Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 21 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Яшил энергия» сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-436-сон қарорига асосан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш мақсадида:

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг электр энергиясининг қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи «яшил энергия» сертификатлари тизимини босқичма-босқич:

2023 йил 1 июлдан бошлаб – «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти тизимидаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун;

2023 йил 1 октябрдан бошлаб – қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

бир дона «яшил энергия» сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1 000 кВт*соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди;

«яшил энергия» сертификатлари тизимини юритиш, хусусан генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш, «яшил энергия» сертификатларини чиқариш, генерация объектларига бериш ва уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш бўйича масъул орган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (эмитент) ҳисобланади;

«яшил энергия» сертификатлари фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киради, эркин муомалада бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда ёки усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказилиши мумкин;

«яшил энергия» сертификатлари электр энергияси сотилганда ёки бундай сотувга боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳам бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин;

генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш, ноёб идентификация рақамига эга бўлган «яшил энергия» сертификатларини чиқариш, уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш «Яшил энергия» сертификатлари ягона электрон платформаси орқали халқаро стандартлар талаблари асосида амалга оширилади;

«яшил энергия» сертификатларини чиқариш, бериш, ҳисобдан чиқариш ва уларнинг айланмаси билан боғлиқ муносабатларга қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этилмайди.

3. 2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга ваколатли органлар томонидан белгиланадиган, энергия сарфи ҳажмидаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган энергия улушини ошириш бўйича талабларни бажаришда етишмаган энергия улушини тегишли миқдордаги «яшил энергия» сертификатлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқи берилсин.

4. Қайта тикланувчи манбалардан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг «яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлари фойда солиғидан озод этилсин.

«Яшил энергия» сертификатларини харид қилишга доир харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига кириши маълумот учун қабул қилинсин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

«Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича молия вазирлари коалицияси»га аъзо бўлиш бўйича музокаралар олиб борилиши ҳамда белгиланган тартибда коалицияга аъзо бўлиш тўғрисидаги шартномани тузиш бўйича таклиф киритилишини;

халқаро даражада тан олинадиган «яшил энергия» сертификатлари тизимини жорий қилишга кўмаклашиш учун икки ой муддатда Халқаро қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаш ташкилоти (I-REC) билан келишувга эришиш ҳамда ушбу тизимни тартибга солувчи масъул орган (эмитент) сифатида ушбу ташкилот аккредитациясидан ўтишни;

«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2023 йил 15 июнга қадар I-REC кўмагини жалб қилган ҳолда «Яшил энергия» сертификатлари ягона электрон платформасини ишга туширишни;

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан биргаликда биржа савдоларида «яшил энергия» сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида «яшил энергетика секцияси» ташкил қилинишини таъминласин.

«Яшил энергия» сертификатлари ягона электрон платформасини ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасидан молиялаштирилсин.

6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва «яшил» ўсиш тамойилларини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларида иссиқхона газлари ташланмаларини қисқартириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида халқаро донор ташкилотларнинг техник кўмагини жалб қилган ҳолда вазирлик тизимда давлат муассасаси шаклида «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офисини ташкил этсин.

Лойиҳа офисини ташкил этиш, фаолиятини йўлга қўйиш ва уни олиб бориш билан боғлиқ харажатлар муассиснинг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилансин.

7. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи «Яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлансин:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчилар (генерация объектлари) ва уларнинг харидорларини (иштирокчиларни) рўйхатдан ўтказиш тартиби;

«яшил энергия» сертификатларини чиқариш, уларнинг савдосини амалга ошириш тартиби;

«яшил энергия» сертификатларидан фойдаланиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби.

8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д.Кудбиев ҳамда энергетика вазири Ж.Т.Мирзамаҳмудов белгилансин.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш ҳамда ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 12 май

ПҚ-156-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.05.2023 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 263 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика