Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 25-26 / Бухгалтерга ёрдам

Кирим касса ордери қандай расмийлаштирилади

 

Ташкилот кассасига нақд пул қабул қилинганда кирим касса ордери (ККО) расмийлаштиринг. Кассага топширилаётган пайтда уни бир нусхада ёзинг:

● сотишдан тушган нақд пул тушуми;

● ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш учун банк ҳисобварағидан олинган пул;

● ҳисобдор шахслар томонидан фойдаланилмаган суммалар;

● ходимлар қайтарган қарз суммалари ва зарарни қоплаш суммалари ва бошқалар;

● таъсисчилардан устав капиталига ҳисса шаклидаги, молиявий ёрдам ёки қарзлар;

● бошқа барча ҳолатлардаги нақд пуллар.

Кассадаги ККОлар билан тасдиқланмаган нақд пуллар кассадаги ортиқча пул ҳисобланади ва ташкилот даромадига киритилади.

 

ВАЗИЯТ. Талонлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга ташкилотнинг бланкалари тугаб қолди ва у талонлар ўрнига кирим касса ордерларидан фойдалана бошлади. Бу қонунийми?

Йўқ, бу қонуний эмас. Талонлар, билетлар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар қатъий ҳисобот шакллари ҳисобланади ва улар солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказилиши керак. Улар ККОда мавжуд бўлмаган бир қатор мажбурий реквизитларни (рақам, серия ва бошқа) ўз ичига олади. Шунинг учун аҳоли билан нақд пуллик ҳисоб-китобларда қатъий ҳисобот бланкалари ўрнига ККО квитанциясини бериш мумкин эмас.

 

ВАЗИЯТ. Харидор нашриёт офисида унга китоб сотишларини сўради. Нашриёт НКМга эга. ККО расмийлаштириш керакми?

Йўқ, керак эмас. Аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китобларни амалга оширишда барча сотувчилар НКМдан фойдаланишлари ва касса чекини беришлари шарт. Бундай ҳолда кирим касса ордери квитанциясини бериш шарт эмас. Иш куни охирида сотувчи Х-ҳисоботи, назорат тасмаси ва Z-ҳисоботи асосида тузилган битта кирим касса ордери билан барча тушган тушум пулларини кирим қилиши керак.

 

Агар сиз онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган бўлсангиз, назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш шарт эмас (6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон 3-б. «а» кичик б.).

Онлайн-НКМ ёки виртуал касса маълумотлар ҳақидаги ҳисоб-китобларни реал вақт режимида солиқ органларига ўтказишни таъминлайди (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1-илова, Низомнинг 2-б.).

 

Кирим касса ордерини расмийлаштириш кетма-кетлиги

Кассага нақд пул тушганда ККОни расмийлаштириш учун қуйидаги ҳаракатлар кетма-кетлигига риоя қилинг:

бухгалтерия бўлимида бўяб ёзиш ва тузатишларга йўл қўймасдан ККО ва унга квитанцияни қўлда ёки компьютерда бир нусхада тўлдиринг;

● кирим ордерларини рўйхатга олиш китобига ордерни рўйхатга олинг;

● унга ваколатли шахс ёки бош бухгалтер имзосини қўйдиринг;

● ташкилот муҳри билан тасдиқланг. Одатда, назорат қилиш учун муҳр изининг бир томони йиртиладиган квитанцияда, муҳр изининг иккинчи томони кирим касса ордерида бўлади.

Кассир нақд пулни қабул қилганда:

● ордернинг тўғри тўлдирилганини текширади – имзоларнинг мавжудлиги ва намунадагига мослигини, сўз билан ёзилган сумма рақамда ёзилгани билан мослигини, ордерда кўрсатилган ҳужжатлар мавжудлигини;

● қабул қилинган пулларни санаши. Агар ККОда кўрсатилган сумма билан мос бўлса, ордер ва квитанцияни имзолаши. Квитанциянинг қирқиладиган жойидан йиртиб олиб, уни пул келтирган шахсга бериши;

● ККОга илова қилинган ҳужжатларга ёзув қилиши ёки «Кирим қилинди» деган штампни босиши;

● ККОни касса дафтарининг кассир ҳисоботи ҳисобланган иккинчи варағига тикади.

 

ВАЗИЯТ. Кассага келтирилган пулларни санаганда кассир камомадни аниқлади. Бундай ҳолатда нима қилиш керак?

Агар келтирилган нақд пул суммаси ККОда кўрсатилган суммага мос келмаса кассир киритувчига камомадни ўрнига қўйишни таклиф қилиши керак. Камомадни ўрнига қўйишни рад қилса кассир қуйидагиларни амалга ошириши керак:

● киритувчига пулни қайтариши;

● ККОни бекор қилиши (кесиб чизиқ тортади) ва зарурат бўлганда янгисини тўлдиради;

● кассир ҳисоботига кесиб чизиқ тортилган ККОни тикиб қўйиши. 

 

Кирим касса ордери ким томонидан тўлдирилади ва имзоланади

ККО қуйидаги шахсларнинг бири томонидан расмийлаштирилади:

● бош бухгалтер ёки ташкилот раҳбари буйруғида белгиланган бошқа мансабдор шахс;

● раҳбар томонидан (бош бухгалтер йўқлигида). Агар ташкилотда бош бухгалтер бўлмаса, унинг вазифаларини раҳбар бажариши тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.

Агар бухгалтерия ҳисобини юритиш тўғрисида шартнома тузилган бўлса (ва ушбу шартномага кўра бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш кўзда тутилган бўлса):

● ихтисослаштирилган ташкилот билан ККОларни ушбу ташкилот ходими расмийлаштиради;

● жисмоний шахслар билан ККОни ушбу шахс расмийлаштиради.

Нақд пулни қабул қилишда ҳам ККОга кассир имзо қўяди.

Агар кассир мажбуриятлари буйруқ билан раҳбарга юклатилган бўлса, у мустақил касса операцияларини юритади, касса ҳужжатларини расмийлаштиради ва имзолайди.

 

Кирим касса ордерини қандай тўлдириш керак

ККО икки қисмдан иборат:

● кирим ордерининг ўзи;

● нақд пулни киритувчига бериладиган йиртиладиган квитанция.

Олдин ордернинг ўзини тўлиқ тўлдирасиз, кейин квитанцияни.

 

ККО реквизитлари


Нимани кўрсатиш керак


Корхона номи


Ордерни бераётган ташкилотнинг тўлиқ номи


Ҳужжат рақами


Ордер тартиб рақами. Рақамлар йил бошидан тартиб бўйича берилади


Ҳужжат санаси


Ордер кўчирмаси ва кассага нақд пулни қабул қилиш санаси


Корреспонденция счёти, субсчёти


Бухгалтерия счёти рақами, нақд пул маблағлари кредити бўйича ҳисобга олинади.

У операциянинг турига боғлиқ. Масалан, товарларни сотишдан тушум – 9020

Дебет


Бухгалтерия счёти рақами, нақд пул маблағлари дебети бўйича ҳисобга олинади.

Касса – 5010

Сўм, тийин суммаси


Кассага кирим қилинаётган пулнинг суммаси рақамларда. Масалан, 350 000,00


Белгиланган мақсад коди


Одатда чизиқча қўйилади. Аммо сиз чек дафтарчасига қўйган нақд пул ҳаракати бўйича касса символини кўрсатишингиз мумкин


Кимдан олинган


Кассага пул киритган шахснинг Ф.И.Ш.


Асос


Нақд пул тушиши асосида хўжалик операциясининг тавсифи. Масалан: «чакана тушум», «банкдан олинган пуллар», «қарзни қайтариш»


Сўм, тийин сатри


Кассага тушган сумма сўз билан бош ҳарфларда ёзилади – сўмларда, тийин – рақамларда. Масалан: «Бир юз йигирма минг сўм, 50 тийин»


Иловалар


Илова қилинган бирламчи ҳужжатларнинг реквизитлари, агар улар мавжуд бўлса


 

 

Бир вақтнинг ўзида кирим касса ордери билан унга квитанциясини ҳам тўлдиринг. Унда ККО маълумотларини такрорланг, ордердаги каби тўлдириш санаси ва рақамини бир хил қилиб қўйинг. Ордер маълумотлари ва квитанция маълумотлари бир бирига мос келиши керак.

 

Автоматлаштирилган ҳисоб-китобда ККОни қандай тўлдириш керак

Агар сиз (1UZ ёки 1Сдан ва бошқалардан) фойдалансангиз, ККО ва бошқа касса ҳужжатларини тўлдириш жараёни соддалашади. Бу дастурлар касса ҳужжатларини автоматик равишда тўлдириш имконини беради.

Дастурда ККОни шакллантиринг, унинг квитанциясига маълумотлар автоматик тарзда тўлдирилади. Кейин ККО ва квитанцияни бир нусхада чоп этинг.

Дастурдан фойдаланганингизда касса ҳужжатларини нотўғри тўлдириш эҳтимоли камаяди.

 

Қандай хатолар кирим касса ордерини ҳақиқий эмас деб топишга сабаб бўлади

Кирим касса ордерида қуйидаги хатоларга йўл қўйилиши мумкин:

● кассир штампи қўйилмаган.

Кассир пулни қабул қилиб олгандан кейин ордерга имзо қўяди, унга илова қилинган – «Кирим қилинди» штампини қўйиши керак;

● Ф. И. Ш. ўрнига банк номи ёзилган.

Кирим касса ордерида банк номини эмас, балки пулни кассага киритган шахснинг Ф. И. Ш.ни кўрсатишингиз керак. Агар пулни банкдан кассир олиб келган бўлса, у ҳолда унинг маълумотларини кўрсатинг;

● тузатишлар киритилган бўлса.

Ордерни тўлдиришда унга тузатишлар киритиш мумкин эмас, яъни тузатувчи билан ёки бошқа шаклда ёзувларни ўзгартириш. Агар хатога йўл қўйган бўлсангиз, унда янги ҳужжатни расмийлаштиринг. Бузиб тузилган бланкани бекор қилинг ва уни касса ҳисоботига илова қилинг;

● киритилган сумма билан кирим ордеридаги сумма мос эмас.

Кирим ордеридаги сумма киритувчи томонидан киритилган сумма билан мос келиши керак. Агар қандайдир сабабларга кўра ордердаги сумма ҳақиқатда киритилган суммадан фарқ қилса, унда янги ордер расмийлаштиринг;

● ККОдаги сумма тушунарсиз қилиб ёзилган.

У ҳеч қандай бўяб ёзишларсиз ва тузатишларсиз аниқ ва тушунарли қилиб ёзилиши керак;

● квитанциядаги маълумотлар кирим ордеридаги маълумотларга мос эмас.

Квитанциядаги маълумотлар ордердаги маълумотларга мос келиши керак. Бу ҳамма маълумотларга тегишли: суммалари, асослари, имзолари ва санаси;

● кассага пул киритилишининг сабаби кўрсатилмаган.

Кирим касса ордерида қисқа ва аниқ қилиб пулнинг кассага киритилиш сабабини кўрсатинг. Масалан: «10.04.2023 йилдаги 5-сонли бўнак ҳисоботи бўйича ҳисобдор Аҳмедов И. қайтарган маблағ»;

● бош бухгалтер имзоси мавжуд эмас.

Ордерга бош бухгалтер ёки молиявий бошқарув ва бухгалтерия ҳисоби вазифаларини амалга оширувчи шахснинг имзоси қўйилган бўлиши керак. Акс ҳолда кассир томонидан ордер ижро учун қабул қилинмаслиги керак.

 

ВАЗИЯТ. ККОни тўлдиришда хатога йўл қўйилган. Бу ҳолатда хатоликни қандай тузатиш мумкин?

Хатони ККОнинг ўзида тузатиш мумкин эмас. Уни янги бланкада қайта ёзинг. Бузиб тузилган ордерни бекор қилинг ва касса ҳисоботига илова қилинг.

 

Кирим касса ордерларини сақлаш муддати қандай

Бирламчи ҳужжатларни ҳисобот давридан кейинги камида 5 йил мобайнида сақланг. Бу Солиқ кодексининг 79-моддаси 1-қисмидан, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасидан, «Ўзархив» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бошқарув ҳужжатларининг Намунавий рўйхатидан келиб чиқади.

 

ВАЗИЯТ. 2018 йил январда ёзилган кирим касса ордери бухгалтерияда сақланмоқда. Уларни йўқ қилиш мумкинми?

Бундай вазиятда ККОларни 2024 йилдан олдинроқ йўқ қилиш мумкин эмас.

Йўқ қилиш учун ҳужжатларни танлашда ҳужжатларнинг қимматлилиги юзасидан экспертиза ўтказинг. Бунинг учун раҳбарнинг буйруғи билан ташкилот мутахассисларидан ташкил топган раҳбар раислигидаги ёки унинг ўринбосари иштирокида экспертиза комиссиясини тузинг.

 

Давлат архивининг вакилини комиссия таркибига киритишингизни тавсия қиламиз. Маълумот учун қабул қилинг, ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси ва архив ҳужжатларини депозитар сақлаш хизматлари тўлов асосида амалга оширилади. Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси ўтказилгандан кейин далолатнома тузинг, унда йўқ қилинадиган ва сақланадиган ҳужжатлар рўйхатини кўрсатинг. Фақат йўқ қилиниш учун белгиланган ҳужжатларгина йўқ қилиниши мумкин.

 

Асал ҲОШИМОВА, МВ Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти департаменти директори ўринбосари,

Дилором САИДОВА, «Norma» МЧЖ эксперти. 

Прочитано: 1246 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика