Келажакда пенсиясиз қолиш ҳаммани хавотирга солади. Турли ҳаётий сабабларга кўра кимлардир пенсия тайинланиши учун умуман стажга эга бўлмаслиги мумкин. Масалан, инсон бутун умри давомида шахсий томорқасида меҳнат қилган ёки кимнингдир (ота-онаси, болаларининг...) парвариши билан шуғулланган бўлиши мумкин. Ишламаётган оила аъзоси учун ишлаётган эри (хотини) ижтимоий солиқни тўлайдиган бўлса, бундай вазиятда турмуш қурмаган инсонлар нима қилиши керак?
Саволларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва «Халқ банки» АТБ мутахассислари жавоб берадилар.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ижроия аппарати методология бўлими бошлиғи Фаррух ПАРДАЕВ:
– Ҳозир пенсияга чиқаётганлар етмаётган стажни «сотиб олиши» мумкин. Ишламайдиган эри (хотини) учун ижтимоий солиқ тўланган давр иш стажига қўшилади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 46-б.).
Агар бу вариант сизга тўғри келмайдиган бўлса, у ҳолда вазиятдан чиқишнинг яна иккита йўли бор:
1) жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисса киритувчи бўлиш;
2) ўзини ўзи банд қилган шахс бўлиш.
ШЖБПҲ тизимининг ихтиёрий иштирокчилари ПЖга ижтимоий бадалларни ўзлари ихтиёрий равишда тўлайдилар, бадал миқдорини ва киритиладиган муддатини ўзлари белгилайдилар. Улар жумласига қуйидагилар киритилади:
• якка тартибдаги тадбиркорлар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 43-б.);
• деҳқон хўжалиги аъзолари, деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган жисмоний шахслар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 39-б.);
• меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган фуқаролар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 41-б.);
• солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи жисмоний шахслар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 42-б.);
• ишламайдиган эри (хотини) учун ШЖБПҲга бадалларни тўлайдиган ишлайдиган фуқаролар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 46-б.).
Ўзини ўзи банд қилган шахслар зарур стажга қандай эга бўлишлари мумкин? Улар пенсия олиш учун ижтимоий солиқни қаерга ва қай тартибда тўлашлари лозим?
– Аввало, солиқ органларида мобиль иловалар ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтиш ва буни тасдиқловчи QR-кодни олиш керак. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олиш талаб этилмайди (8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарор 3-б.).
Меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун ўзини ўзи банд қилган шахслар ихтиёрий тартибда бир йилда 1 БҲМ миқдорида солиқ тўлайдилар (СК 408-м. 2-қ.). Soliq иловаси орқали ёки солиқ инспекциясига ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар тўлаш мумкин. Ушбу сумма тўлиғича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади (23.12.2020 йилдаги 806-сон ВМҚга 1-илова 16-б.).
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар қандай фаолият турлари билан шуғулланишлари мумкин?
– Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланадиган фаолият турлари махсус рўйхатда келтирилган.
2023 йил 1 январдан бошлаб ўзининг шахсий томорқа ер участкасида фаолият юритадиган фуқаролар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади. Улар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланиши ушбу даврни уларнинг меҳнат стажига қўшиш ҳуқуқини беради (30.08.2022 йилдаги «Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-366-сон қарор).
Иш стажи мавжуд бўлмаса-чи?
– Иш стажига эга бўлмаган фуқароларга ёшга доир нафақа тайинланади (23.03.2023 йилдаги 119-сон ВМҚга 1-илова 19-б.):
• эркакларга – 65 ёшда;
• аёлларга – 60 ёшда;
• болаликдан ногиронлиги бўлган болалари бор (бўлган) оналарга – 55 ёшда.
«Халқ банки» АТБ жамғариладиган пенсия тизимини қўллаб-қувватлаш департаменти директорининг вазифасини вақтинча бажарувчи Алишер ХУШМАТОВ:
Ишламайдиган шахс жамғариладиган пенсия тизимининг иштирокчиси бўлиш ҳуқуқига эгами? Бунинг учун у қаерга мурожаат қилиши керак?
– «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ иш берувчиларнинг ва меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, агар қонунчиликда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажбурийдир.
Якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек бошқа фуқаролар (шу жумладан ишламайдиганлар) жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этадилар. Бунинг учун улар яшаш жойидаги «Халқ банки» филиалига мурожаат қилишлари керак, ёнларида паспорт ёки ID-карта бўлиши лозим (2.12.2004 йилдаги ЎРҚ-702-II-сон Қонун 7-8-м.).
ШЖБПҲга бадаллар тўлаш механизми қандай? Қаерга ва қандай тартибда бадаллар тўланиши керак?
– Бадал киритувчилар бадаллар миқдори ва муддатларини мустақил равишда белгилайдилар. Бадаллар ШЖБПҲга бевосита «Халқ банки» филиаллари ёки масофадан туриб банкнинг мобиль иловаси орқали ҳисобланади.
Жамғариладиган пенсия тизимига киритиладиган омонатларни (жамғармаларни) фақатгина уларни олишга ҳуқуқи юзага келганда (пенсия ёшига тўлганда) олиш мумкинми?
– «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқаролар пенсия тўловлари олувчи сифатида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонунчиликка мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ:
• фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бир йўла тўла ҳажмда тўланади;
• фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади.
Қанча жамғариш керак?
– Фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган тизимда ихтиёрий иштирок этадилар ва ШЖБПҲга бадаллар миқдорини ва тўлов муддатларини мустақил равишда белгилайдилар (2.12.2004 йилдаги ЎРҚ-702-II-сон Қонун 6-м.).
ШЖБПҲда жамғарилган пул маблағлари қандай тўланади?
– Тўловларни олувчилар ўзлари мустақил равишда белгилайдиган муддат мобайнида ҳар ойлик жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишни ёки жамғариб бориладиган пенсия тўловларини бир йўла олишни танлаш ҳуқуқига эга (2.12.2004 йилдаги ЎРҚ-702-II-сон Қонун 19-м.).
Жамғариб бориладиган пенсия тизими аъзоси вафот этганидан кейин жамғарилган пуллар нима бўлади?
– ШЖБПҲда жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади (2.12.2004 йилдаги ЎРҚ-702-II-сон Қонун 17-м.). Бунинг учун меросхўр «Халқ банки»га меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиши лозим (26.12.1996 йилдаги ЎРҚ-343-I-сон Қонун 36-м., 26.12.1996 йилдаги ЎРҚ-343-I-сон Қонун 59-м.).
Маълумот учун!
Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларини қўллаган ҳолда ҚАЙТА ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан БЕЛГИЛАНАДИ.