Ҳозир ер участкасини сотиб олишда ногиронларга пулларнинг бир қисми тўлаб берилади деб эшитдим. Шу тўғрими?
– Аукционда ер участкасини сотиб олган таркибида ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд оилаларга БҲМнинг 100 бараваригача тўловлар тайинланади (23.03.2023 йилдаги 122-сон ВМҚ).
Тўлов тайинлаш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимининг махсус комиссияси томонидан қабул қилинади.
Бир марталик тўловни амалга ошириш учун имтиёзли тоифадаги шахслар қуйидаги мезонларга мувофиқ келиши керак:
• охирги 12 ой давомида ўзи ёки оила аъзолари номида яшаш учун мўлжалланган турар жойи ёки ер участкаси мавжуд бўлмаслиги;
• ер участкаси охирги уч ой ичида аукцион орқали харид қилинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши;
• ногиронлиги бўлган шахс деб топилган, шунингдек, тегишлилиги бўйича «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»нинг бирида турган бўлиши.
Тўлов олиш учун ер участкаси сотиб олгандан бошлаб 3 ой ичида ўз ҳудудидаги комиссия ишчи органига ариза билан мурожаат қилиниши ва зарур ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.
Тўлов тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин сизнинг пластик картангизга тегишли маблағлар ўтказилади. Шунингдек тегишли хабар юборилади.