Охирги 10 йилда якка тартибдаги тадбиркор патентига эгаман ва яна 20 йиллик асосий стажим бор. Менга пенсияни қандай расмийлаштиришади?
– 20 йиллик иш стажига 10 йил якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият иш стажига қўшиб ҳисобланади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
• 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонуннинг 37-м. 1-б., «г» б.).
Бунда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-м. 1-қ.).
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи миқдори қуйидаги тарзда аниқланади – ижтимоий солиқ суммасини тўлаш даврида амалда бўлган ижтимоий солиқ ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади (Низомнинг 85 ва 86-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Шуни ҳисобга олиш лозимки, ойлик тўлов миқдорларини ошириб, келгусидаги пенсияни ҳам ошириш мумкин, чунки унинг миқдори нафақат иш стажига, балки пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақига ҳам боғлиқ бўлади.
Масалан, 2023 йил май ойида сиз 347 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўладингиз. Тегишинча, йиллик даромад миқдори 2 891 666,67 сўмни (347 000 / 12 х 100, бу ерда 12% – микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун солиқ ставкаси) ёки ўртача ойлик даромад – 240 972,22 сўмни (2 891 666,67 / 12) ташкил қилади.
Сиз ижтимоий солиқ миқдорини ошириш орқали пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорини оширишингиз мумкин. Шундай қилиб, 694 000 сўм ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, йиллик даромад миқдори 5 783 333,33 сўмни (694 000 / 12 х 100), ёки ўртача ойлик даромад 481 944,44 сўмни (5 783 333,33 / 12) ташкил қилади.