Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 14 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Саноат зоналари ва ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Сўнгги йилларда ҳудудларда махсус иқтисодий зоналар, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (кейинги ўринларда – саноат зоналари) фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базаси шакллантирилди, маъмурий функцияларни номарказлаштириш, махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва ягона дирекцияларининг ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини бошқариш механизми соддалаштирилди.

Шу билан бирга, саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштиришда, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ажратишда, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда қўшимча яратилган имкониятлардан саноат зоналари дирекциялари тўлиқ фойдалана олмаётганлиги уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Саноат зоналарининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада соддалаштириш, инвестициялар жалб қилиш учун шароитларни яхшилаш, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлаш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш майдонларини биринчи босқичда 3 қават, келгусида 5 қаватгача қуриш имконини берувчи лойиҳалар асосида барпо этиш;

«Нукус технопарки» махсус саноат зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар чегараларини «Нукус» эркин иқтисодий зонасидан чиқариб ташлаш;

ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни молиялаштириш;

ҳудудларда Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар тугатилиши муносабати билан уларнинг ваколатларини махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ва ягона дирекцияларга ўтказиш;

саноат зоналари ҳудудида ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ажратиш тартиби белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳужжатларини мувофиқлаштириш;

ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёшларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратиш.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоқ-агро» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 22 февралдаги 89-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш.Қудратов ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Б.Абдурахмонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 13 март

105-сон.

ЎзР ВМнинг 2023 йил 13 мартдаги 105-сон қарорига
ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Нукус» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 22 ноябрдаги 941-сон қарорига 1-илованинг 5-ер участкаси бўлими қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5-ер участкаси

1-бошланғич нуқта Нукус шаҳридаги «Нукус ун заводи» корхонасидан жануби-шарқий томондан 610 метр масофада, саноат зонаси ҳудудида жойлашган.

1-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб шарқий йўналишда 589,78 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.

2-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб жануби-шарқий йўналишда 792,6 метр масофада ­3-нуқтагача давом этади.

3-нуқтадан чегара Нукус шаҳридаги «Нукус-полимер» корхонаси томонга шимолий йўналишда 430,5 метр масофада 4-нуқтагача давом этади.

4-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб жануби-ғарбий йўналишда 1219,2 метр масофада ­5-нуқтагача давом этади.

5-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб ғарбий йўналишда 435,1 метр масофада 6-нуқтагача давом этади.

6-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб шимолий йўналишда 862,56 метр масофада 7-нуқтагача давом этади.

7-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб шарқий йўналишда 425,42 метр масофада 8-нуқтагача давом этади.

8-нуқтадан чегара Нукус шаҳрининг саноат зонаси ҳудуди бўйлаб шимолий йўналишда 731,13 метр масофада 1-нуқтагача давом этади».

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 10 майдаги 294-сон қарорида:

а) 1-иловада:

8-банд «бошқармалари бошлиқлари» сўзларидан кейин «Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар (кейинги ўринларда – Ягона дирекциялар) билан биргаликда» сўзлари билан тўлдирилсин;

9 ва 10-бандларнинг биринчи хатбошиларидаги «Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бошқармалари» сўзлари «Ягона дирекциялар» сўзларига алмаштирилсин;

3-боб ва 22-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

26-бандда:

«ишчи гуруҳининг тавсиясига асосан» сўзлари чиқариб ташлансин;

қўйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ёшлар саноат зоналари ҳудудида қуриладиган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бинолари биринчи босқичда 2–3 қават қилиб, келгусида 5 қаватгача қуриш имконини берувчи лойиҳалар асосида барпо этилади»;

29-банддаги «Ишчи гуруҳлар» сўзлари «Ягона дирекциялар» сўзлари билан алмаштирилсин;

31-банддаги «ишчи гуруҳлар аъзолари» сўзлари «Ягона дирекциялар» сўзлари билан алмаштирилсин;

Низомга 1-илованинг матни куйидаги таҳрирда баён этилсин:

«






Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш ва молиялаштириш

СХЕМАСИ






Масъул орган



Тадбирлар



Кўриб чиқиш муддати







I. Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш








Ёш тадбиркорлик субъекти



Инвестиция лойиҳасига доир таклифларини ишлаб чиқади.



Реал вақт режимида







Лойиҳалар фабрикаси



Ёш тадбиркорлик субъектининг лойиҳа-таклифлари асосида лойиҳа бизнес-режасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатади.



10 календарь куни ичида







Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар



Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкаларини лотларга ажратган ҳолда, электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш учун «Yerelektron» ААТга киритади.



10 календарь куни ичида







Ёш тадбиркорлик субъекти



«E-auksion» савдо майдончаси орқали ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидан ер участкасини сотиб олиш учун ариза киритади



Реал вақт режимида







II. Ишлаб чиқариш биноларини лизинг ва ижара асосида ажратиб бериш тартиби







Ёш тадбиркорлик субъекти



Ишлаб чиқариш биноларини лизингга ёки ижарага олиш бўйича масъул тижорат банкига мурожаат қилади.



Реал вақт режимида







Тижорат банки



Ёш тадбиркорлик субъектига миллий валютада йиллик ўсими (фойдаси) 14 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда ишлаб чиқариш биноларини 7 йилга лизингга ажратиш бўйича ёш тадбиркор билан шартнома имзолайди.



10 календарь куни ичида







III. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириш







Ёш тадбиркорлик субъекти



Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида тегишли тижорат банкига мурожаат қилади ва белгиланган ҳужжатлар тўпламини тақдим этади.



Реал вақт режимида







Тижорат банки



Жамғармадан молиявий ресурслар олиш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бош келишув тузади ва маблағ ажратиш бўйича буюртманома киритади.



Ёш тадбиркорлик субъекти аризаси қабул қилингандан кейин







Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги



Тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш Жамғармадаги мавжуд маблағлар доирасида, миллий валютада 10 фоиз ставкада, хорижий валютада 2 фоиз ставкада амалга оширилади.



10 банк иш куни ичида







Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги



Тижорат банклари томонидан киритилган буюртманомани кўриб чиқади ва кўриб чиқиш якуни бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида тижорат банкига билдиришнома юборади.

Билдиришномада молиявий ресурслар (тўлиқ ёки қисман) ажратилиши ёки рад этилиши сабаблари кўрсатилади.


10 банк иш куни ичида







Тижорат банки



Тижорат банки молиявий ресурс ажратилиши кўрсатилган билдиришномани олган кундан бошлаб, белгиланган тартибда ёш тадбиркорлик субъекти билан ҳужжатларни расмийлаштиради.

Молиявий ресурс ажратилиши рад этилган ҳолларда бу тўғрисида буюртманома берган ёш ташаббускорга маълум қилади.


3 банк иш куни ичида







Ёш тадбиркорлик субъекти



Молиявий ресурс ажратилиши рад этилганда «Лойиҳалар фабрикаси» билан биргаликда мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда инвестиция лойиҳасини янада пухта ишлаб чиқади ва тегишли тижорат банкига такроран тақдим этади.



Реал вақт режимида







Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар



Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил этиш, уларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлигини мувофиқлаштириб боради.



Ҳар ойда


 

Низомга 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) 2-иловада:

5-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни молиялаштириш»;

8-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан молиявий ресурслар тижорат банклари томонидан бир ёш тадбиркорлик субъекти учун бир йўла 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан юқори ва 500 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда 7 йилгача муддат билан тақдим этилади»;

учинчи–олтинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи–еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

тўртинчи хатбошидаги «100 минг АҚШ доллари» сўзлари «500 минг АҚШ доллари» сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги 271-банд билан тўлдирилсин:

«271. Жамғарма ҳисобидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида бир йўла бир ёш тадбиркорлик субъекти учун 1 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.

Бунда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг танлов натижалари ҳужжатлари ва грант ажратиш бўйича шартнома илова қилинган хати Жамғарма ҳисобидан грант ажратиш учун асос ҳисобланади.

Грант ажратиш бўйича намунавий шартнома Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида уч томонлама келишилади ҳамда Ҳукумат комиссияси қарори билан тасдиқланади».

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.03.2023 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 177 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика