Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 35 / Биз яшайдиган уй

Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан электр энергиясидан фойдаланишда тежамкор бўлишни сўрайди

 

Энергетика вазирлиги иссиқ кунларда электр энергиясининг вақтинчалик ўчиб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тушунтиришлар билан, улардан тежаб ишлатишни ва йирик аварияларнинг олдини олиш чораларини қўллаётган идораларни тўғри тушунишларини сўраб истеъмолчиларга мурожаатлар йўллаган. Бунда, асосан, энергетика мажмуидаги муаммолар тармоқдаги муаммоларга эмас, балки юқори даражадаги энергия истеъмолига боғлиқ бўлаётганлиги ҳақида айтилмоқда.

Ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлганда электр энергиясига талаб ҳам ошади, деб таъкидлайди идорадагилар, шу билан бирга электр тармоқлари, кичик трансформатор станциялари юкламаси ҳам ортади. Бунинг оқибатида тармоқда узилишлар рўй беради. Бундан келиб чиқиб, Энергетика вазирлигининг барча бўлинмалари томонидан энергия ресурсларининг барқарор таъминоти юзасидан чора-тадбирлар кўрилади.

Идорадагиларнинг таъкидлашича, кузги-қишки мавсумга тайёргарлик кўриш чоғида электростанциялар, электр тармоқлари, кичик станциялар ва трансформатор пунктларида жорий ва капитал таъмирлаш ишлари ўтказилади. Бундай ишларни амалга ошириш вақтида бир қатор ҳудудларда истеъмолчиларни умумий электр тармоғидан узиб туриш, электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкин. Иссиқ кунларда эса электр ускуналарининг қизиб кетиши ва истеъмол даражасининг юқорилиги энергия тизимидаги катта аварияларга сабаб бўлади.

Электр тармоқлари ёз ойларидаги ўта юқори ҳароратда ишлашга мўлжалланмаган. Асосан улар қуёш остида очиқ ҳолатда жойлашган бўлиб, юқори ҳароратда қизиб туради. Айниқса кундузги вақтда электр энергиясидан фойдаланишнинг кескин ошиб кетиши электр тармоқларининг ишдан чиқишига олиб келади.

Энергия тизимидаги йирик муаммоларни бартараф қилиш учун диспетчерлик хизматлари электр узатиш тармоғидаги юкламани камайтириш чораларини кўради. Хусусан, айрим кўрсаткичлар критик даражага яқинлашганда, айрим уй-жойлар ва ишлаб чиқариш объектлари электр таъминотидан узиб қўйилади. Энергетика вазирлиги ушбу чора-тадбирларни тўғри тушунган ҳолда қўллаб-қувватлашни сўрайди, чунки улар тармоқлардаги катта аварияларнинг олдини олишда ҳал қилувчи чоралар ҳисобланади.

Бундай кунларда электр станциялари ишига резерв энергоблоклар уланади. Электр таъминоти сифатини ошириш мақсадида йил бошидан буён 2 000 километрдан ортиқ электр узатиш линиялари ва 330 дан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланди.

Бундан ташқари, 17 минг километрдан ортиқ паст вольтли электр узатиш тармоқлари ва 6 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари, 110–500 кВ ли 600 километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 7 та кучли ток трансформаторлари тўлиқ таъмирланди.

Барча электр станцияларида туну кун навбатчилик қиладиган бригадалар ташкил қилинади, улар ишлаб чиқариш қувватларининг барқарорлигини таъминлайди. Электр тармоқларида авария ҳолатларининг олдини олиш ва тугатиш учун 227 та авария бригадалари ташкил қилинган.

Аномал иссиқ ҳаво натижасида электр ускуналарнинг юклама билан ишлаши сабабли юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш мақсадида Энергетика вазирлиги фуқароларни электр энергиясидан тежамкорона фойдаланишга чақирган.

Вазиятни тўғри тушуниб, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланилган тақдирда электр ускунаси ишдан чиқишининг олдини олиш ва барча истеъмолчиларга энергия ресурсларининг барқарор етказиб бериш имкониятини яратиш мумкин бўлади, дейилади идоранинг мурожаатида.

Жаҳон тажрибаси электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли бўлмаслигидан, уни тежаб ишлатиш муҳим эканлигидан далолат бермоқда. Аномал иссиқ кунларда аҳолига мурожаат қилиб, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва имкон қадар улардан фойдаланишни қисқартиришни сўраш – бутун дунё қўллайдиган амалиёт ҳисобланади. Хусусан, бундай чақирувларни кўпгина Европа ва Осиё мамлакатларининг ижтимоий тармоқларида кўриш мумкин.

Прочитано: 289 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика