Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 35 / Биз яшайдиган уй

Жарима қанчалик катта бўлса, ҳовли шунча озода бўлади

 

Пойтахтдаги кўпгина турар жой даҳаларида ҳовлиларнинг санитария ҳолати муаммоси долзарблигича қолмоқда. «Обод махалла» давлат дастури доирасида кўп қаватли уйлар атрофидаги ер участкаларида анча ўзгаришлар рўй берди, улар қаровсиз қолмаганлиги яққол сезилиб турибди. Уй аҳлидан фақат битта нарса талаб қилинади: озодаликни таъминлаш, улар учун давлат ҳисобидан қилиб берилганларни сақлаб туриш. Таассуфки, ободонлаштирилган ҳовлиларга, болалар майдончаларига, айримлар эса машиналарни қўйиш жойига эга бўлганларига қарамай, кўпчилик уларни сақлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

 

Болалар майдончаларида оёқ остига чиқиндилар, пластик идишлар, музқаймоқ ўрамлари, конфет қоғозлари, писта пўчоқлари ва бошқа нарсалар ташлаб кетилганининг гувоҳи бўласиз. Ариқлар чиқиндиларга тўлиб ётади. Ҳовли супурувчилар турар жой даҳаларида ҳовлиларни супуришга улгурмайдилар ҳам. Энди тозалаб бўлишганда – уйда яшовчилар дуч келган нарсаларни ташлаб кетадилар. Тунда квартира ойнасида маиший чиқиндилар солинган пакетлар улоқтирилади. Кундузи ҳам ойнадан қурилиш чиқиндилари ва ҳатто кераксиз мебель ҳам ташлаб юборилади. Ота-оналар болаларини чиқиндини ташлаб келишга жўнатадилар, болалар эса уларни чиқинди тўплаш жойигача олиб бормасдан ярим йўлда қолдириб кетадилар. Икки-уч кундан кейин эса ушбу пакетлар кўпайиб бораётганини кўришингиз мумкин. Натижада чиқинди тўпланади, ундан бадбўй ҳид анқийди ва ҳашаротлар келади, санитария ҳолати ёмонлашади… Ота-оналар болаларини улар ўйнайдиган уй атрофидаги жойларни озода ва тартибли сақлашга ўргатишмайди. Супуриладиган жой эмас, балки чиқинди ташланмайдиган жой озода туришига шубҳа бўлиши мумкин эмас.

 

Табиатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга ИИО ва Миллий гвардия ҳам жалб этилади

Ҳовлига чиқиндини яшовчилардан қайси бири ташлаб кетганлигини аниқлаш анча мураккаб масала. Кўп қаватли уйларга ўрнатилган кузатув камералари ҳар доим ҳам ёрдам беравермайди. Бепарво қўшниларга нисбатан санкциялар камдан-кам ҳолатларда қўлланилади. Кўпинча у ёқ бу ёқда қоғозлар ва баклажкалар ётганлиги учун БК ёки УМШ раҳбарларига жарима солинади. Бироқ улар уй аҳлининг ҳар бирини кузата олмайдилар. Ўз уйининг ҳовлисини чиқиндихонага айлантиришга ўрганиб қолганлар билан курашиш амалиёти шуни кўрсатадики, суҳбатлар олиб бориш – келишиб олиш – огоҳлантириш ҳолатлари натижа бермайди. Ҳуқуқбузарлар кўпинча оммага ошкор қилинишидан ва жарима солинишидан қўрқадилар. Демак, ушбу чораларни фаол равишда қўллаш керак бўлади.

Президент томонидан имзоланган 11.07.2023 йилдаги «Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-854-сон Қонун ушбу мавзунинг долзарблигидан далолат беради. Қонун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) ва «Ички ишлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш киритмоқда. Ўзгартиришларда ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор бўлган шахсларни маъмурий жавобгарликка жалб этиш бўйича ваколатларини кенгайтириш назарда тутилади. Шу жумладан, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш; санитар тозалаш объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш ва ҳ.к.

 

Қоидани буздингизми – жарима тўланг

Ҳовлиларимиз кўримсиз қиёфага келишига сабабчи бўлганларга нисбатан қандай чоралар кўрилиши назарда тутилган?

МЖТКнинг 161-моддасида белгиланишича, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

МЖТКнинг 91-моддасида назарда тутилишича, саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд табиий муҳитга зарар етказган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

МЖТКнинг 91-1-моддасида назарда тутилишича, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маиший ва қурилиш чиқиндилари полигонларига жойлаштирилиши керак бўлган чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Прочитано: 126 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика