Жорий йилнинг 5–9 июнь кунлари Жаҳон божхона ташкилотининг штаб квартирасида уйғунлашган тизимга ўзгартириш киритиш юзасидан ўтказилган сессияда илк бор Ўзбекистон Республикасининг мутасадди вакиллари иштирок этди.
Халқаро сессия кун тартибига қўйилган масала юзасидан Ўзбекистон божхона хизмати номидан Марказий божхона лабораторияси бошлиғи ўринбосари, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бошқармаси бошлиғи Рустам Мурзаев қатнашди.
Кун тартибига қўйилган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати вакиллари томонидан Уйғунлашган тизим бўйича товарларни тавсифлашда муаммоли бўлиб келаётган товарлар бўйича бир қатор таклиф ва тушунчалар берилди.
Сессияда иштирок этган аъзо давлатлар томонидан товарларни тавсифлашда муайян муаммолар мавжудлиги ва шу сабабли Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлашган тизими тўғрисидаги Халқаро конвенция иловасига қўшимчалар киритиш лозимлиги қўллаб-қувватланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур Халқаро конвенция 1983 йил 14 июнда Брюсселда қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси унга 1998 йил 29 августда қўшилган.
2021 йилнинг ноябрь ойида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Марказий божхона лабораториясига «Минтақавий божхона лабораторияси» мақоми берилган. Сўнгги йилларда лабораторияни жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кўрилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида лаборатория «Халқаро ISO сертификати»ни ҳам қўлга киритган.
Шунингдек, сессия давомида ўтказилган учрашувларда долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Р.Мурзаев Жаҳон божхона ташкилоти Тариф ва савдо секретариати директори Гаэл Гробби ва Америка Қўшма Штатлари божхона хизмати вакиллари билан учрашув ўтказди. Тадбир доирасида Р.Мурзаев томонидан ТИФ ТН кодларини таснифлаш ва дастлабки қарорлар қабул қилинишини такомиллаштириш борасида ЖБТ, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Европа Иттифоқи, Россия Федерацияси, Хитой, Канада давлатлари вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилди.
Асосий эътибор ЖБТ Минтақавий лабораторияси мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясини янада такомиллаштириш масалаларига қаратилиб, бу ерда янги экспертиза ўтказиш йўналишлари ҳам фаол муҳокама қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон Республикасида Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг давлат тилидаги таҳрири ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган эди.
Нурбек САЛОМОВ,
Божхона қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари.