳолига сезиларли нотинчлик туғдирувчи доимий бўлган ёки доимий бўлмаган шовқинларни чиқариш;

• аҳоли пунктларида ва жойлаштириш воситаларида дарахт кесувчи, майса ва ўтларни ўрувчи, автомототранспорт воситалари ҳамда бошка жисмларни автоматик равишда ювувчи электр ва бензин двигателлар ёрдамида ишлайдиган мосламалардан фойдаланиш;

• аҳоли пунктларида автомототранспорт воситалари, шу жумладан, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ёқилган транспорт воситалари томонидан товуш чиқариш мосламаларидан фойдаланиш;

• аҳоли пунктларида очиқ осмон остида кўнгилочар-томоша тадбирларини (мусиқий, концерт, спорт, реклама ва бошқалар) ўтказиш;

• якка тартибдаги уй-жой ва кўп квартирали уйларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш. Бундан электр, газ, иссиқлик ҳамда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига хавф-хатар туғдириши мумкин бўлган бошқа фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш ҳоллари мустасно.

Ҳужжат лойиҳасида «Зарарли шовқинлар ва ёқимсиз ҳидлар ягона геоахборот портали» тизимини яратиш ҳамда ҳидлар ва ёруғлик шовқинлари бўйича санитария нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш ва бузиш ишларида чангнинг чиқиши ва атроф-муҳитга тарқалишини олдини олиш имконини берадиган замонавий сувни пуркайдиган (микроклимат) технологияларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

 

Адлия вазирлиги шовқиннинг нохуш таъсири ва хавфини ўрганиб чиқди

2022 йилда Адлия вазирлиги шовқиннинг фуқароларга нохуш таъсири ва хавфини ўрганиб чиқди. Бунда таъкидланишича, мамлакатда шовқиннинг салбий таъсирига қаршилик кўрсатиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлмаган. НҲҲларда «тунги вақт» ягона тушунчаси мавжуд эмас. Меҳнат кодексининг 188-моддасида бундай вақт соат 22.00 дан 06.00 гача деб белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (МЖТК) эса – соат 23.00 дан 06.00 гача. 0267-09-сон СанҚваН «Турар жой, жамоат биноларининг хоналари ва турар жой қурилмалари ҳудудида йўл қўйиладиган шовқин даражасини таъминлаш бўйича санитария меъёрлари ва қоидалари»га мувофиқ эса – соат 23.00 дан 07.00 гача.

Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузганлик учун жавобгарликда жарималар унчалик катта эмас, шу сабабли ҳуқуқбузарлар жазони ўйлаб ҳам ўтиришмайди. МЖТКнинг 192-моддасида назарда тутилишича, тунги вақтда – соат 23.00 дан 06.00 гача – фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса – учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса – иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 184 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика