Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 35 / Биз яшайдиган уй

Ўзбошимча қурилиш қилганлар учун жавобгарлик

 

Кўп қаватли уйда яшовчилар ҳеч нарсага қарамай, ўзлари ва қўшнилари учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ўйламасдан, аввалгидек ўз квартираларининг тузилишида ўзгартиришлар қилмоқдалар. Улар яшаш майдонини кенгайтириш учун деворларни бузишмоқда. Лойиҳа қарорларини бузган ҳолда квартира ичидаги коммуникацияларни ўзгартиришмоқда, сантехника ва газ ускуналарини ўрнатилган жойидан ўзларига ёқадиган жойга кўчиришмоқда. Биринчи қаватдагилар квартирасига қўшимча қурилмаларни кўтаришмоқда, яшайдиган хоналарига кўчадан эшик очишмоқда, уйнинг олд қисмини ўзгартириш билан боғлиқ қайта қуришлар қилишмоқда. Буларнинг барчаси – ноқонуний хатти-ҳаракатлар, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш ҳисобланиб, тегишли рухсатномаларсиз ҳамда белгиланган меъёрлар ва қоидаларни бузган ҳолда амалга оширилмоқда. Қонун доирасига тўғри келмайдиган бўлса ҳам, ўз квартираларида хоҳлаганларича ўзгартириш қилишлари мумкин деб ўйлаган фуқароларга нисбатан қандай жавобгарлик назарда тутилган?

 

Уй-жой кодексининг 24-моддасида назарда тутилишича, кўп квартирали уйдаги квартира мулкдори маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли рухсатнома олмасдан ўзига қарашли жойни ўзбошимчалик билан қайта қурган ёки ўзгартирган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади ҳамда бу жойни ўз ҳисобидан аввалги ҳолатига келтириши шарт.

ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддасига мувофиқ Кўп квартирали уйлардаги таянч ва (ёки) тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 40 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундай ҳуқуқбузарликни (тўсиқ конструкцияларга оид қисмида) биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйдаги тўсиқ конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.

Прочитано: 229 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика